Қирғизистон: Сайловолди кампаниясида 18 нафар президентликка номзод иштирок этмоқда

Қирғизистон: Сайловолди кампаниясида 18 нафар президентликка  номзод иштирок этмоқда
138 views
16 December 2020 - 12:02

Қирғизистонда 15 декабрдан президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти бошланди. Кампания 2021 йил 9 январигача давом этади, 10 январь куни эса мамлакатда муддатидан аввалги президент сайлови бўлиб ўтади.

Ўзбекистонга қўшни бўлган бу мамлакатда президентлик курсиси учун 18 нафар номзод кураш олиб боради. Уларни рўйхатга олиш муддати 15 декабрга ўтар кечаси тугаган.

Давлат раҳбари лавозимига даъвогарлар ичида Қирғизистонда октябрь ойида содир бўлган воқеалар ортидан ҳокимият тепасига келган Садир Жапаров ҳам бор. У сайловда иштирок этиш учун президент в.б. ва бош вазир ваколатларини топширган.

Президентлик учун курашга отланганлар орасида “Бутун Қирғизстан” (“Яхлит Қирғизистон”) партияси раиси Адахан Мадумаров, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раҳбари Абдил Сегизбаев, мухолифатдаги “Реформа” (“Ислоҳот”) партияси лидери Клара Сўўрўнқулова, парламентнинг собиқ спикери Қанат Исаев ва ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Қурсан Асановлар бор.

Овоз бериш кунида Қирғизистонда 2475 та сайлов участкаси фаолият юритиши кутилмоқда. МСКнинг дастлабки маълумотларига мувофиқ, овоз беришда иштирок этадиган сайловчилар сони 3 миллион 544 минг 403 нафарни ташкил этган.

Манба: ozodlik.org