МАНДАРИН МАФИЯСИ, ЁКИ ТОШКЕНТ СИТИГА КИРИШ НЕГА ПУЛЛИК БЎЛДИ?

МАНДАРИН МАФИЯСИ, ЁКИ ТОШКЕНТ СИТИГА КИРИШ НЕГА ПУЛЛИК БЎЛДИ?
106 views
18 December 2020 - 9:19

Хуллас, аслида бу иккала мавзу хақида ҳам ёзиш ниятим йўқ эди. Аммо шу икки кун ичида содир бўлган воқеалардан сўнг ёзмасам бўлмаслигини англадим.

Кеча Юнусобод бозорида аянчли ходисанинг гувоҳи бўлдим. Юпунгина кийинган озғин аёл ” мандариииин” деб йиғлаётган беш ёшлар чамасидаги боласини судраб, овутишга ҳаракат қиларди:
-Пулим йўқ ахир болам, тўғри тушунгин. Ҳамманинг ичида изза қилма…

-Мандариииин…

Ҳаммасини тушундим. Бола бечоранинг егиси келган. Уларни тўхтатдим. Ариллаб йиғлаётган болани юпатишга кучим етмаслигини англаб, онасига шу ерда беш дақиқа кутиб туришларини илтимос қилдим. Мандариндан ярим килоча торттириб уларнинг олдига қайтдим. Хали юпанмаган болакай ўзига узатилган халтани кўриб кўзлари порлаб кетди. Онаизор эса узр сўраб, шошганча халтадан тўрт дона мандарин чиқариб қолганини қайтариш ниятида. Рад этиб, аллақачон мандаринни биттасини мириқиб еяётган боланинг бошини силадим.
-Ош бўлсин!
У чучук тилда рахмат айтар экан, онанинг кўзида ёш халқаланди:

  • Аксига олиб, бор пулимга картошка, пиёз оволибман, бунга тушунтира олмадим. Пластигимдаги ҳам коммунал тўловларга кетиб қолганди…
    -Хижолат бўлманг синглим, ҳаммада бўп туради.
  • Мандаринлар ўта қимматлаб кетибди-а опа. Айниқса майдаси. Ўтган хафта коттароғидан икки донагина оберсам нордонроқ экан ёқмади. Болалигимизда яшиклаб ердик…
    Шу вақт мандарин еб турган бола тўхтаб онасининг енгидан тортди:
    -Ойи йўлда келаётган мандаринларни тўсиб, олиб қўяётган мафия хақида ҳам айтиб беринг. Сиз кичкиналигингизда унақа очопат мафиялар бўлмаганми?

Беш ёшли болакайнинг гапига аввал хайрон бўлдим, сўнг кулиб юбориб жувонга қарадим. У озроқ ўнғайсизланиб хижолатланиб шивирлади:
-Болада опа, эътибор берманг. Ану куни ҳам йиғлаганда ноилож шу чўпчакни айтиб қутулгандим. Бугун кўриб турганингиздек номерим ўтмади. Ўзи мандаринчиларга яқинлаштирмоқчи эмасдим. Узоқдан кўриб ўша томонга югурди… Ҳар куни эзиламан. Опаси ҳам Янги йил дастурхонида албатта кўўпкина мандарин бўлишини қайта-қайта эслатади. Кутяпти…

Ичи тўлиб турган жувон билан яна бир муддат суҳбатлашиб турдик. Бояқиш турмуш ўртоги қурилишда вафот этганидан тортиб, касалманд кайнонаси, ногирон қизи, паст ёнаётган газию, умуман исимаяётган қувурлари хақида ёрилди… Лекин орияти жуда кучли экан. Боласига кўрсатмай озроқ пул берсам олмади. Кўринишидан энг камида сурункали гастрит, колит ва ўт пуфаги, жигар хасталикларидан дард чекаётган она ғурурини устун қўйди. Фақат бир донагина эртак китобимга қувониб қўл чўзди:
-Ёзувчимисиз опа?
-Ха. Аммо сиз мендан кучлироқ экансиз. Зўр мавзу топиб бердингизку. “Мандарин мафияси” деган қисса ёзаман.
Бола бунга чиппа -чин ишониб, қўлимдан тортди:

  • Кейин уни кино қилсангиз мен рол ўйнайман. Ўша мафияни адабини бераман. Кейин мандаринлар роса орзон бўлади. Ҳамма болалар тўяди. Рахмат хола, қолганини опамга оворсам майлими?
    Унга бош ирғадиму, кўзимда халқаланган ёшни аранг яширдим.
    Кечгача она-бола хақида ўйладим. Ўтирсам ҳам, турсам ҳам мандарингина эмас, умуман олганда саломатлик учун зарур махсулотларга тўймаётган минглаб болалар, ноиложликдан турли чўпчаклар тўқиётган ота-оналар ҳаёлимдан кетмади.
    Балки ростдан ҳам шундай мафиялар бордир? Нега бўлмасин! Шахсан ўзим Туркиянинг Мерсин шахрида мандарин фабрикасида бўлганман. Янаям аниқроғи чексиз боғлардан тўпланадиган беш -олти ҳил навдаги мандаринлар сараланиб бошқп ўлкпларга юбориладиган жой. Бу цитруснинг ( ширин, майдароқ нави ҳам шу нархда) кўтара нархи килоси 2,5 лира эди. Агар буни долларга чақсак 0,30, сўмимизга ағдарсак 3100 сўм экан. Қизиқишдан бошқа -мандарин етиштирадиган давлатлардаги нарх- навони суриштирдим. Худди шундай омборларлардаги нархлар деярли фарқ қилмади. Кейин мандарини йўқ давлатлардаги нархга қизиқдим. Европада ўқийдиган Ўзбекистонлик талаба ” Килосини бизни пулга 10000 сўм атрофида олиб едик” деб ёзибди. Энг қиммати 3,5$.

Хатто қўшниларимизда ҳам агча арзон. Шундай экан, биздаги отнинг калласидай нархлар қаердан пайдо бўлди?! Нордон навларигина 25000-30000 сўм. Яъни 2,5-3 доллар. Халқ тилида “Медунок” дейилгувчи, яшил баргчалари билан қўшиб сотилувчи, болажонлар яхши кўрувчи майдароқ мандаринчалар эса икки, уч баробар қиммат! Нега? Қизиқиш учунгина гуглни титкилаб кўринг, мандариннинг Ватани бўлмиш Хитойдан тортиб Ўрта ер денгизи бўйларигача қиммат сотилишга асос бўлгувчи нархлар йўқ! Хатто пандемия даврида ҳам хосилни йигиб теришда муаммо бўлмаган. Мандаринлар аъло даражада. Чунки уларга короновирус юқмайди! Тушунаман. Тез бузилувчи махсулотни нозик транспортировкаси, , божхона тўлови бор. Аммо шундай бўлган тақдирда ҳам, уни 45000— 60000 сўмдан- яъни кўтара нархидан 15-18 баробар қиммат сотиш қайси мезонга тўғри келади?! Агар муаммо божларда бўлса уларни тахлил қилиш, пасайтириш вақти келмадими? Жуда бўлмаса чегараларни очиб қўйинглар қўшниларимизнинг мандаринидан еб келамиз
Йўғон чўзилиб, ингичга узилаётган синовли даврларда инсоф парчаланиб кетмаяпдими?!
Тўғри, ўзимизнинг ҳам минг бир дардга даво меваларимиз кўп. Аммо табиатан мандаринни яхши кўрадиган ва қишни усиз тасаввур қилмайдиган болалар организми уни талаб қиладику! Чунки мандариннинг 80% сувдан иборат бўлса ҳам, қолган 20% ида инсон саломатлиги учун муҳим гликозид, туз, кислоталар ва шифобаҳш эфир мойлари бор. Ҳар қандай цитрусда бўлгани каби мандаринда ҳам қахратон қишда жудаям асқотувчи катта миқдорда С витамини мавжуд. D, K , A, P каби бошқа дармондорилар, кальций, магний каби организмга зарур кимёвий элементлар кони. Газсиз, совуқ уйларда яшовчи, ухлаганда ҳам тўрт-беш қават кийимини ечмайдиган, сурункали касалликлари расмий статистикада анча пасайтириб кўрсатилаётган қоракўзларимиз ҳам мандаринни яхши кўришади. Сабаби у бир қанча касалликларда беминнат шифокор. Болаларнинг иммунитетини кўтаради. Уларни асаб тизимига ҳам ижобий таъсир этади. Чунки мандарин таркибидаги элементлар фарзандларимизнинг кайфиятини кўтаради.
(Мандарин нафақат болалар, катталарга ҳам фойдали эканини айтмаса ҳам бўлади( диабет, ўпка касалликлари, ортиқча вазн, депрессия каби ўнлаб дардларга даво)

Хўш, шундай шифобаҳш мевани фақат мафиянинг болалари ейдими? Ёки килолаб олишдан оғринмаётган бойваччаларнинг дилбандларими? Қолган болалар ердан чиққан қўзиқоринми?!
Бозорда чиройли саватларни турли ноз-неъматларга тўлдириб, (энг кўпи апельсин, мандарин) рўйҳатдаги амалдорларнинг исм-шарифлари бўйича тарқатаётганлар ўша атрофда “мандарииин” деб йиғлаётган болаларни ҳам кўришадими, эшитишадими?

Хуллас, битта мандарин баҳона анча дардларим қўзиди. Бугунги оламшумул хабарга эса кўзим тушмаган экан, хайратдан кўзлари бақрайган Бекзодам чуқур ух тортиб савол берди:
-Ойи, энди Тошкент ситига кириш ҳам пуллик бўладими?
Нима дейишни билмадим. Чунки ҳаёлим айқаш-уйқаш: икки боласини чўктиришга оворган ақли калта она, акасини пичоқлаган ака, неварасини зўрлаган бобо, гўдагини сотмоқчи бўлган она хақидаги хабарлардан дилим вайрон эди. Жамият нега бунчалик тубанлашди? Телевизор, тадбирларда ўйин -кулги. Янги Ўзбекистонда яшаб учинчи ренесансни олқишлаётганлар. Реал ҳаёт эса фожеаларга тўла… Яна бир ташвишли хабар 2040 йилга бориб саратон билан касалланганлар сони 47% га ошаркан. Юмшоқроқ ёзишибдику! Агар шундай давом этса: қимматчилик, танқислик туфайли қирилиб кетмаслигимизга кафолат борми?! Африканинг қолоқ давлатлари даражасида ойлик олсагу, Европанинг нарх-навоси билан яшасак. Мантиқ қаерда?!

Саволини иккинчи марта такрорлагачгина у ишора қилган планшетдаги хабарни ҳеч бир хиссиз ўқидим. Кечаги воқеа эсимга тушиб аччиқ кулимсираб жавоб бердим:
-Албатта! Чунки Ватанимизни мафия деган жохил тўдалар бўлиб олган. Сотилмаган, таланмаган ҳеч нарса қолмади. Пойтахтни марказий, энг чиройли ерлари ҳам мафиянинг қўлида.

Қуриб қўйган уйлари сотилмаётганидан хавотирланиб, “ҳеч бўлмаса уларга қараётган оми халқни шилайлик” деган қарорга келишибди. Бу тўлов- кўз хаққи болам!

Муаззам Иброҳим