Уйғурлар нишонда эмас, энди мол-қўй ҳалол сўйилмайдими?

Уйғурлар нишонда эмас, энди мол-қўй ҳалол сўйилмайдими?
96 views
18 December 2020 - 15:15

Уйғурлар нишонда эмас, энди мол-қўй ҳалол сўйилмайдими? – Бу гал Хитойнинг гигант Alibaba си раддия билан чиқди. Европа Иттифоқи Маҳкамаси мусулмонлар ва яҳудийларнинг кескин эътироизига сабаб бўлган қонунни дастаклади. Халқаро дайжест.

Alibaba ва раддия

Хитой электрон тижорат гигантининг иддао қилишича, юзни аниқловчи технологияси уйғурларга қаратилмайди.

Ширкатга кўра, ўз технологиясининг муайян этник гуруҳни нишонга олиш ёки аниқлашда қўлланишига изн бермайди.

Бундан аввал Alibaba нинг контентни модерация қилувчи технологияси уйғурларни топиб бериши мумкинлигига оид хабарлар чиққанди.

Ширкатнинг айни мазмундаги баёноти ана шу хабарлар ортидан бўй кўрсатган.

Alibaba бу каби хабарлардан “ташвишга тушганликлари”ни билдирган.

“Ўзлари таклиф қилаётган маҳсулотлардан ҳар қандай миллий ёрлиқ олиб ташлангани”ни даъво қилган.

Ширкатнинг иддао қилишича, ўз технологияларидан бу шаклда фойдаланилишини ҳеч қачон мақсад қилишмаган.

АҚШ да жойлашган IPVM кузатув-тадқиқот ширкати яқинда янги ҳисоботини эълон қилган.

IPVM ўз ҳисоботида Alibaba нинг веб-сайтлар учун мўлжалланган контентни модерация қилиш Cloud Shield хизматида уйғурларни аниқлашга қодир дастур пайдо бўлгани ҳақида ёзган.

АҚШ ширкатига кўра, ўз ҳисоботларини чоп этаётган пайтда бу дастур хизматдан йўқолиб қолган.

Шу ҳафта бошида Хитойнинг яна бир йирик ширкати – Huaweiнинг Европадаги коммуникация менежерлари ишдан кетишган.

Бунга Huaweiнинг ҳам мусулмон уйғурларни кузатишдаги ролига оид хавотирлар сабаб бўлган.

Мусулмонлар ва яҳудийлар норози

Европа Иттифоқи Маҳкамаси ҳайвонларни ҳушсизлантирмай сўйишга қўйилган тақиқни ёқлади.

Бельгиянинг бу тақиқи мамлакатдаги мусулмонлар ва яҳудийларнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлиб келади. Улар ўз эътиқод эркинликлари чекланганидан шикоятда.

Тақиқ ҳалол йўлда сўйилувчи ҳайвонларнинг ҳам аввал электр шоки билан ҳушсизлантирилишини талаб қилади.

Ҳайвонларнинг диний қоидаларга кўра сўйилишига қўйилган тақиқ Бельгиянинг Фламанд минтақасида ўтган йил бошида кучга кирган.

Фламанддан бир неча ой ўтиб, Бельгиянинг жанубий Валлония вилояти ҳам бу тақиқни қўллашга қарор қилган.

Қонун ташаббускорлари буни ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоялаш билан изоҳлашган.

Тақиқни ҳимоя қилишаркан, сўйишдан аввал электр токи билан ҳушсизлантирилганда, ҳайвоннинг ҳали тирик бўлишини айтишган.

Орада янги қонундан норози мусулмон ва яҳудийларнинг Бельгия Конституцион судига арз қилишганига оид хабарлар олинган.

Ўшанда, агар суд уларнинг арзларини қабул қилса, бу ишни Европа Иттифоқи Суди кўриб чиқиши айтилганди.

Ислом Бельгияда насронийликдан кейин иккинчи йирик дин саналади.

Имконли бўлган манбаларда Бельгиядаги мусулмонларнинг сони тахминан 600 минг атрофида экани айтилади.

Мусулмонлар ва яҳудийларнинг диний қоидаларига кўра, ҳайвон ҳушсизлантирмай, бўғзига ўткир пичоқ тортиб сўйилади. Шу тариқа сўйилган ҳайвон гўштигина улар учун ҳалол саналади.

Европа Иттифоқи қонунчилигига ҳам мувофиқ, сўйишдан аввал ҳайвоннинг ҳушсизлантирилиши тақозо этилади. Аммо бу гўшт мусулмонлар ва яҳудийларга мўлжалланмайди.

Суд бу каби талаб мусулмон ва яҳудийларнинг ҳуқуқларини чеклашини эътироф этган, диний қоидаларни маън этмаслигини айтган, “диний эътиқод эркинлигига дахл қилиши” масаласига келганда, Бельгия қонунчилиги “Европа Иттифоқи томонидан тан олинган умумий манфаатлар, айнан ҳайвонлар ҳимоясини кучайтириш”га жавоб беришини айтган.

Қарорда айтилишича, Фламанд парламенти илмий далилларга таянган, улар “ҳайвонни ҳушсизлантириш – уни ўлдиришдан аввал азобларини енгиллатишнинг энг яхши усули” эканига далолат қилган. Бельгиядаги қонун ҳайвонлар ҳимояси ва диний эътиқод эркинлиги ўртасида “адолатли мувозанат сақлаш”га имкон берган.

Бельгияда қонун кучга кирган пайтда эса, мусулмонлар ва яҳудийлар миллатчилар ундан муҳожирларга қарши кайфиятларни кучайтиришда фойдаланишлари мумкинлигидан ҳам жиддий хавотирларини изҳор этишган.

Манба: bbc.com/uzbek