КЎЧМАНЧИ ЎТРОҚЛИК ҲАҚИДА

КЎЧМАНЧИ ЎТРОҚЛИК ҲАҚИДА
44 views
19 December 2020 - 12:32

Инқилоблар табиати ҳақида ўйлайман. Туркистон халқлари ичида қирғизларнинг ўз юртида инқилоб қилиш уқувидан ҳайратланаман. Қиргизларда, ўзбек халқи тили билан айтганда: “қачон қарасанг – бир инқилоб”… Албатта, бу инқилобларнинг натижаси ҳақдаги мулоҳазалар – бошқа мавзу. Ҳар ҳолда, Қирғизистонда Ўзбекистондаги сингари зулм йўқлигини ҳамма билади.

Ўзбекистон билан Қирғизистоннинг ўхшаш томони – бу мамлакатлардаги коррупция ва кланчиликдир. Аммо давлатчиликдаги бундай қусурларнинг табиати ҳам бу икки давлатда бир-биридан фарқ қилади. Қирғизистондаги бу салбий жиҳатлар Ўзбекистондаги сингари халқ тарафидан сакрал (илоҳий), яъний, “муқаддас” давлатчиликнинг бир хусусияти ва ажралмас бир жиҳати сифатида қабул қилинмайди. Ва шунга яраша халқ вакиллари бундай қусурлар хакда очик ва чапанича гапириб, айбдорларни танқид қилади. Бу масалада юртимизда ҳукм сураётган вазият эса, ҳаммага маълум.

Қирғиз халқидаги бундай инкилобий кайфият қирғизларнинг идеал бир давлат қандай бўлиши кераклигини яхши билганлигидан эмас, балки, аксинча, асрлар бўйи кўчманчи сифатида яшаб, ўз озодлигини ҳар нарсадан устун қўйган бир халқнинг, моҳиятан инсон озодлигини чекловчи бир қурилма бўлган Давлатга қарши кўрсатган скептицизмидан, ишончсизлигидан қайноқланаётганини кўриш мумкин. Ҳар икки-уч йилда бу ўлкада амалга оширилаётган инқилобларнинг маънавий ва психологик илдизини ҳам шу ердан излаш керак. Худди шундай енгиллик ва сафарбарликни Қирғизистон парламентида давлат қонунларинининг қабул қилиниши ва ўзгартирилиши жараёнида ҳам кўришимиз мумкин.

Албатта, бундай мушоҳадалардан кейин:”демак, давлатни яхши бошқариш учун халқ ўз тарихи, анъаналари ва табиатига кўра кўчманчи бўлиш керак”, деган парадоксал хулосага келиш хам тўғри бўлмайди. Чунки, давлатчилик фақат режимларнинг ҳалойиқ тарафидан тез-тез ўзгартирилиб туриши ва ёки парламентдаги қонунларнинг тез сураъатда қабул қилинишидангина иборат эмас. Давлатчилик – бундай инқилобий суръатда кабул қилинган қонунларнинг ижроси ва инқилобдан кейинги стабиллик ва мамлакат ривожланишини ҳам назарда тутиши керак. Шу нуктаи назардан караганда Қирғизистонда инкилоблар амалга оширилган пайтда кўзга ташланган тезкорлик ва силлиқликни инқилобдан кейинги даврда ҳам кўриш қийин. Ўзбекистонда эса, на униси, на буниси бор.

Хуллас, биз ўзбекларда озгина саҳройилик, кўчманчилик руҳи етишмайди, деса бўлади. Халкимиздаги салбий маънодаги “ўтроқлик” руҳи ҳатто бугунги кунда, ўн миллионлаб ўзбекларнинг бутун дунё бўйлаб саргардон тарзда кўчманчилик қилиб юрган пайтида ҳам ҳеч ўзгармади, дейиш мумкин. Руҳимиз қандай “ўтроқ” бўлса, шундайлигича қолди. Гўё биз, бошқа халқлардан фарқли ўлароқ, миллион йил умр кўрадигандай. Гўё бизнинг ҳеч шошадиган жойимиз йўқдай…

Албатта, биз ўз ҳаракатсизлигимизни, сустлигимзни “илдизимиз”нинг (давлатчилик, анъаналар, урф-одатлар, диний тарбия ва ҳакозоларга узанган илдизлар) жуда чуқурлиги билан оқлашга ҳаракат килишимиз мумкин, аммо кўз ўнгимиздаги манзара асло буни тасдиқламаяпти. Халқ ўлароқ бизнинг илдизимиз анъана, урф-одаталаримиз, миллий ўзлигимизга, динимизга эмас, балки, ўз нафсимизга, маишатимизга, шахсий манфаатларимизга маҳкам, қаттиқ, чигал қилиб боғлангандир. Бундай “илдиз”лар билан, албатта, ўриндан қўзғалиш осон эмас, ҳатто қўзғалинганда ҳам, бундан бир xайр чиқмаслиги аниқ…

Аммо бутун бу пессимистик ўйларга қарамай, мен халқимизнинг яна ўз қаддини ва ғурурини тиклаб, дунё халқлари қаторидан ўзининг, шонли тарихимизда бўлгани сингари, муносиб ўрнини олишига шубҳа қилмайман. Бу халқ, бу минтақа асрлар бўйи инсоният тарихида буюк ўрин тутган ва унинг шундай ўрин тутганида илоҳий бир мазмун борлигига мен чуқур ишонаман.

МАҚСУД БЕКЖОН
18.12.2020