РАДДИЯ

РАДДИЯ
189 views
19 December 2020 - 19:56

Ҳозир қораламоқчи бўлган мавзу ҳақда ёзмоқчи эмасдим. Йўқ, ёзилиши керак эдию андиша йўл бермаётганди. Ўша андиша деворини манжаниқдан тўпга тутиб, парчалаб юборган ҳолга дуч келгач…

Бу ҳол фожеа деб олишимга арзимаслиги мумкин, лекин липпа турган сабр косасига сўнгги томчи бўлиб тушди ва портлашдан ўзимни тўхтатиб қололмадим.

Уч-тўрт кун бурун телефонимга хабар келди. “Жонтемир, сизда фалон китоб бор экан. Шуни ўқишга бериб туринг, сотиб олишга қурбим етмайди.” Хабарни ўқиб бўлмасимдан томоғимга чақиртикон тиқилди. Ўпкам тўлиқиб, кўз томирларим туб-тубидан қизиб келаётганини ҳис қилдим. Аслида унча-мунчага йиғламайман. Тўғрироғи йиғлолмайман. (Қотиб қолган бўлсам керакда.) Ўша лаҳзада эса… Бу хабарни истеъдоди баланд шоирдан олганим янаям ачинарли эди мен учун. Ҳалиги китоб нари борса ўттиз минг туради. Шуям пулми? Икки ярим қути сигаретга етади ё етмайди. Шоир учун эса етиб бўлмас ЧЎҚҚИ!Бу кунингдан Атланта ёки Помпеяга ўхшаб ер юзидан йўқолиб кетганинг яхши эмасмиди, Ватаним? Сени шоирдан баландроқ улуғлайдиган, айбу нуқсонинггача кўзига суртиб севадиган боланг борми? Ким?

Сиёсатчими?
Амалдорми?
Ашулачими?..

Киииим?! Овозинг чиқмайди! Лекин сен учинчи РЕНЕССАНСда яшаябсан! Баракалла, Ватаним! Оғзиполвоним менинг, тушлари нурафшоним менинг, ваъдалари осмоним менинг…

Энди ёш шоирларда Абдулла Орифдан то 80-йиллар шоирларидаги баланд руҳ, юксак туйғулар йўқ, дегич катта ижодкору адабиётшуносларимизга дангал бир гапни айтай. Сизни ҳаққингиз йўқ биздан баланд ижод намуна талаб қилишга! Зиғирча ҳам ҳаққингиз йўқ! Қайтамга шу телба, ижодкорга бир бурда нон анқонинг уруғи бўлиб, оми, бачкана, жамиятнинг салқитлари тараллабедод қилиб юрган замонда ҳам ёзиб турган ИСТЕЪДОДларнинг қўлини ўпинг! Ҳа, ўпинг!

Инсон қачон улуғ туйғулар ҳақда ўйлайди? Қачонки қориндан кўтарила олса. Ҳозир қориндан кўтарилиш тугул, қоринда ҳам туролмай пастлаб кетябмиз-ку. Нотўғри бўлса, исботланг! Қайси бирингиз охирги марта бирорта ёш истеъдоддан ҳол сўрадингиз? Ваҳоланки, замон қандайлиги, тоза истеъдодга аввалгидан минг карра оғирлигини олти бармоғингиздек биласиз! Аммо ғўддайиб маслахату танбеҳ, хатоларни ва албатта 60-70 йиллар адабиётидек ёзолмаётганимизни такидлашдан нарига ўтолмайсиз.

Нафратланаман сиздан! Ҳей, сиз, ҳей, Ватан, бағрингизда дилдираб юрган ижодкорлардан осмоний ижодни талаб қилишдан олдин ҳеч йўқ қорнини тўйдириб қўйинг! Устини бутланг! Бошпанали қилинг. Ана кейин сўрашингиз мумкин бўлар. Унгача миллион марта РЕНЕССАНС деб ҳайқирасизми, фаровонлашиб кетдик, дея мешқорнингизни ичингизга тортиб туриб телевидениедан гапирасизми, мени, ҳеч бир ёш истеъдодни ишонтиролмайсиз! Ҳей, билиб қўйинг. Ҳар ИСТЕЪДОДнинг уволи бор. Уволи уради. Бутун халққа берилганми юқоридан, уволи ҳам бутун халқни уради. Жадидларнинг уволи тутмадими? Ҳозиргача ўша “увол” бадалини тўлаб келмаябмизми?..

Ўттиз минг нима деган пул а, нима деган пул? Ичим куйиб кетди-ку.

Эй вазирлар!
Ҳокимлар!
Фалону пистонлар!

Битта пайпоғингиз юз минг турар? Лекин бу ВАТАНнинг ёш истеъдодлари кўчада! Ўттиз мингга қурби етмайди. Ё бу жамиятга ИСТЕЪДОД керак эмасми? Ҳа! Керак эмас! Ёт деса ётиб, кетимни ўп, деса ўпадиган қулваччалар керак. Қиринг истеъдодларни! Хайф сизга истеъдодлар, хайф…

П.С: Ўша шоирни менга юборинг, китобни ўзим олиб бераман, дея манга ёзаётганлар! Ман бу постни ўттиз минг керааак деб ёзмадим! Жамиятда ижодкорнинг аҳволи оннасиникига кириб кетганини шу орқали очиб беришга урундим. Кейин билволинг, ўша китоб олиб берилгани билан аҳвол ўнгланиб қолмайди. ИСТЕЪДОД давлат, халққа нега кераклигини тушуниб етишимиз, ундан максимал даражада фойдаланишимиз керак!

Жонтемир Жондор

Манба: facebook.com