ШAФФОФЛИК ҲAҚИДA

ШAФФОФЛИК ҲAҚИДA
226 views
20 December 2020 - 14:45

Бугун Ўзбек жамиятида Ойна вазифасини ўтаётган ғаройиб бир Одамнинг туғилган куни.

Ўткан давр ичида гўё у мамлакат бахтсизлигига бош сабабчи эди. Чунки ҳамма ойнага қараб- яъни гўё фикрлай бошлаганда, ҳамма бахтсизликларга бош сабабчи деб ушбу шахсиятни биларди, ҳозир ҳам қисман шундай деб билади.

Каримов даврида унинг исмини ҳатто шивирлаб ҳам айтишга қўрққан ҳолларга дуч келардик, бу ғаройиб эмасми.

Ҳатто ижтимоий тармоқда бу шахс ёзган, масалан, тўрт қатор мисрани, эълон қилсангиз, виртуал дўстлар қўрқиб, сизни дўстлигидан чиқариб ташлаб, кейин васвасага тушган ҳолларга ҳам дуч келамиз.

Ушбу шахс ҳақида гурунг кетганда уни “кибрли” га чиқариб бошлашади.

Ўзбек жамиятининг тарихий хотирасида негадир Баҳовуддин Нақшбандни ҳам кибрлига чиқаришгани сақланиб қолмаган.

Аксинча, у вафот этгандан сўнг унинг таълимоти яшаб қолди.
Баҳовуддин Нақшбанднинг ўзи эса уни кибрлига чиқарганларга жавобан шундай деган эди: “Бу Аллоҳнинг кибриёлигидан”.

Баҳовуддин Нақшбанд ҳар қандай ҳавойи нарсаларга бош эгмасди, шунинг учун жамият уни кибрли дейди. Аммо Баҳовуддин Нақшбанд кимдадир қонуний сифат кўрса, унга бош эгарди.

Баҳовуддин Нақшбанд ва Муҳаммад Солиҳни тенглаштирмоқчи эмасман. Умуман, бошқа нарса ҳақида ёзяпман.

Бизнинг миллатда тарихий хотира ҳеч қачон бўлмаган. Маълум бир шахсларда вақт узунасида яшаб келади, аммо жамият тарихий хотирасини тиклашга ҳаракат ҳам бўлмаган. Aхир қандай бўлсин? Бунга ўзимизнинг романтик тизим йўл ҳам қўймаган.
Тарихий хотираси йўқ ҳар қандай жамият шахслардан қўрқади, ҳамма балоларни, ўзининг ҳамма бахтсизликларини унга – балогардонга ағдаради.

Тарихий хотирамиз йўқлигини Каримов даврига қараб ҳам билса бўлади, оддий айтганда, бу даврдан эсда қоладиган ҳеч бир нарса қолмади. Эсда қолгани зулм, ёлғон, алдов, порахўрлик, таъмагирлик, ва шу каби. Бу эса хотира эмас.

Фақат шаффоф тизим қурилсагина жамиятнинг тарихий хотираси тикланади. Шундагина жамиятдаги гражданин шахсга айланади. Ошкоралик ёки тоталитар жамиятда исталмаган шахсдаги каби сифатларга эга бўлади.

Ошкоралик- ҳар қандай ноқонуний нарсаларнинг тизимга солинишидир. Шаффофлик – қонуний – асл нарсаларнинг тизимга қўйилиши, одамдаги асл-қонуний сифатларнинг юзага чиқиши.
Ошкоралик тизими минг йил ва чексиз ресурс билан давом этганда ҳам тараққиёт бўлмайди, чунки инсон ўйлаб топмаган қонуният бор.
Ошкораликда –инсон ноқонуний қарорлар ўйлаб топиб, тараққиётнинг белгиси –двигатели бўлган асл сифатларни беркитади.
Бизда ренессанс (12 асрдан кейин) –маърифат асридан кейин романтизм даври – ошкоралик даври давом этиб келмоқда.
Шаффофлик йўқ экан, демак тараққиёт ҳам йўқ, бу эса инсон ўйлаб топмаган қонун- Aллоҳнинг иродаси.

Бизда шаффофлик бўлганда эди, Муҳаммад Солиҳ ва унга ўхшаган шахсиятлар учун мамлакат эшиги очиғ бўлар эди.

Мурод Карим
Манба: facebook.com