Registon TV: Абдукарим Мирзаев Туркиядан депортация қилинмайди

Registon TV: Абдукарим Мирзаев Туркиядан депортация қилинмайди
110 views
22 December 2020 - 15:22

Истанбулда маҳаллий полиция томонидан ҳибсга олинган журналист ва режиссёр Абдукарим Мирзаев Туркиядан депортация қилинмайди. Бу ҳақда Мирзаев фаолият олиб бораётган Registon TV онлайн телеканали Истанбул Миграция идорасидан (Göç idaresi) олинган маълумотларга таянган ҳолда маълум қилди.

А. Мирзаевнинг ҳамкасблари “унинг озод этилиши вақт билан боғлиқ масала” эканини қайд этганлар.

Туркиянинг Кастамону университети магистранти бўлган 38 ёшли Абдукарим Мирзаев шу йил 11 декабрида қўлга олингани ҳақидаги хабар 19 декабрда пайдо бўлганди. У “шубҳали шахслар билан телефон орқали мулоқотда бўлгани” учун қўлга олингани айтилган.

Бу хабар ортидан Ўзбекистон Бош прокуратураси А. Мирзаевнинг Туркияда қўлга олинишига расмий Тошкентнинг алоқаси йўқлиги ҳақида баёнот тарқатган. БП унга нисбатан Ўзбекистонда очилган бирор жиноят иши йўқлиги ва ўзи ҳам қидирувда эмаслигини маълум қилган.

Маълумотларга кўра, Абдукарим Мирзаев Ўзбекистондаги фаолияти давомида “Пойтахт”, “Замин” радиолари, “Ёшлар” ва “Ўзбекистон” телерадиоканалларида ишлаган.

Сўнгги вақтларда Туркияда яшаётган А. Мирзаев YouTube тармоғи орқали диний, фалсафий ва ижтимоий мавзуларда чиқишлар қилаётган эди.

Манба: ozodlik.org