УЯЛМАГАНЛАР

УЯЛМАГАНЛАР
118 views
22 December 2020 - 20:52

Ўтган 25 йиллик кечмишимизни “қора туш” деб номлаган Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Иқбол Мирзо бугунги амалдор зиёлиларнинг ҳақиқий башарасини кўрсатди. Муҳтарам Шавкат Миромонович, мана сизнинг атрофингизни ўраб, чин истеъдодларни сиздан яшриб турган ишонган шоирларингиз, ёзувчиларингиз!

Мана сизга Султонов каби маслаҳатчилар саралаб берган гўёки энг зўр, энг иқтидорли ижодкорлар! Куни кеча “муҳтарам отам”, “Ўзбекистонни дунёга танитган зот” деб мадҳ этиб юрган одам, бир юмалаб, янги қиёфага кирди. Ваҳоланки, 25 йил халқнинг кўзини бойлаб, “ҳаммаси зўр, ҳаммаси жойида” деб аюҳаннос солиб келганлар айнан шу: Иқбол Мирзо, Сирожиддин Саййидга ўхшаган буқаламунлар эди!

Қадимда ўз раҳнамосининг сирини ёвга сотган кимсалар айнан ўша ёвнинг қўли билан ўлдирилган. Чунки ёв ҳам ахмоқ эмас, ўз раҳнамосига вафо қилмаган кас, унга ҳам ҳеч қачон дўст бўлмайди. Бунақа кимсаларнинг ўзидан бошқа дўсти бўлмайди. Ким отда бўлса, улар ўшанинг хизматида бўлади.

Муҳтарам Президент! Вақти келиб буларга ўхшаш ялоқхўрлар сизнинг устингиздан ҳам мағзава тўкиши турган гап! Шуҳба йўқки, бу аччиқ ҳақиқатни ўзингиз ҳам билиб турибсиз! Лекин сотқинлар, ялоқхўрлар галасига кундан-кун марҳамат кўрсатиб, мукофоту амаллар билан сийлашингиз кишини ажаблантиради. Айниқса, “паст”да бу ҳолни кўриб-билиб турган зиёлиларнинг, ёш ижодкорларнинг ҳафсаласи пир бўлмоқда. Ўсиб келаётган ёшлар шундай иккиюзламачи, маддоҳ, хоин бўлсак, мансаб-амал, мукофот-унвон олар эканмиз, деган хаёлга бориши турган гап. Ростдан ҳам улуғ мақсадларни кўзлаган Президент бундай шармандали ҳолга йўл қўймаслиги керак!

Ёш шоирдан мактуб