ИСТЕЪДОДНИНГ БАДАЛИ

ИСТЕЪДОДНИНГ БАДАЛИ
120 views
23 December 2020 - 9:50

Бугун Ўзбекистон Халқ ҳаракати саҳифасида бир ёш шоирнинг президент Мирзиёевга йўллаган мурожаатига кўзим тушиб колди. Очиғи, Мурожаат мазмуни мени ҳайратлантирди. Мурожаат муаллифи президент атрофини буқаламун, лаганбардор ёзувчилар ўраб олганини ва президент бу лаганбардорларга тинимсиз мукофотлар бераётганидан нолийди. Илгари Ислом Каримовга мадҳия ўқиб, ҳозир унинг орқасидан лой чаплаётган буқаламунлар эртага сизнинг ортингиздан ҳам лой чаплашади, деган мазмунда ёзғиради мурожаат муаллифи. Ёш шоир ўз мурожаати давомида ушбу буқаламун ва маддоҳларга муқобил, альтернатив ўлароқ, ёш ижодкорлар номзодини кўрсатар экан, шундай дейди:

“Муҳтарам Президент! Вақти келиб буларга ўхшаш ялоқхўрлар сизнинг устингиздан ҳам мағзава тўкиши турган гап! Шуҳба йўқки, бу аччиқ ҳақиқатни ўзингиз ҳам билиб турибсиз! Лекин сотқинлар, ялоқхўрлар галасига кундан-кун марҳамат кўрсатиб, мукофоту амаллар билан сийлашингиз кишини ажаблантиради. Айниқса, “паст”да бу ҳолни кўриб-билиб турган зиёлиларнинг, ёш ижодкорларнинг ҳафсаласи пир бўлмоқда. Ўсиб келаётган ёшлар шундай иккиюзламачи, маддоҳ, хоин бўлсак, мансаб-амал, мукофот-унвон олар эканмиз, деган хаёлга бориши турган гап. Ростдан ҳам улуғ мақсадларни кўзлаган Президент бундай шармандали ҳолга йўл қўймаслиги керак!”

Бу ёш укамиз агар мақсад “мансаб-амал, мукофот-унвон” олиш бўлса, бунинг ягона йўли – президент атрофига йиғилиб, букаламун, иккиюзламачи, маддоҳ ва сотқин бўлиш эканлигини билмайдиган кўринади. Мабодо, ўсиб келаётган ёш ёзувчилар ҳақиқатан хам: “шундай иккиюзламачи, маддоҳ, хоин бўлсак, мансаб-амал, мукофот-унвон олар эканмиз, деган хаёлга” бораётган бўлса, мутлақо тўғри ўйлаётган бўладилар, чунки, ҳокимиятдан мукофот ва мансаб олишнинг бошқача йўли ҳали ўйлаб топилмаган инсоният тарихида.

Истеъдодли ёзувчи доим ҳокимиятдан узоқ туради, бу – ўз истеъдоди учун ёзувчи тўлаши лозим бўлган бир Бадалдир.

МАҚСУД БЕКЖОН
22.12.2020