Бахти Ташкентский собиқ МХХ “лохмач”ларига қарши “уруш” очди

Бахти Ташкентский собиқ МХХ “лохмач”ларига қарши “уруш” очди
217 views
24 December 2020 - 14:48

Ўтган пайшанба, 17 декабрь куни Telegram канали орқали Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ)нинг қатор “лохмач”ларини учратган жойда жазолаш ҳақида имзосиз “прогон” (жиноят олами вакиллари учун очиқ топшириқ) тарқалди.

Жиноят олами вакилларига кўра, мазкур “прогон” ортида аслида Ўзбекистон ва хориждаги жиноят оламида Бахти Ташкентский ва Бахти Янгиабадский лақаблари билан танилган “қонундаги ўғри”, 49 яшар Бахтиёр Қудратиллаев турибди.

Қамоқхона ёки колония маъмурияти топшириғига кўра маҳбус ва маҳкумларни қийноққа солувчи маҳкумлар “лохмач” дейилади.

Рус тилида ёзилган ва “Обращение к нашим братьям” (“Биродарларимизга мурожаат”) деб бошланган “прогон”ларда собиқ МХХ топшириғига кўра қамоқхона ва колониялардаги маҳкумларни қийноққа солиш ва ўлдиришда иштирок этган “лохмач”ларни жазолаш талаб қилинган.

“Кто будет идти вразрез этому обращению, с того будет строгий спрос, как полагается по законам нашей жизни” (“Кимда-ким ушбу мурожаат талабларига зид иш қилса, у хаётимиз қонунлари бўйича жиддий сўроқ қилинади”), дейилади Бахтиёр Қудратиллаевдан экани ишонилган очиқ топшириқларда.

“Элтуз” манбаларига кўра, “прогон”лар ижтимоий тармоқларда афтидан Бахти Ташкентский атрофидаги йигитлар томонидан тарқатилган бўлиши мумкин.

Ўзбекистонлик “қонундаги ўғри” жами 8 нафар “лохмач”га ҳукм чиқарган. Жиноят олами вакиллари томонидан жазоланиши кутилаётган собиқ МХХ “лохмач”лари қуйидагилар:

Ҳилол “Зуботехник” (“Тиш устаси”),

Аббос “Конторский”,

Бекзод “Беги”,

Жаҳон “Писка” (Жаҳонгир Шарипов),

Шамшод “Йиғлоқи”,

Қаҳрамон “Тожик” (Қаҳрамон Бориев),

Баҳо “Ферганский” (Баҳодир Қосимов),

Акбар “Камолон”.

Элтуз” мазкур “прогон”лар юзасидан Тошкентдаги баъзи манбаларига мурожаат қилди.

Уларнинг айтишича, Бахтиёр Қудратиллаев “добро”си билан тарқатилган “прогон”лар 17 декабрь кунидан кучга кирган.

“Бахтиёр Қудратиллаев “Конторский, Қассоб” лақабли Аббос Хўжаев устидан оғзаки “прогон” берганди, бу “прогон” кейинчалик ёзма тус олди.

Чунки бу сохта “смотряшчий” ҳам узоқ йиллар давомида собиқ МХХга қулоқлик қилиб, озодликдаги криминал доираларнинг сирларини “контора”га етказиб юрган”, дейишди “Элтуз”нинг бир-биридан мустақил манбалари.

Ўзбекистон ички ишлар идораларига яқин манбалардан бирининг “Элтуз”га билдиришича, юқоридаги рўйхатда номи зикр этилган шахсларнинг барчаси МХХнинг собиқ мулозими (айни пайтда ДХХнинг Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаётган) Тоймуроз Алимовнинг буйруғи билан жазони ижро этиш колонияларида сохта “положенец” ва озодликда “смотряшчий” қилиб тайинланганлар.

МХХнинг жиноят оламидаги югурдаклари

“Сохта “положенец”ларнинг асосий иши диний ва сиёсий моддалар билан қамалган маҳбус ва маҳкумлардан ахборот олиш, уларнинг хатти-ҳаракатлари ҳақида қамоқхона ва колония маъмуриятига хабар бериб туриш, “иқрорнома” ёзишдан бош тортган ёки эътиқодидан қайтмаган маҳбусларни қийнаш ва ўлдиришдан иборат бўлган.

Собиқ МХХ “лохмач”лари барча жиноятларни ўзбекистонлик “қонундаги ўғри” Бахти Ташкентскийнинг номидан қилганлар ва уни маҳбуслар ҳамда жиноят олами вакиллари олдида “ментларнинг ва чекистларнинг югурдаги” сифатида бадном қилишган.

Сохта “смотрящий”ларнинг асосий вазифаси эса собиқ МХХни озодликдаги жиноят оламининг сирларидан воқиф қилиб туриш бўлган”, дейди Ўзбекистон ички ишлар идораларига яқин манба.

Исми сир қолишни сўраган ички ишлар мулозимининг “Элтуз”га айтишича, Бахти Ташкентскийнинг номидан “зона”ларга сохта “положенец”лар, “кўча”га эса сохта “смотрящий”лар тайинлаш ишлари 2008 йилда бошланган. Бунга эса қуйидаги воқеалар дебоча бўлган:

2008 йилда собиқ МХХ раҳбарияти (Рустам Иноятов, Шуҳрат Ғуломов, Ҳаёт Шарифхўжаев, Тоймуроз Алимов) Бахти Ташкентскийга МХХ билан бирга ишлаб, жазони ўташ колонияларида диний ва сиёсий моддалар билан қамалган маҳкумларни қийноққа солиш ва ўлдиришга кўмаклашишни сўрайди.

Бахти Ташкентский бу таклифга рози бўлмайди ва МХХ раҳбариятининг ғазабидан хавотирга тушиб, Москвага кетиб қолади.

Бироқ 2009 йил апрель ойида Бахтиёр Қудратиллаев Ўзбекистон МХХнинг талаби билан Ўзбекистонга қайтарилади. МХХнинг таклифига рози бўлмагани учун “контора” Бахти Ташкентскийни тўғри Жаслиққа жўнатади.

“Қонундаги ўғри” у ердан 2014 йил “соғлиги ëмонлашгани боис” чиқиб келди. МХХ озодликка чиқарилган Бахти Ташкентскийга ўшанда “кўчанинг ишларидан четда юриш” талабини қўйганди.

Бахтиёр Қудратиллаев 2008 йилда Москвага кетиб қолгач, МХХ мулозими Тоймуроз Алимов “қонундаги ўғри”нинг номидан “зона”ларга ва “кўча”га сохта “положенец” ва “смотрящий”ларни тайинлашни бошлаб юборган.

“МХХнинг биринчи сохта “положенец”и Жаҳон “Писка” лақабли Жаҳонгир Шарипов бўлиб, у Тоймуроз Алимов томонидан 2008 йилда Зарафшондаги 64/48-жазони ўташ колониясига “положенец” қилиб тайинланган.

Бу жаллод Тоймуроз Алимов раҳнамолигида жами 50 дан ортиқ диний ва сиёсий маҳкумни қийноққа солиб ўлдиришда иштирок қилган (бу ҳақда “Элтуз” махсус мақола ёзганди).

Жаҳонгир Шарипов Каримов ўлгандан кейин Рустам Иноятов ва Тоймуроз Алимовнинг ташаббуси билан ими-жимида қамоқдан чиқарилди ҳамда олдин Қозоғистонга, кейин Россияга чиқариб юборилди.

Иноятов ва Алимов Жаҳон “Писка”ни жиноят оламининг муқаррар жазосидан сақлаб қолиш учун шундай йўл тутишди”, дейди “Элтуз”га яқин манба.

Унинг айтишича, Бахтиёр Қудратиллаев Россияга кетиб қолгач ва кейинроқ Жаслиққа қамалгач, МХХ раҳбарияти Тошкентни “кўча” томондан назорат қилишни ҳам ўзининг қулоғи ва югурдагига юклаган.

Бу вазифа “Конторский, Қассоб” лақабли Аббос Хўжаевга ишониб топширилади.

“Қассоб” 2008 йилдан 2020 йилнинг декабригача Тошкент шаҳридаги жиноят доираларидан МХХга ахборот етказиб турган.

“Яқинда, аниқроғи, 2020 йил ноябрь ойининг ўрталарида Бахти Ташкентский Аббос Хўжаевни чақириб, қулоғининг тагига битта шапалоқ уриб, унга кўча ишларига аралашмасликни буюрди”, дейди Ўзбекистон ИИВга яқин манба.

“Элтуз”нинг Тошкентдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ва криминал доираларга яқин манбаларининг айтишича, 2009-2017 йилларда Ҳилол “Зуботехник” (“Тиш устаси”), Бекзод “Беги”, Жаҳон “Писка” (Жаҳонгир Шарипов), Володя “Чиланзарский”, Шамшод “Йиғлоқи”, Қаҳрамон “Тожик” (Қаҳрамон Бориев), Баҳо “Ферганский” (Баҳодир Қосимов), Акбар “Камолон”, Арслон ва бошқа “лохмач”лар МХХ билан ҳамкорлик қилиб, маҳбус ва маҳкумларни қийнашда ва ўлдиришда иштирок этган.

“Исмлари келтирилган ва жазоланиши кутилаётган жаллодларнинг энг ваҳшийси “Зуботехник” (“Тиш устаси”) лақабли Ҳилол бўлиб, бу “лохмач” диндор ва мухолифатчи маҳбус ва маҳкумларнинг тишларини маиший омбур билан суғуриб, ўлдиришдан завқ олган.

Ҳилол дегани Рустам Иноятов, Шуҳрат Ғуломов, Ҳаёт Шарифхўжаев ва Тоймуроз Алимовнинг топшириғига кўра, Тоштурмада ўнлаб намозхон йигитнинг қулоқ ва бурунларини қурилиш омбури билан қирқиб ўлдирган.

Бундан ташқари, МХХ раҳбарияти бу ваҳшийни аёллар “зона”сига эътиқодидан қайтмаган ёки президент Ислом Каримовдан кечирим сўрамаган аёлларни зўрлашга ҳам юборган.

Аёллар колониясида “Зуботехник” 159-модда билан қамалган ва Каримовдан кечирим сўрамаган аёлларни аввал зўрлаб, кейин кўкракларининг учларини омбур билан узиб ўлдирган”, дейди жазога тортилишидан қўрқиб исми сир қолишини сўраган ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси собиқ ходими.

Унинг айтишича, МХХ мулозимлари Ҳаёт Шарифхўжаев ва Тоймуроз Алимовнинг жаллоди Ҳилол “Зуботехник” (“Тиш устаси”) лақабини маҳбус ва маҳкумларнинг тишларини оддий омбур билан суғургани учун олган.

“Элтуз”нинг бир-биридан мустақил манбалари сўзларига кўра, МХХнинг бошқа “лохмач”лари – Бекзод “Беги”, Жаҳон “Писка” (Жаҳонгир Шарипов), Володя “Чиланзарский”, Шамшод “Йиғлоқи”, Қаҳрамон “Тожик” (Қаҳрамон Бориев), Баҳо “Ферганский” (Баҳодир Қосимов) ва Акбар “Камолон”лар ҳам ваҳшийликда Ҳилол “Зуботехник”дан қолишмаган.

“Масалан, республикадаги мой-экстрация заводлари раҳбарларини талаган ва бир нечтасини ўлдириб, қамалган “Йиғлоқи” Шамшод ҳам “зона”да Тоймуроз Алимовга ишлаган.

Бу жаллод қўшиқчи Азим Муллахоновнинг куёви бўлади. У ҳам “контора”нинг топшириғи бўйича диний ва сиёсий маҳбусларни калтаклаб, мажруҳ қилишда, “синдириш”да ва ўлдиришда иштирок қилган”, дейишди Тошкентдаги манбалар.

Уларнинг айтишича, ўтган ҳафтадаги “прогон”ларнинг чиқарилишига сабабчи бўлган Володя “Чиланзарский” ҳам маҳбус ва маҳкумларни ўлдиришда фаол иштирок қилган.

“Володя “Чиланзарский” Зарафшондаги “зона”да бошқа бир жаллод Жаҳон “Писка”нинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган. У ҳам маҳкумларни даҳшатли қийноқларга солган”, дейди “Элтуз”нинг бир-биридан мустақил манбалари.

Уларнинг сўзларига кўра, ўтган ҳафтадаги “прогон”ларнинг чиқишига айнан Володя “Чиланзарский” билан боғлиқ воқеа сабаб бўлган.

Ўзбекистондаги “прогон”ларнинг Россиядаги турткилари

Шу йил ноябрь ойи ўрталарида Россиядаги жиноят олами вакиллари Ўзбекистон МХХнинг “лохмач”и Володя “Чиланзарский”ни Россияда қўлга олиб, ўзбек қамоқхоналарида “контора”га ишлагани ва маҳкумларни қийнаб ўлдиргани учун аёвсиз калтаклашади.

Рус криминал доиралари “Чиланзарский” Володя қандай калтакланганини видеога олиб, Ўзбекистоннинг “қонундаги ўғриси” Бахти Ташкентскийга юборишади.

“Рус ўғрилари Бахтиёр Қудратиллаевга: “Тасарруфингдаги қамоқхоналарда маҳкумлар ҳукуматнинг топшириғи билан бошқа маҳкумларни қийноққа солиб ўлдиришмоқда.

Нега “лохмач”ларни жазоламайсан ёки, ҳеч бўлмаса, бу ҳолатни қораламайсан? Мана, кўр, сен қилишинг керак бўлган ишни биз қиляпмиз!” деб, кескин эътироз билдиришган.

Бахти Ташкентский шундан кейин МХХнинг “лохмач”ларига қарши уруш очишга мажбур бўлди”, дейишди бир-биридан мустақил манбалар.

Улар Володя “Чиланзарский”нинг Россияда калтаклангани акс этган видеокадрларни “Элтуз”га тақдим қилишди. “Элтуз” ихтиёрига келиб тушган видеокадрларда уч рус йигити Володя “Чиланзарский”ни Ўзбекистон “зона”ларида бошқа маҳбусларни қийноққа солиб, ўлдиргани ҳамда МХХга “қулоқлик” қилгани учун жазолашаётганини очиқ айтишган.

“Элтуз” манбаларининг билдиришича, Володя “Чиланзарский” собиқ МХХ томонидан Россияга чиқариб юборилган ягона “лохмач” эмас.

“Писка” лақабли Жаҳонгир Шарипов деган “лохмач” ҳам Рустам Иноятов ва Тоймуроз Алимов томонидан Россияга чиқариб юборилди”, дейишди Тошкентдаги манбалар.

Уларнинг айтишича, бугунги кунда ДХХнинг Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаётган Тоймуроз Алимов ўз “лохмач”ларини ҳам давлатнинг, ҳам кўчанинг жазосидан қутқариб қолиш билан шуғулланмоқда.

“Лохмач”ларни жазодан қутқариш формуласи: ё хорижга, ё қамоққа!

“Элтуз”га яқин манбаларнинг айтишича, Тоймуроз Алимов ҳали ҳам Рустам Иноятов ва Ҳаёт Шарифхўжаевга ишлашда давом этмоқда.

“Тоймурозни қамоқдан чиқарган одам Рустам Иноятовдир. Тоймуроз Алимов қамалганда нега Иноятов Тоймуроз учун елиб-югурди?

Чунки Тоймуроз Алимов қамоқда қолиб кетса, 159-модда билан қамалган 50 дан зиёд маҳкумни ўлдириш топшириғини айнан Рустам Иноятовдан олганини ошкор қилиб, собиқ МХХ раисига қарши кўрсатма бериши аниқ эди.

Тоймуроз Алимов озодликка чиқарилгач, Ўзбекистон “зона”ларидаги “лохмач”лар ҳам шу ҳақиқатни ошкор қилиб қўйиш хавфи сақланиб қолаётган эди.

Шунинг учун собиқ МХХ раиси Рустам Иноятов ва унинг ўнг қўли Ҳаёт Шарифхўжаев ҳозир ДХХнинг Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи бўлган Тоймуроз Алимовга “контора”нинг “лохмач”ларини қандай бўлмасин президент Шавкат Мирзиёевнинг ва жиноят оламининг муқаррар жазосидан қутқариб қолишни буюришган”, деди “Элтуз”нинг Тошкентдаги манбаси.

Унинг қўшимча қилишича, собиқ МХХ жаллодларини қутқариш учун Тоймуроз Алимов икки йўлни танлаган: уларни аввал озодликка, кейин хорижга чиқариб юборади ёки махсус режимли колонияга қамаб, асрайди.

“Элтуз” манбаларининг билдиришича, Володя “Чиланзарский” ва Жаҳон “Писка”лар айнан Тоймуроз Алимовнинг ташаббуси билан озодликка ва хорижга чиқарилган.

Давлатнинг ва “кўча”нинг жазосидан асраш учун қамоққа тиқилганлардан “Баха Ферганский” лақабли Баҳодир Неъматович Қосимовни айтса бўлади.

“ДХХнинг Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Тоймуроз Алимов “лохмач” Баҳодир Қосимовни Қоровулбозордаги 64/25-махсус режимли колонияга “ёпиб” қўйди.

“Баха Ферганский” Тоймуроз Алимовнинг кўрсатмасига кўра қилмаган жиноятини атайлаб бўйнига олди ва Қоровулбозордаги махсус режимли “зона”га беркиниб олди. “Лохмач”нинг у ерда бўлиши ўзига ҳам, унинг хўжайини Тоймуроз Алимовга ҳам фойдалидир”, дейди “Элтуз”га яқин манбалар.

Уларнинг билдиришича, Бахти Ташкентскийнинг “прогон”ларидан хабар топган “Баха Ферганский” шу кунларда ўз яқинлари орқали Қоровулбозорга Ўзбекистон Бош прокуратурасидан вакил (терговчи) жўнатишни илтимос қилган.

“Баҳодир Қосимов Бош прокуратурадан келадиган терговчига ҳамма ҳақиқатларни айтишни истаётган эмиш. Хусусан, Баҳодир Қосимов 2012-2014 йилларда Тоймуроз Алимовнинг топшириғи билан Косондаги 64/51-колонияга “положенец” қилиб қўйилгани, у ерда Тоймуроз Алимовнинг буйруғи билан бир қанча маҳкумларни қийноққа солиб, ўлдиргани ҳақида расмий кўрсатма бериш ниятида эмиш.

Кўрамиз, бош прокурор “Баха Ферганский”ни тинглашга, ундан ДХХнинг Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Тоймуроз Алимовга қарши кўрсатма олишга одам жўнатармикин ёки йўқми?” дейди Тошкентдаги манбалар.

Уларнинг айтишича, собиқ МХХнинг раҳбар мулозимлари Рустам Иноятов, Ҳаёт Шарифхўжаев, ДХХнинг Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Тоймуроз Алимовнинг келаси йил март ойида ўтказилиши режалаштирилган президент сайловидан умидлари катта.

“Улар Мирзиёевни ағдариб, ўрнига “контора”нинг одамини олиб келиш пайида юришибди. Ана ўшанда катта қамаш кампаниясини бошлаш, унда яна “лохмач”ларнинг хизматларидан фойдаланишни режалаштиришмоқда”, дейишди Тошкентдаги манбалар.

Улар тақдим қилган маълумотларга кўра, ҳозирча Тоймуроз Алимов “контора”нинг “лохмач”лари билан алоқаларни ушлаб туришда “Эпчил” лақабли Ҳусан “Андижанский”нинг воситачилигидан фойдаланмоқда.

Бахти Ташкентскийнинг “прогон”лари

“Ўтган ҳафтада “Бахти Ташкенсткий” томонидан собиқ МХХ “лохмач”лари устидан ҳукмлар чиқарилиши Рустам Иноятов, Ҳаёт Шарифхўжаев, Тоймуроз Алимовнинг режаларига катта зарба бўлиши аниқ”, дейишди “Элтуз”га маълумот ва таҳлил тақдим этган манбалар.

Уларнинг фикрига кўра, Бахтиёр Қудратиллаевнинг бу иши унинг Ўзбекистон, собиқ СССР ва Туркия жиноят оламидаги обрўсини сўзсиз оширади.

“МХХнинг “лохмач”лари устидан шундай ҳукмлар чиқаришни Бахтидан кўпчилик кутаётган эди. Шунинг учун ҳам Бахти Ташкентскийнинг “прогони” қандайдир тўрт-беш соат ичида бутун Ўзбекистонга ва Россияга тарқалиб кетди.

“Прогон” остида ҳеч ким имзо қўймаган бўлса ҳам жиноят олами вакиллари топшириқ Бахтидан чиққанини дарров тушуниб етишди”, дейди шундай “прогон”ларни олган кишилардан бири.

Манба: eltuz.com