Тожикистон шимолига ўзбек газини етказиб бериш тикланди

Тожикистон шимолига ўзбек газини етказиб бериш тикланди
37 views
25 December 2020 - 14:37

Тожикистон шимолига яна Ўзбекистондан табиий газ етказиб берила бошлаган. Бунга бағишланган рамзий маросим, SugdNews ахборот агентлиги хабарига кўра, 23 декабрь куни Хўжанд шаҳрида ўтказилган.

Маросимда Сўғд вилояти расмийлари, газ етказиб берувчи корхона раҳбарлари, маҳаллий ва хорижий журналистлар иштирок этган.

Тадбирда Ўзбекистондан келаётган табиий газ аввало саноат корхоналарига, кейин эса аҳолига етказиб берилиши айтилган. Айни пайтда газ етказиб берилаётган Хўжандда 150 дан зиёд ишлаб чиқариш корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Улардан бир қисми Ўзбекистондан газ етказиб бериш тўхтаб қолганидан бери ёқилғининг бошқа турлари, хусусан, электр энергияси ва кўмирга ўтган эди.

Маълумотларга кўра, 1 кубометр газ нархи 2 сомоний (тақрибан 0,2 доллар) этиб белгиланган. Қайд этилишича, бундай ёқилғи тури бошқа ресурслардан 75 фоизга тежамли бўлиб, бу чиқарилаётган маҳсулот қийматида ҳам акс этади.

“Сомон-Сўғд-Газ” вакиллари аввалроқ Тожикистон ўзбек газини, ўзаро шартномага мувофиқ, минг куб метрини 130 доллардан сотиб олаётганини, бунинг эса 2012 йилдагидан қарийб 2,5 баравар арзон эканини билдиргандилар.

Ўзбекистон Тожикистонга табиий газ етказиб беришни 2012 йили тўхтатиб қўйган. Сўнгги бор Тожикистон Ўзбекистондан табиий газни 2011 йил охирида минг куб метрини 370 доллардан сотиб олган.

Манба: ozodlik.org