Президент имзолаган янги қонунга биноан ёлғон ахборот тарқатган шахсга 22300000 сўмгача жарима солинади

Президент имзолаган янги қонунга биноан ёлғон ахборот тарқатган шахсга 22300000 сўмгача жарима солинади
49 views
27 December 2020 - 15:34

Президент Мирзиёев 25 декабрда имзолаган 658- қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча киритилди.

Адлия вазирлигининг хабар қилишича, янги қонунга биноан шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет тармоғида тарқатиш БҲМнинг 50 баравари (11 млн 150 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Агар тарқатилган ёлғон ахборот жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солса уни тарқатган шахс БҲМнинг 100 бараваригача (22 млн 300 минг сўм) жаримага тортилиши мумкин.

Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, ёлғон ахборот тарқатганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахс ушбу ҳуқуқбузарликка такроран йўл қўйса, БҲМнинг 400 бараваригача (89 млн 200 минг сўм) миқдорда жаримага тортилиши ёки уч йилгача озодликни чеклаш жазоси билан жазоланиши мумкин.

Жиноят кодексига киритилган бошқа ўзгатиришга кўра, эндиликда порнографик маҳсулотни ҳамда зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет тармоғида тарқатганлик учун ҳамжиноий жавобгарлик белгиланди (илгари ушбу маҳсулотларни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун жавобгарлик белгиланган эди).

Шунингдек, оғирлаштирувчи ҳолатларда туҳмат ва ҳақорат қилганлик учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси бекор қилинди.

Эндиликда:

туҳмат жиноятини содир этганлик учун (139-модда, 3-қисм) БҲМнинг 500 бараваригача (111 млн 500 минг сўм) миқдорида жаримадан 3 йилгача озодликни чеклаш (илгари 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган);

ҳақорат қилиш жиноятини содир этганлик учун (140-модда, 3-қисм) БҲМнинг 600 бараваригача (133 млн 800 минг сўм) миқдорда жаримадан 1 йилгача озодликни чеклаш жазоси қўлланилиши белгиланди (илгари 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилган).

Манба: ozodlik.org