Хитой: Коронавирус ҳақида Ухандан репортажлар қилган жамоатчи журналист 4 йилга қамалди

Хитой: Коронавирус ҳақида Ухандан репортажлар қилган жамоатчи журналист 4 йилга қамалди
127 views
28 December 2020 - 17:25

Хитой февраль ойида Уханда коронавирус тарқалган пайтда у ердан хабарлар бериб борган жамоатчи журналист аёлни озодликдан маҳрум қилди.

37 ёшли Чжан Чжань видеороликлар қилиб, интернет орқали ёйинлаганди. Мазкур видеоларда COVID-19 тарқалган илк кунларда бемор билан тўлиб-тошган касалхоналар ва крематорийлар акс этган.

Аввал ҳуқуқшунос бўлган журналист аёлга Шанхай суди томонидан тўрт йиллик қамоқ жазоси тайин этилган. Унинг адвокатига кўра, Чжан Чжань коронавирус тарқала бошлаган пайтда Уханда хаос муҳити юзага келгани ҳақида гапиргани важидан “жанжал ва зиддиятлар келтириб чиқарганлик”да айбдор, деб топилган.

Адвокат Жэнь Цюаньню 28 февраль куни журналистларга ҳукм ўқилган пайтда Чжан Чжаннинг руҳи тушиб кетгани, журналистнинг онаси эса кўз ёшларини тийиб туролмаганини билдирган.

У мижозининг соғлиги борасидаги хавотирлар кучайиб бораётганини қайд этган. Июнь ойида у ҳибсхонада очлик эълон қилган ва найча орқали мажбуран озиқлантирилган. Адвокат ўз мижози ўтган ҳафтада, агар оғир ҳукм чиқарилса, яна очлик бошлашга ваъда қилганини урғулаган.

Чжан Чжань Ухандан репортажлар ортидан шу йил бошида расмийлар томонидан қўлга олинган жамоатчи журналистлар орасида судланган илк киши бўлган.

Хитой вирусга қарши илк муносабати учун жаҳон ҳамжамиятининг кескин танқидига учраган ва маълумотларни яширганликда айбланган эди.

Кейинги ойда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан ўн кишилик олимлар гуруҳи касаллик тарқаши бўйича суриштирув ўтказиш Уханга йўл олиши кутилмоқда. Аввалроқ Пекин мазкур шаҳарда мустақил суриштирув ўтказилишини хоҳламаган, бироқ охир-оқибат бунга истар-истамас кўнганди.

Манба: ozodlik.org