“ТАСАВВУФ” АТРОФИДА

“ТАСАВВУФ” АТРОФИДА
275 views
28 December 2020 - 17:34

Бугун тасаввуф ҳақида кўп гапирилаётир. Айниқса, ёш адабиётчилар ичида тасаввуф ҳақида гапириш, ўзининг ҳали шаклланмаган мушоҳадаларини суфийзм сифатида тақдим этиш удумга айланмоқда. Албатта, бундай кўринишларга ҳам худди советлар даврида ёзилган мадҳиябозликларга кўрсатилгандай муносабат билдириб, уларни пайқамасликка ҳаракат қилиш мумкин. Аммо мадҳиябозлик ўзининг бутун сохталиги ва иккиюзламачилигига қарамай, ниқобсиз оқим эди. Суфийлик кўринишидаги ниқоб эса, шундай бир улуғвор ниқоб-ки, у билан узоқ вақтгача ўқувчини алдаб юрса бўлади.

Умуман олганда, гап фақат “суфийлик” атамасининг суистеъмол қилинаётгани ҳақида эмас. Бу атама бор-йўғи, баъзи адабиёт косиблари ўзлаштириб олган ўнлаб атамалардан биргинасидир. Гап шундаки, советлар даврида ёзувчининг фуқаролик бурчи ва жамият ҳаётида унинг асарлари тутиши лозим бўлган ўрин ҳақида қанча кўп гапирилган бўлса, бугунги кунда “соф адабиёт” ҳақида, яъний, ”шоирдан фақат шеър қолиши” ҳақида ҳам шунча кўп гапирилмоқда. Шуни инобатга олиш керак-ки, биз бу ерда расмий идеологияга хизмат қилаётган адабиётчиларни кўзда тутаётганимиз йўқ, зеро, уларнинг адабиётда қандай ўрин тутиши ҳаммага кундай аён. Биз – қадриятлари анча хиралашган, туманли бир даврда Мутлоқ ҳақиқатни излаб топишга ҳаракат қилаётган, аммо бунга эриша олмай, оддий косибга айланиб қолаётган бир қадар қобилиятли ёзувчиларни назарда тутаётирмиз. Бундай ёзувчилар ташқи дунёдан яхшилаб иҳоталанган, аммо айни пайтда, кўкка, Мутлоқ ҳақиқатга эмас, балки ўзининг кундалик маиший ҳақиқатига йўналган руҳи билан тоза санъат намунасини яратишга ҳаракат қиладилар. Улар суфийзм ёки “тоза санъат” ҳақида гапирар эканлар, буларни фақат руҳий зоҳидлик сифатида қабул қиладилар ва заминда юз бераётган ҳодисаларнинг Мутлоқ ҳақиқатга алоқаси йўқ, деб ҳисоблайдилар. Албатта, бундай улуғвор таркидунёчилик қошида эҳтиром билан бош эггинг келади, аммо ҳамма бало шунда-ки, бундай ўзига хос таркидунёчилик Мутлоқ ҳақиқатга интилишдан эмас, балки, бу ҳақиқатнинг бир бўлаги бўлган Ердаги ҳақиқатдан қочиш истагидан келиб чиқаётганга ўхшайди. Бундай адабиётчилар нигоҳларини осмонга қадаб: “ҳақиқат фақат кўкда”, дер эканлар, айни пайтда, тинч виждон билан, ўз маиший турмушлари учун зарур бўлган “беш кунлик дунё” ҳақиқатларидан бемалол фойдаланаверадилар. Бу тоифа адабиётчилар учун “руҳий зоҳидлик” ва “таркидунёчилик”дан қулайроқ бошпана йўқ. Чунки, бу ниқоб уларни ҳар қандай масъулиятдан халос этади. Улар аждодларимизнинг асрлар бўйи давом этган руҳий изланишлари маҳсули бўлган тариқатни худди қалпоқ кийгандай осонгина кийиб олишга тиришадилар. Аммо бу қалпоқ уларнинг бошларига катта келиши мумкинлиги ҳақида ўйламайдилар, ўйлаганларида ҳам бу ҳеч кимни хижолатга солмайди, чунки, юқорида айтганимиздек, бу дунёқараш аксарият ҳолларда қалпоқ сифатида эмас, ниқоб сифатида ишлатилаётир.

Бу ерда даниялик буюк файласуф Киркегорнинг “этик ва эстетик танлов” ҳақидаги фикрлари эсга тушади: “Ҳозирги даврда,–дея ёзади файласуф,–ўзларига бирон бир система топиб олган, аммо ҳар қандай этик туйғудан маҳрум бўлган одамларни тез-тез учратиш мумкин, аммо бу одамларнинг ўз дунёқарашлари йўқ. Тушунчалар аралаш-қуралаш бўлиб кетган ҳозирги даврда бундай одамларнинг пайдо бўлишини фақат ҳаётнинг кичик сирларини ўрганмай туриб, унинг буюк Сирларига ошна бўлишга тиришаётганлари билангина изоҳлаш мумкин”.

Суфийзм тадқиқотчиси Идрис Шоҳ эса, шундай ёзади: “Баъзи одамлар суфийларнинг обрўйидан фойдаланиш учун, уларга тақлид қиладилар. Баъзилари эса, бу хусусда китоблар ёзиб, бағишланмаган одамлар орасидаги руҳий саросималикни янада чуқурлаштирадилар.

Жўнлаштирилган суфийзм бўлмайди, бундан ташқари, ўзининг қўпол ва самарасиз дунёқараши билан бирон бир руҳий ҳолатга эришмоқчи бўлаётган беқарор одамлардан суфийзм қочади. Бундай беқарор одамлар кўпинча бақироқ бўладилар, аммо ўзларининг бутун бақироқлигига қарамай, улар суфийлар учун йўқ ҳисоби”.

Идрис Шоҳнинг суфийзм ҳақидаги рисоласидан яна бир парча: “Шайх Абул-Хасан Фушнаджий шундай деди: “Илгарилари суфий бўлмоқ – исмсиз реаллик ҳисобланарди. Бугун эса, у реалликсиз исмга айланди”. Бу фикрнинг жўн талқини қуйидагича: ўзини суфий деб атаётган жуда кўп одамлар пайдо бўлди, аммо уларнинг биронтаси ҳам суфийзмнинг реал мақсадларини тушунмайди.

Кўриб турганимиздек, бутун даврларда ҳам жуда кўп бағишланмаган одамлар суфийзм атрофида ўралашиб келган экан.

Албатта, ўзбек адабий доираларида суфийзм атамасининг бугунги оммавийлашиш сабабини советлар даврида таъқиқланган мевага бирдан ҳамманинг қўли етиб қолгани билан изоҳлаб қўя қолиш ҳам мумкин. Аммо муаммо бу қадар ҳам жўн кўринмаяпти. Афтидан, суфийзм баъзи адабиётчилар учун ўз ҳолича, яъний, қўпол ифода этганда, “предмет” сифатида эмас, балки, шакл, қолип сифатида керак бўлганга ўхшайди.

Яна ҳам аниқроғи, суфийзм “ижтимоийликдан чарчаган”лик белгиси бўлиши ҳам мумкин. Бу руҳий холатда фикрнинг қайта қуриш йилларидаги сингари чўқморсимон, қўпол, аммо тўғри, демократик табиати билан унинг расмий уйдирмаларга кўмилган ўта “назокат”ли, ёлғончи табиати ўртасида бир фарқ кўрилмайди, чунки, фикр икки вазиятда ҳам ўта ижтимоийлашган. Биринчиси – кўриб тургани ҳақида гапирса, иккинчиси – эшитиб тургани, аниқроғи, қулоғига “расмий адабий мезон”нинг шипшиб турган нарсалари ҳақида гапиради. Суфийзм, ушбу удум мансуби бўлмиш ёзувчи режасига кўра, уни бундай майда-чуйда “ижтимоийлик”лардан халос этиб, бир поғона юқори кўтарадиган шакл, аниқроғи, кайфият бўлиши лозим.

Хуллас, бугун тасаввуф ҳақида гапираётганларнинг фикрларида сўфийларга хос экспрессия, зоҳидона эркинлик, чуқурлик йўқ. Улар тасаввуфга “утилитар” ёндошадилар, уни уруш майдонидги бир “блиндаж”, ҳандақ сифатида кабул киладилар, ҳаётдан бекинишни – “суфиёна зоҳидлик” дея тақдим қилиб, ўз фаолиятларида суфизм риторикасидан кенг фойдаланадилар.

Аммо бир хил ҳолат ҳақида бир хил гапириш – ҳар доим ҳам айни ҳолатни англатавермайди. Хусусан, “мен ҳеч нарсани билмайман”, дея ўз жоҳиллигидан уялаётган мактаб ўқувчиси билан, “мен ҳеч нарсани билмаслигимдан бошқа ҳеч нарсани билмайман”, дея надомат қилаётган файласуф Суқрот ўртасида осмон билан ерча фарқ бор.

МАҚСУД БЕКЖОН
1997