Россия ҳукумати коронавирусдан ўлганлар сони озайтириб кўрсатилганини тасдиқлади

Россия ҳукумати коронавирусдан ўлганлар сони озайтириб кўрсатилганини тасдиқлади
60 views
29 December 2020 - 18:49

Россия ҳукумати коронавирусдан ўлганлар сони озайтириб кўрсатилганини, аслида пандемия оқибатида вафот этганлар расмий маълумотлардан уч маротаба кўп эканини тасдиқлади.

Россия статистика қўмитасининг 28 декабрда эълон қилинган ҳисоботида 2020 йилнинг январидан ноябригача бўлган оралиқда ўлимлар сони ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 229 700тага кўпайгани қайд этилган.

Россия бош вазирининг ўринбосари Татьяна Голикова эса ҳукумат йиғилишида: “Бу ўлимларнинг 81 фоиздан ортиқроғи COVID билан боғлиқ”,-деб айтди.

Шундан келиб чиқиладиган бўлса, Россияда COVID-19дан ўлганлар сони 186 мингдан кўпроқни ташкил қилади. Бу эса Россия коронавирусдан ўлимлар сони бўйича жаҳонда АҚШ ва Бразилиядан сўнг учинчи ўринда бораётганини англатади.

Россия ҳукумати бунга қадар мамлакатда 3 миллион одам коронавирусга чалингани ва 54 500 бемор ўлганини билдириб келган.

Декабрнинг бошларида президент Владимир Путин Россия умуммиллий изоляция жорий этмаган бўлса-да, пандемияга қарши курашда Ғарб давлатларидан яхшироқ натижаларга эришганини билдирган эди.

Манба: ozodlik.org