Apple таъминотчиси уйғурлар мажбурий меҳнатидан фойдаланганликда айбланмоқда

Apple таъминотчиси уйғурлар мажбурий меҳнатидан фойдаланганликда айбланмоқда
173 views
30 December 2020 - 19:11

Apple ширкатининг яна бир таъминотчиси Хитойдаги уйғурлар мажбурий меҳнатидан фойдалангани тўғрисида ҳуқуқ фаоллари тақдим этган маълумотларга таянган ҳолда Washington Post хабар берди. Ҳуқуқ фаоллари бу маълумотларни Tech Transparency Project лойиҳаси доирасида қўлга киритган.

Газетанинг ёзишича, iPhoneнинг узоқ йиллик таъминотчиси бўлган Хитойнинг Lens Technology ширкати Шинжон-Уйғур мухториятидан кўчириб келинган минглаб уйғурларни мажбурий меҳнатга жалб қилган.

Бунга қадар Apple ширкатининг камида тўртта таъминотчиси уйғурлар мажбурий меҳнатидан фойдаланганликда айбланган эди. Lens Technology бешинчи ширкат бўлди. Мазкур ширкат Amazon ва Teslaга ҳам маҳсулот етказиб беради.

Apple расмий вакили Жош Розенсток Lens Technology Шинжондан уйғур ишчилар мажбуран кўчириб келинмаганини билдирганини маълум қилди. Аммо Lens Technology расман бу хабарга муносабат билдирмади.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида эса “Хитойда мажбурий меҳнат мавжуд эмас”лиги таъкидланди.

Хитой ҳукумати мамлакатнинг турли минтақаларига Шинжондан юз минглаб уйғурларни кўчириб ўтмоқда ва уларни кўчирилган минтақалардаги заводларда ишлатмоқда.

Қўшма Штатлар ҳукумати 14 сентябрда Хитойдан пахта, кийим-кечак, компьютерлар учун эҳтиёт қисмлар, жун сотиб олишни тақиқловчи қарорни қабул қилган эди.

АҚШ ҳукуматининг билдиришича, бу маҳсулотлар Шинжон-Уйғур мухториятидаги мусулмонлар ва этник озчиликлар мажбурий меҳнати оқибатида ишлаб чиқарилган.

АҚШ ва қатор ғарб давлатлари Хитойда 1 миллиондан ортиқ мусулмон 2017 йилдан бери экстремизмга қарши кураш баҳонасида “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари”да сақланаётганини танқид қилиб келади.

Аммо Хитой бу лагерлар “экстремист ва террорчиларни қайта тарбиялаш” мақсадида ташкил этилганини билдирган.

Манба: ozodlik.org