Эрон: Сулаймоний ўлими учун АҚШдан ўч оламиз

Эрон: Сулаймоний ўлими учун АҚШдан ўч оламиз
103 views
03 January 2021 - 14:15

Эрон Ислом Республикасининг юқори мартабали қўмондони мамлакат инқилоб посбонлари корпусининг сара бўлими қўмондони, генерал Қосим Сулаймонийнинг Пентагон томонидан ўлдирилгани Эрон қаршилигини тўхтата олмайди, дея баёнот берди.

Сулаймоний ўрнини эгаллаган Исмоил Ғааний қўмондон ўлими учун Теҳрон «АҚШ ичидаги» шахслар ёрдамида қасос олишини таъкидлади.

Пайшанба куни Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Зариф АҚШ президенти Дональд Трампни Эронга ҳужум қилиш учун баҳона ўйлаб топишда айблади ва Эрон ўзини фаол ҳимоя қилиш йўлида чора кўришини айтди.

Генерал Сулаймоний ўтган йилнинг 3 январида Бағдод шаҳрида АҚШ кучлари томонидан берилган ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлганди.

Теҳрон бунга жавобан 8 январь куни АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базаларига ракета ҳужумини амалга оширди, натижада 110 га яқин америкалик аскар жароҳат олди.

Ўша куни Эрон кучлари «Украина халқаро ҳаво йўллари» авиаширкатининг Теҳрон – Киев йўналишидаги рейси билан Теҳрон аэропортидан парвоз қилган самолётни уриб туширди, натижада 176 нафар одам нобуд бўлди.

Бошида Эрон расмийлари учоқни ракета уриб туширганини рад этишди. Кейинчалик Эрон армияси учоқ «ғайриихтиёрий» равишда уриб туширилганини тан олди ва Теҳрон қурбон бўлганлар оилаларига 150 минг доллардан товон тўлашни таклиф қилди.

Манба: ozodlik.org