Юзлаб мадраса ёпилади, дунёвий мактабга айлантирилади

Юзлаб мадраса ёпилади, дунёвий мактабга айлантирилади
138 views
06 January 2021 - 9:44

Юзлаб мадраса ёпилади, дунёвий мактабга айлантирилади – Ҳиндистоннинг Ассам штати ана шундай қарорга келди. Ўз қарорини қонунан маъқуллади. Мухолифат буни “мусулмонларга қарши ҳужум”, деб атади.

Бу ҳақда Британиянинг нуфузли The Guardian нашри ёзмоқда.

Нашрга кўра, Ассам штати давлатга қарашли мадрасаларни энди дунёвий мактабларга айлантирмоқчи.

Ассам штатини ҳам Ҳиндистон Бош вазирининг бошқарувдаги миллатчи BJP партияси юритади.

Штатнинг худди шу партиядан бўлган вазирининг айтишича, мадрасалар бўлажак имомлар эмас, малакали ишчиларни етиштириб бермоғи лозим.

Ассам ўтган ҳафта бу хусусда махсус қонунни ҳам маъқуллаган, давлат мадрасалари ўрта таълим даражасида билим бера олмаётганини айтган.

Нашрнинг ёзишича, мухолифат бу янгиликни танқидлар билан қарши олган.

Янги қонун “ҳиндулар катта кўпчиликни ташкил этувчи мамлакатда ҳукуматнинг мусулмонларга ёвқарашини ифодалаши”ни айтган.

Маълум бўлишича, Ассам штатидаги етти юздан ортиқ мадраса шу йилнинг апрель ойига қадар ёпилади.

The Guardian бу ҳақда штат Маориф вазири Ҳиманта Бисва Шарманинг маҳаллий кенгашга айтган сўзларига таяниб ёзган.

“Бизга озчилик мусулмон жамоалари орасидан масжид имомлари эмас, кўпроқ докторлар, полиция зобитлари, мутасаддилар ва ўқитувчилар керак”, – деб айтган вазир.

Унга кўра, мадрасаларда берилаётган таълим ҳеч кимни “бу ўткинчи дунёнинг дунёвий ташвишлари”га тайёрлай олмаслиги боис, ҳукумат уларни одатий мактабларга айлантиради.

Мухолифатдаги сиёсатчиларга кўра, бу каби бир қадам “мусулмонларга қарши ҳужум”дир.

Ўтган ҳафта юздан ортиқ нафақадаги юқори мартабали давлат хизматчилари ва дипломатлар Ҳиндистоннинг энг йирик Уттар-Прадеш штати раҳбариятига мурожаат билан чиқишган.

Улардан ҳинду мутаассиблари “Севги жиҳоди”, деб атовчи қонунни бекор қилишларини сўрашган.

Янги қонун никоҳ асосида ўзга диндаги аёлнинг ўз динини ўзгартиришини маън этади.

Бу қонун ҳам мусулмонларга қарши қаратилганига оид танқидлар остида қолиб келади.

Уттар-Прадеш штатини ҳам бошқарувдаги BJP партиясидан бўлган сиёсатчилар бошқаради.

Ҳиндистон – мусулмон аҳолиси сони бўйича дунёдаги иккинчи йирик мамлакат саналади. Ҳозир 200 миллион мусулмон яшайди.

Келаси бир неча йилнинг ичида эса, Ҳиндистоннинг Индонезияни ортда қолдириб, дунёдаги энг йирик мусулмон давлатига айланиши мумкин, деган фаразлар ҳам бор.

Бироқ сўнгги йиллари Ҳиндистонда ҳиндулар дини – Ҳиндуизмга устунлик бериш ва бошқа дин вакиллари, хусусан, мусулмонларни таҳқирлаш ёки камситиш ҳоллари кучайгани ҳам айтилади.

Манба: bbc.com/uzbek