Қозоқларга ерини ҳеч ким бермаган – Тоқаев ўз сўзини айтди

Қозоқларга ерини ҳеч ким бермаган – Тоқаев ўз сўзини айтди
114 views
06 January 2021 - 9:48

Қозоғистон-Россия: Қозоқларга ерини ҳеч ким бермаган – Тоқаев ўз сўзини айтди. Қозоғистон президенти россиялик айрим сиёсатчиларнинг “ер даъвоси”га ана шундай муносабат билдирди.

Ўтган бир ойнинг ўзида Россия Давлат думасининг бир эмас, икки депутати устма-уст иддаолар билан чиқишган.

Ўтмишда Қозоғистон деган давлат умуман бўлмагани, унинг ерлари Россия томонидан берилган катта совға экани ва мамлакатлари уни қайтариб олиши кераклигини даъво қилишган.

Бу каби таъкидлар Россиянинг бошқарувда бўлган партияси – Единая Россия депутатлари томонидан янграгани билан алоҳида аҳамият касб этган, аксарият минтақавий кузатувчиларни ҳушёр торттирган.

Бунинг ортидан, уларнинг айни мазмундаги иддаоларини ўзининг шов-шувли чиқишлари билан танилган россиялик сиёсатчи Владимир Жириновский ҳам дастаклаб чиққан.

Воқеаларнинг бу каби ривожи Россия президенти Владимир Путин ўзининг шунга ўхшаш сўзларидан саноқли ойлар ўтиб бўй кўрсатган.

Ўтган йил июнь ойида Путин Совет Иттифоқи таркибига кирган пайтида кўплаб республикалар тарихан Россияга тегишли бўлган ерларга эгалик қилиб олишганини иддао қилган.

Улар Иттифоқ таркибида чиқиб кетаётган пайтда Рус халқидан совға олгандек эмас, қандай кирган бўлишса, шундай чиқишлари керак бўлганини таъкидлаган.

Аммо Россия раҳбари ўшанда бирор бир давлатдан алоҳида ном тутмаган, аксарият минтақавий таҳлилчилар эса, бунинг Қозоғистон ва Украинага ишора эканини ҳам айтишган.

Президент Путиннинг бу сўзлари ҳам ўшанда постсовет ҳудудидаги кўпчиликнинг эътиборидан четда қолмаган, суҳбати анчайин нохуш қарши олинган.

Айрим сиёсий таҳлилчилар буни Қозоғистон янги президенти келиши билан имкон қадар мустақил геосиёсий курсга ҳаракат қилаётгани омили билан ҳам изоҳлашган.

Россиялик сиёсатчиларнинг сўнгги даъволари эса, Қозоғистон ичкарисида кескин акс-садоларга сабаб бўлган.

Қозоғистонлик айрим таниқли сиёсатчилар бу Россия ҳокимиятининг “кучайиб бораётган янги империячилик синдроми”нинг ифодаси эканини айтишган.

Зиёли, фаоллар ва айрим мухолифат вакиллари эса, буни шундай қолдирмасликка даъват қилиб чиқишган.

Қозоғистон Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан чиқиши, “Бойқонур”нинг ижарасини тўхтатиб қўйиши, россиялик бу икки депутатни мамлакатда “исталмаган шахслар”, деб эълон қилиши кераклигини таъкидлашган.

Президент ва Элбошини бу даъволарга қарши “очиқча муносабат” билдиришга ундашганди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги эса, Россия томонига бу хусусда расман норозилик нотаси юборган.

Бунга ўхшаш баёнотлар алал-оқибат ўзаро муносабатларига “жиддий зиён” етказиши мумкинлиги билан огоҳлантирган.

Бу каби воқеълик ҳам ўзининг анчайин ғайриодатий экани билан Қозоғистоннинг айни мазмундаги даъволардан қанчалик жиддий хавотирда эканига далолат қилмай қўймаган.

Қозоғистон томонининг 10 декабрь куни йўллаган нотасига Россия Ташқи ишлар вазирлигининг жавоби қандай бўлгани маълум эмас.

Аммо 17 декабрь куни КазТаг агентлиги сўровига жавоб бераркан, Владимир Путиннинг матбуот котиби “Россия Конституцияси бўйича мамлакатнинг ташқи сиёсатини президент белгилаб бериши”ни айтган.

Президент муносабати

Қозоғистон президенти эса, “ерга оид даъволар”га куни-кеча Egemen Qazaqstan давлат нашрида чоп этилган мақоласида тўхталиб ўтган.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ҳудудий яхлитлигини савол остига олувчи “иғвогорона амал”ларга мамлакати расман қарши туриши кераклигини айтган.

“Табаррук заминлари ўзларига ота-боболаридан мерос қолгани”ни таъкидлаган.

“Қозоқларга бу улкан ҳудудларни ҳеч ким бермагани” баён қилган.

“Яна бир бор мамлакатнинг миллий манфаатларини ҳам “нон” ва ҳам “тош” билан ҳимоя қилишга ҳозир туришлари лозимлигини таъкидлашни исташи”ни айтган.

Мустақил Қозоғистоннинг биринчи президенти, Элбоши Нурсултон Назарбоев ҳам 15 декабрь куни россиялик сиёсатчиларнинг бу каби даъволарига муносабат билдиргандек кўринган.

Мустақиллик куни муносабати билан йўллаган муждасида қозоқлар, “бепоён даштларнинг ҳақли ворислари” эканини баён қилган.

Бу каби баёнотлар аҳолисининг 20 фоиз(қарийб 3.5 миллон)га яқинини руслар ташкил этувчи Қозоғистонни доимо ташвишга солиб келади.

Чунки Кремль ўтмишда айрим урушлардаги иштирокини четдаги рус озчилигининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш изоҳи билан оқлаб келган.

Қозоғистондаги аксарият руслар эса, мамлакатнинг Россия билан бевосита чегарадош шимолида яшашади.

Расмий Нур-Султон 2014 йилда Қрим аннексияси – унинг Россия таркибига қўшиб олинишини дастаклаган бўлиши мумкин, аммо ўшандан буён ўзининг ҳудудий яхлитлигига таҳдидларга ҳам ҳушёр бўлиб келади.

Қозоғистон Россиянинг минтақадаги энг йирик стратегик иттифоқчиларидан бири бўлади.

Айрим сиёсий таҳлилчиларга кўра эса, Тоғли Қорабоғда юз берган сўнгги ҳодисалар Москванинг нафақат жанубий Кавказ, балки бутун постсовет ҳудудидаги таъсири учун ҳақиқий геосиёсий фожеа бўлган.

Россиянинг ўз томорқасидаги таъсири хавф остида қоларкан, ўзининг бор диққат-эътиборини Марказий Осиёга қаратишга ўтган.

Марказий Осиё эса, постсовет ҳудудидаги энг катта географик ва демографик ҳудуд бўлади, дейишади улар.

Сўнгги ойларда Россия баъзи “зараркунандалар топилгани” изоҳи остида Ўзбекистон илова айрим собиқ Совет давлатларидан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари импортига ҳам тақиқ қўйган, айниқса, Озарбайжон мисолида бу Ғарбда Кремлнинг “помидор уруши” экани каби талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Айрим минтақавий таҳлилчилар буни Россиянинг мазкур давлатларга бераётган оҳиста сигналларига ҳам йўйишганди.

Манба: bbc.com/uzbek