Трамп энди нима қилмоқчи – экспертлар қўрқувда, АҚШ ва Ўзбекистон

Трамп энди нима қилмоқчи – экспертлар қўрқувда, АҚШ ва Ўзбекистон
436 views
07 January 2021 - 21:40

Капитолий ишғоли: Қурбонлар бор – АҚШ да нималар бўлмоқда? АҚШ дунёнинг энг кўп сондаги ўзбекистонликлар яшаб, меҳнат қилиб, таҳсил олиб келаётган тўртта давлатидан биттаси саналади. Ишғолдан саноқли соатлар ўтиб, Конгресс Жо Байденни президент, деб расман маъқуллади.

Аммо Жо Байденнинг инаугурация маросими 20 январга режаланган. Унгача эса, яна икки ҳафта муҳлат бор.

Бу вақт оралиғида Дональд Трамп АҚШ президентлигича қолади.

Капитолий эса, айнан унинг даъвати билан тарафдорлари томонидан ишғол қилинди.

Муддат тугашини кутмасликка қатъий қарор қилган Демократлар ҳозир қатъият билан Трампни президентликдан олиб ташлашни таклиф қилишмоқда.

Улар Американинг амалдаги раҳбари ўз вазифаларини бажара олмаслигига амин.

Экспертлар эса, Трампнинг кейинги қадамларидан қўрқишмоқда.

Трамп даври Америкаси янги Ўзбекистоннинг ўзаро алоқаларида стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаган илк Ғарб давлати бўлади.

Ўзбекистон президенти ҳалича Жо Байденни президент сайловидаги ғалабаси билан расман қутламаган.

Эмомали Раҳмон ўтган ой Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистондан сўнг АҚШ янги президентини табриклаган сўнгги минтақа давлати лидери бўлган.

Кеча, чоршанба куни президент Трампнинг қуролланган тарафдорлари Капитолий биносига бостириб киришган, уни куч билан қамал қилишган.

Ҳодиса Конгресс қуйи ва юқори палатаси сўнгги президент сайлови натижасини расман тасдиқлаш учун йиғилган бир пайтда юз берган.

Бу сайловда амалдаги президент Дональд Трамп мағлубиятга учраган, натижалар унинг демократчи рақиби Жой Байден ғалаба қозонганини кўрсатган.

Аммо Республикачи номзод ҳали-ҳануз ўзининг президент сайловидаги мағлубиятини расман тан олмай келади.

Сўнгги АҚШ президент сайлови ўтган йилнинг 3 ноябрь куни бўлиб ўтган.

Капитолий ишғоли

Хабарларга кўра, ашаддий тарафдорлари шахсан президент Трампнинг даъвати билан Капитолийга қараб ҳаракатланишган.

Бунинг ортидан юзага келган тартибсизликлар эса, тўрт кишининг ўлими билан якунланган.

Бир аёл полиция томонидан отиб ўлдирилган. Қолган уч кишининг ўлимига “фавқулодда тиббий ёрдам имконсиз бўлган вазият” сабаб бўлгани айтилмоқда.

Камида 14 полиция ходими яраланган, икки полициячи касалхонага ётқизилган.

Полиция масъуллари ўнлаб кишининг ҳибсга олинганини ҳам маълум қилишган.

Вазиятни ўнглаш учун Капитолийга Миллий Гвардия қўшинлари ташланган.

Сенатор ва конгресменлар хавфсиз жойга кўчирилган, улар сайлов варақаларини асраб қолишга улгуришган.

Худди шу орада қатор ижтимоий тармоқлар президент Трампнинг акаунтларини блоклашганига оид хабарлар ҳам олинган.

Бир неча соатлик тўқнашувлар ортидан, зўравонликларга кечанинг ўзида барҳам берилган. Конгресс яна қайта йиғилган.

Айрим Республикачи сенаторлар баъзи штатларда сайлов натижасини бекор қилмоқчи бўлишган, аммо бунга муваффақ бўлишмаган.

Президент Трамп тарафдорларини уйларига қайтишга чақирган, аммо сайлов натижаси “ўғирлангани”га оид асоссиз даъволарини яна бир бор такрорлаган.

АҚШ да нималар бўлмоқда?

Баҳодир Файз,

Социолог, Ўзбекистон-АҚШ

Америка ўзининг бу яқин тарихида илк бор бир ижтимоий-сиёсий хаоснинг ичида қолган.

Демократия бешиги ва дарғаси ҳисобланмиш АҚШ бутун дунё кўзи ўнгида шармандали бир можаро ва демократик муассасаларга таҳдидга шоҳид бўлмоқда.

Мамлакатдаги айрим йирик оммавий ахборот воситалари эса, юз берган сўнгги ҳодисани “давлат тўнтаришига уриниш ҳаракати”га ҳам қиёс беришмоқда.

Бу машъум воқеаларга, менимча, бутун сайлов жараёнида амалдаги президент Дональд Трампнинг ўз тарафдорларини қутқуга солиб келгани асосий сабаб бўлган.

Чунки шунча вақт давомида Дональд Трамп ва унга содиқ баъзи Республикачи сенаторларнинг президент сайлови натижасини тан олмасдан, асоссиз, тасдиқланмаган даъволар билан давомли равишда ташвиқот олиб борганликлари кўрилди.

Биз ҳозир президентлик йиллари мобайнида Америка халқини қутблаштирган, кескин жабҳаларга бўлинишига олиб келган Трам популистик сиёсатининг натижасига гувоҳ бўлаяпмиз.

АҚШ Конгресси янги президентни расман тасдиқлаш учун пойтахт Вашингтонда йиғилган бир пайтда Трампнинг минглаб тарафдорлари Конгресс биносига қараб юришди.

Конгресс биноси олдида аввалига полиция тўсиқларини енгиб ўтишга муваффақ бўлган намойишчилар “Биз Трампни истаймиз”, “Биз ғалаба қозондик”, деган шиорлар билан унга бостириб киришди.

Тўполонлар натижасида комендантлик соати жорий қилинди.

Бу ҳақда эълон қиларкан, Вашингтон мэри комендантлик соатининг пайшанба куни эрталаб соат 06:00 гача давом этишини маълум қилди.

АҚШ да тўрт йилда бир марта ўтказиладиган президент сайлови натижаларини расмийлаштириш одатий бир жараён ва расмиятчилик сифатида кўрилади.

АҚШ Конгресси хавфсизлиги учун масъул полиция, Миллий Гвардия ва шаҳар ҳуқуқ-тартибот идоралари маҳаллий вақт билан кечки соат 17:40 лар атрофида бино хавфсизлиги тўлиқ таъминланганини эълон қилишди.

Маҳаллий вақт билан кечки соат 20:00 да Конгресс аъзолари қайта йиғилиб, сайлов натижаларини расмийлаштириш жараёнини давом эттиришга киришишди“.

Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра, Вашингтон мэри Мюриэл Баузер фавқулодда вазиятни 15 кунга – янги президент Жо Байденнинг инаугурациясига қадар узайтиришга қарор қилган.

Дунё лидерлари Вашингтонда юз берган сўнгги зўравонликларни қоралаб чиқишган.

Кўплаб раҳбарлар ҳокимиятни тинч ва тартибли равишда топширишга чақиришган.

Капитолий ишғолини “даҳшатли” ва “демократияга қарши ҳужум”, деб таърифлашган.

Ҳозирча сўнгги ҳодисаларга Марказий Осиё давлатлари лидерларининг муносабати маълум эмас.

Ўзбекистон президенти 4 январдан бошлаб қисқа меҳнат таътилида.

Би-би-си: Америка Қўшма Штатлари жорий пайтда дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар яшаб, ўқиб, ишлаб келаётган тўртта давлатидан биттаси бўлади.

Айрим ҳисоб-китобларга кўра, ўзбекистонликлари дохил Америкадаги ўзбекларнинг тахминий сони ҳозир деярли уч юз минг кишига етай, деб қолган.

Улардан аксариятини эса, Грин-карта ёрдамида Америка Қўшма Штатларида яшаш ҳуқуқини қўлга киритганлари ташкил этишади.

Америкада яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар орасида етакчи олимлар, ишбилармонлар, турли халқаро ва жамоат ташкилотлар вакиллари мақомида бўлганлари, нуфузли университетларида таҳсил олаётганлари озмунча эмаслиги айтилади.

Ўзбекистондаги “Ижтимоий фикр” тадқиқот марказининг сўнгги сўровларидан бири Америкага кетиш истагида бўлган ўзбекистонликлар сони ортиб бораётганига далолат қилган.

Бугун хорижда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликлар сони миллионларга нисбат берилади.

Бу каби ҳолат Марказий Осиёнинг қолган бирор бир давлати мисолида кўрилмайди.

Манба: bbc.com/uzbek