ИЛТИМОС, ФАҚАТ СИЗ ГАПИРМАНГ!

ИЛТИМОС, ФАҚАТ СИЗ ГАПИРМАНГ!
491 views
08 January 2021 - 15:12

Мамлакат жудаям оғир ахволда. Вилоятларда кун-кун ора газ портлаб одамлар, энг ачинарлиси хали ҳаётга тўймаган гўдаклар ўляпти.

Сиз ёппа-ёруғ кабинетингизда навбатдаги найранг, фитналарни тузаётганигизда, аниқроғи кимларнингдир мусиқасига ўйнаётганингизда халқ зимистонда касал, ногирон невараси исиши учун, мол тезаги, мевали дарахтлари, кийим-кечаги нодир китобларини ҳам ёқяпти.

Сиз оилангиз билан яйраб гўшт чайнаётганда қашшоқ халқ макарон ва буханкага зўрға пул топяпти.

Сизнинг фарзандларингиз ёнингизда. Аммо боласи ноилож иш излаб мардикорликка кетган қарияларнинг кўзи йўл қараб киртайди. Кўзи очиқ кетганлар- боласининг илкидан бир кафт тупроқ кўрмаганлар қанча…

Олий маълумот олган ўғлингиз, қизингиз, келин…хуллас ҳаммаси ёғлироқ жойдадир?
Улардан ҳам билимлироқ, юрт тараққиётига хизмат қилиши керак бўлган қанча мутахасислар, истеъдодли ўғил-қизлар, олимларимиз билимни қадрловчи, мамлакатларга кетяпти.

Қариндошларингиз, таниш-билишларингиз қаерда? Меникилар оддий одамлар. Ўзим ҳам оддий шифокорман. Қўлимдан нари борса мухтожроқ, касалванд уруғимни, танишимни, танишимни танишини пойтахтдаги мундайроқ касалхонага жойлаш, бефарқроқ рахбариятга пўписа қилиш ва беморга бир коса овқат олиб бориш келади холос. Уларни жон деб маоши юқорироқ, истеъмол саватчасини тўлдирадиган ишга жойлаб, ошқозон яраси, раки, оқ қон, сил, гепатит, жигар церрози…асаб, юрак хуллас ҳамма оғир ижтимоий холат туфайли келиб чиқадиган касалликлардан ҳимоя қилардиму қўлимдан ҳеч нарса келмайди. Чунки менда сиздаги қудрат йўқ.

Кампирингиз ҳаёт бўлса нурланиб уй тўрида ўтиргандир? Мени 40 йил давлат касалхонасида ҳамшира бўлиб ишлаган онамнинг газсиз уйида кеча олти марта свет ўчган. Минглаб кампирлар онамдай яшаяпти.

Невара, чевараларингиз битта майкада ўтириб дарс қилаётганда миллионлаб болалар дир-дир титраб, музлаётган қўлига куфлаб-куфлаб аранг ручка ушлаяпти.

Бозоргаку бормасангиз керак, агар йўлингиз тушса тайёр пештахталар ортидаги ялтираб турган олиб-сотарларга эмас, бир четда изғиринда савдо қилаётган юпун кийинган аёлларга бир назар ташланг. Кимдир ааааарзонгина уй жой (аслида арзон эмас) учун олган кредитини ёпмоқчи, кимдир фарзандиринг тўлов -контрактини тўламоқчи, кимнидир боласи оғир касал, кимнингдир боқувчиси ўлган, кимнингдир умуман саноқли умри қолган…
Сизнинг келинингиз тўрт баклажка сут, беш-олти кило томорқа олма, қишда биров қарамайдиган гўжани сота олмай мўлтираб ўтирадими?

Қизларингиз Туркия, Дубайга бориб хизматкорлик, дўппи тор келса фохишалик қиляптими? Ўғилларингизнинг ўлиги Россия ўрмонларида қолиб кетганми?

Қайси танишингиз порахўрлик билан қўлга тушди? Чунки тегрангиздагиларнинг бари “оппоқ” Фақат ўта майда, майда, ўрта ва ўртадан сал каттароқ ўғрилар, коорупционерларгина қўлга тушяпти. Катталари, йириклари эса халқни лақма қиляпти.

Фақат Ўзбекистон каби давлатда нонкўр, очкўз, билимсиз амалдорлар миллиардларга қурилган тўғон, кўприкларни ағанатиб, бечораларга қиммат ва сифатсиз уй-жойлар қуриб, тиббиёт, таълимни таназзулга маҳкум қилиб, халқни жарималар билан шилиб яйраб яшаши мумкин.

Қаранг, бевосита сизнинг айбингиз билан шаклланган Ҳукумат қарз кетидан қарз оляпти.
“Бу қарзлар ҳеч нарса эмас, ер ости бойликларимиз мўўўл” дея юпатиб ҳам қўйишади. Қани ўша бойликлар? Ҳеч бўлмаса ижтимоий тармоқларда гадойдек пул сўраётган оғир беморларга, мухтожларга беринглар! Навоийда бир курсдошим, малакали гематолог шифокор оққон касалига чалинган. Оиласи ночор, ноилож. Уни даволатиш учун “тиланчилик” қилиб пул йиғяпти. Аслида ўша шифокор оиласидан кўра халқимизга керакроқ. Чунки битта зўр врач юзлаб хаста болаларни оёққа турғизи мумкин.

Арзимаган ойликка ишлатиб-ишлатиб, яроқсиз холатга келтиргач ( одамнинг Т-лимфотроп вируси оққонга чалинган бемор болалардан юққан) ахлатдек бир чеккага отилса, эртага тиббиётда фидоий шифокор қоладими?

Турли жабхаларда ярим асрдан меҳнат қилиб, хозир хор-зор яшаётган Ватандошларим қанча? Давлатнинг ташқи қарзларини эртага уларнинг невара-чевараси узадими? Ёки Тожикистонга ўхшаб ерларимизни сотасизларми?

Ҳамма сохада хаос! МСК тасдиқлаган (халқ сайламаган) аксари депутатлар, сенаторларнинг кўксида фақат депутат ва сенатор значоги бор. Уларда халқ учун, Ватан учун уриб турадиган юракнинг ўзи йўқ!
Дала ховлилар қаср, машиналар крутой, егани олдида -емагани кетида, Мияларигача ёғ босиб кетгани учун халқни қийнаб қўяётган қарорларни тасдиқлаб, Қонунчиликни булғаб ташлашди. Уларни Олий мажлис биносида ўргангани фақат Кетмоновчасига қарсак чалиш, Хайитовчасига масқарабозлик, Қодировчасига алжираш ва Нарбаевачасига пўписа қилиш холос!

Европадаги энг ривожланган давлатларнинг бири Швецарияда Парламентнинг қуйи палатасида Кантонлар кегашининг 46 нафар аъзоси фаолият юритади. Катта палатадаги Миллий кенгашнинг 200 нафар аъзоси эса сиёсат билан иш жойидан айрилмаган холатда шуғулланишади. Яъни кимдир нон ёпади, кимдир қўй боқади, кимдир ўқитувчи, шифокорлигини қилади. Улар вайсақи, масқарабозларни депутат қилиб сайлашмайди. Шунинг учун Давлати, халқи ҳам бой! Биздачи? МСК нининг найранглари туфайли хали бери Швецария бўла олмаймиз. Фақат ундаги банкларга қуллардан ўғирланган пулларни ўғринча юборадиган коорупционер, юлғич, қолоқ давлат мақомида қолаверамиз.

Уругвай фарзанди Хосе Альберто Мухика Корданони дунёдаги энг қашшоқ , аммо энг саҳоватли Президент деб тан олишган. Чунки у том маънода халқи учун яшаган. Хатто ойлигини ҳам қашшоқ, бечораларга тарқатган.

2015-йил 1-мартида Табаре Васкес мамлакат Президенти лавозимига сайлангач, у лавозимини тарк этади. Гарчи муддат 2020-йилгача бўлсада у Сенаторликдан 2018-йилда воз кечади. Ариза ёзиб, истеъфога чиқади. Эрта нафақага чиқдим деб Сенат берадиган нафақасидан ҳам воз кечади.

Биздачи? Сизнинг шарофатингиз, МСК нинг мархамати билан биттасини 27 йил, ўлгунча ” сайладик”. Иккинчисини Конституцияга тупуриб, Қонунчиликка хилоф равишда бошимизга чиқариб қўйдингиз.

Марҳумнинг кетидан гапириш одатим йўқ. Тиригининг хатолари, айбларини кўп марта ёздим, халқ ёзяпти. Унга ишонишни, унга эргашишни жудаям хохлаган эдик. Афсус…

Агар Президент чинаккам халқ боласи, мамлакатни инқироздан олиб чиқадиган лидер бўлмаса биз яна 30 йил орқага кетамиз, Давлатчилик ўлади, миллат майдалашиб пароканда бўлади.

Номзодларингизни эса афсуски, тахмин қиляпмиз.
Хўш, халққа танлов борми?

Шундай экан театрлашган сайловга кетадиган миллиардларни бу йил қишдан омон чиқиши учун ахолининг мухтож қатламига бўлиб бериш ташаббуси билан чиқсангиз умрингиз давомида Ватанингиз учун биттагина савоб иш қилган бўлар эдингиз.

Хуллас, фақат сиз гапирманг!

Пенсиянгизни Давлатга қайтармасангиз ҳам, ўғирланган 30 бебахо йилларимиз учун хисобот бермасангиз хам, амаллаб йиққанингиздан оққонга чалинган курсдошим Ёрқул Шодиевнинг пластигига ўткизиб қўймасангиз ҳам майли, фақат Лавозимингиздан кетинг! Истеъфо беринг!

Халқнинг қарғишиданку қўрқмаяпсиз, ҳеч бўлмаса Аллохдан қўрқарсиз?!

Муаззам Иброҳимова

Манба: facebook.com