ТУШЛАРИМ

ТУШЛАРИМ
352 views
10 January 2021 - 18:54

Туш…
Дорга осилдим.
Бошсиз, бадансиз
Руҳим чириллади, арқонда сас йўқ.
Майдон қийқираган каллага тўла.
Аммо инсон деган бирорта кас йўқ.
Курсини бир тепган дўстни танидим.
Кеча мақтаганди ёзганларим у.
Бугун бор овозда бақирди:
Нонкўр!
Қара, ахир хақ бор! Хақиқиқат борку!
Хирилдоқни сўнги тавба деб ўйлаб
Дор томон талпинди саноқсиз “қулоқ”
Улар шунчалар кўп…
-Мени ҳам осинг!!!
Ўкирди уларни кўтарган тупроқ…
Ана, томошабин
Эрлар тўдаси.
Чаламуллаларга бурди кўзларин.
“Або Муслимийдан… бахс бошлади ким
Осилмаса бўлди ўзлари…
Ана шоир(а)лар зиёлисурат
Ишқдан бўшамаган юраклари тўқ.
Уюшганлар тўпи, хайрият…
Мухаммад Солих йўқ
Рауф Парфи йўқ…


Ану.. болачалар нимжон, касалманд
Юртнинг оналари гирён, эзилар.
Камқувват билакда болталар увлаб
Сўнгги оққантаклар кесилар…


Дуо бераётган кекса чол ночор
Қах-қах кулаётир тақдир, хақиқат
Невара қиз энди итхўрлик қилар
Бедин, бехудога масхара миллат.


Хатто тушларим ҳам зимистон, совуқ…
Дардларимни битай қайси достонда.
Фақат сотқинлар динг, хойинлар уйғоқ.
Мангу мудроқдаги МАНҚУРТИСТОНДА

Муаззам Иброҳимова