Миллат таназзули ёинки Туркистонни тиклаш мумкинми?

Миллат таназзули ёинки Туркистонни тиклаш мумкинми?
1,130 views
20 January 2021 - 23:36

Миллат таназзулли Амир Темур давлатининг парчаланишидан бошланган. Бирлаштиришга харакатлар бўлди, лекин бугунгача натижа бўлмади. Узоқ тарихимиз давомида миллатни бирлаширишга харакатлар бўлди. Бу йўлга миллатнинг неча-неча мард ўғлонлари ўз ҳаётларини тикдилар. Аммо, Амур Темур давридан кейин шу давргача Туркистон туркий миллатларини бирлаштириш ўтган авлодларимизга насиб этмади. Келинг дўстларим, шу лахза бир сония Туркистон туркий миллатларини бирлаштира оламизми, бунинг учун нима қилиш мумкин деган масала ҳақида ўйлаб кўрамиз.
Миллатни бирлашиб катта кучга айланиши учун тил, маданият, урф-одат, ҳудуд ва давлат бирлиги бўлиши керак. Дунё миллатлари шу сохада рақобат қилиб келган ва кучлиси кучсизини йўқ қилиб юборган. Кўп майда миллатлар катта миллатларга сингиб кетган, баъзиларини йўқ қилиб юборилган. Масалан, қизил танлиларни Шимоий Америкада инглизлар 100 йилда деярли қириб юборган. Шунинг учун катта миллатлар бошқа катта миллатни eнгиш учун уни аввало парчалашга харакат қилган. Масалан, қадимги буюк туркий давлатчилигимизнинг асоси бўлган Турон Туркистон, Эрон ва Афғонистонга, кейин эса Туркистоннинг ўзи Шарқий Туркистон, Ўзбек, Қозоқ, Қирғиз, Тожик ва Туркманга бўлинди. Аслида булар бир тилда-туркий тилда гаплашадиган, ва бир бирларини таржимонсиз тушунадиган халқлар бир миллат эдилар. Охирги бўлишларни Россия СССР кўринишидa амалга оширди ва у яна 50-100 йил яшаганда эди бўлинган кичик миллатларни тўлиқ руслашиш эҳтимоли катта эди. Хозир ҳам ичимизда тўлиқ ёки ярим руслашганлар, ёки руспарастларнинг сони миллионларни ташкил қилади. Узоққа бормайлик, ўтган президент ва хозирги президентимизнинг ўзига, ишларига, танлаган амалдорлари ва оилаларидаги мухитга қараб қўйишнинг ўзи кифоя.
Туркистон ёки Турон тикланиши мумкинми? Мумкин, бунинг учун бу ишга туркийларнинг энг катта бўлаги-Ўзбеклар бош бўлиши керак эди.
Шунинг учун ҳам Ўзбекларга, яъни Туркистон туркий миллатларининг энг катта қисмига охирги 100-200 йил ичида жуда катта хужумлар бўлди ва бўлмоқда. Табиийки бу хужумларнинг каттаси ёнимизда икки катта миллат – Россия ва Хитой томонидан амалга оширилмоқда.
Хитойнинг хуружини иқтисодий экспанcия ва Шарқий Туркистон уйғурларини йўқ қилиш сиёсатида кўрилса, Россия хуружини тил, иқтисод, технология, ҳар қандай ривожланишни тўхтатиш, Туркистоннинг бирлашиш харакатларига муттасил қаршилигида кўриш мумкин. Кутиш мумкинки Россия Ўрта Осиё-Туркистонни яна кўп йиллар қўл остида тутиб туришга бор имкониятини ишга солади.
Форс давлати Туркистоннинг тарихий рақиби, ҳусусан Эрон хозирча катта дунёвий босимлар остида, кучга тўлиши билан Тожик миллатчилиги, форс тилини кенгайтириш масалаларини кўтариши мумкинлигини кутиш керак. Биз Тожиклар билан икки тилда гаплашадиган, маданиятимиз, динимиз, келиб чиқишимиз ва қонимиз бир миллат эканлиги доимо эсда тутишимиз, бизни ҳеч қандай куч ажтара олмаслигига бугундан тайёр бўлишимиз керак.
Шундай тахликали замонда туришимизга қарамасдан миллатдан хақиқий буюкларнинг чиқмаслиги ва “сохта” буюкларнинг кўплигига сабаблардан бири Туркистон ва Туронни бирлаштириш учун курашадиган хақиқий буюкларнинг пайдо бўлишини ёнимиздаги катта миллат рақибларимиз ҳоҳламаслиги ва сай-харакатлари натижасидир.
Шунинг учун хам улар аввал Каримов, хозир эса Мирзияев ва ёнимиздаги “xон”ларни Туркистон халқларининг бошида туриб ана ўшалар манфаатига хизмат қилишини, миллатни ривожланмаслигини, коррупcия, қолоқлик, саводсизлик ботқоғига ботиб уларнинг беъмалол кириб келаверишига Туркистон эшикларни ланг очиб туришларини хохлайдилар.
Аввалги мақоларимизнинг бирида кўрсатдикки, ўзбеклар бошига Каримов келмаганида, энг камида 90-йиллардаги ривожланиш ва ўсиш даражаси сақланганида ҳам халқимизнинг адади бугун 50 млн. бўлар эди ва қудратли бўлмаса-да кучли бир мамлакат бўлар эдик. Халқни биологик ўсишини қасддан тўхтатиш унга нисбатан геносид кабидир. Бунга Мирзияев таърифи билан айтганда “Бутун бир халқни онгли равишда онгсиз қилиш” қўшилса, натижа ундан-да аянчлидир.
Биргина мисол. Улуғ Рус Путин тимсолида ўзининг биродари Беларусга Лукашенко каби ақли норасони рахбар бўлиб қолишини ҳоҳлар экан, ўйламанг-ки Ўзбек ёки Қозоққа миллатпарвар, Туркистонни бирлаштира оладиган рахбар келишига беъмалол қараб туради деб. Биласк, улар бизга миллат бойликларини талон-тарож қиладиган, халқини мутеликда ушлаб турадиган Каримов ва унинг шогирдлари кабиларни раво кўраверадилар. Халқимизнинг ёшу-қариси, эркагу-аёли Беларуслар каби туриб махалла райисларидан то Президентгача ўз ичларидан адолатли, ақли расо, дин ва миллат ҳолидан бохабар, миллатпарвар инсонларни сайламагунларича миллатимиз ахволи ўзгармайди.
Туркистоннинг, миллатимизнинг нажоти-биргина Аллоҳ, бизни бирлаштирадиган унсурлар – унинг бизга берган тили, иймони, ақлимиз, маданиятимиз ва ислом динимиздан бошқа нарса эмас. Буни қандай амалга ошириш ҳақида бугундан ўйлаш, ёзиш, харакат қилиш дунёдаги хар бир ўзбекнинг иши бўлиши керак. Акс холда, бугунги кетишимизда 100 ёки 500 йилдан кейин дунё харитаси қандай бўлишини тассаввур қилиб кўринг. Туркистон бирлашмас экан, туркийларнинг энг катта оғаси – ўзбек халқи уйғонмас экан тилимиздан, маданиятимиздан, ҳудуддимиздан ва миллатимиздан биз айрилмасак-да келгуси авлодларимиз айрилиб қолади. Биздан аввал кичик оғаларимиз-уйғурлар, қозоқ ва қирғизлар хитойлашиб ёки руслашиб кетишлари ҳеч гап эмас, зотан шундай уринишларни барчамиз кўриб турибмиз-ку. Шунингдек четга чиқиб кетган миллатимиз болалари, набираларининг кўплари тилларини эсдан чиқарадилар, маданиятимиздан беҳабар қоладилар, яъни миллатимиз бўла олмайдилар. Уларни аскари туғилган мамлакатининг болалари ва миллатлари бўлиб қоладилар, бунга ҳар бирингиз гувоҳ бўлиб турибсизлар.
Нега бизнинг “буюкларимиз”, “юртбошиларимиз”, “мухтарамларимиз” мамлакатимизни буюк қила олмайдилар? Чунки тарихий рақибларимиз миллатимиз дунёқарашини манқуртлаштириб, майда ва пасткаш қилиб ташладиларки, халқимиз “буюклик” даражасини ҳам пастлаштириб ташлади, балки тескари қўйди. Натижада маддоҳни ёвуз диктаторни денгизим деган учун буюк шоир, шайхни залолатда сабрга чақиргани учун дунё алломаси, амалдорни қонхўр президентга садоқати учун ватан қахрамони, президентни ёлғон эртаги учун буюк ислоҳотчи демоқда.
Миллатни уйғониши учун 4 йилда ҳам мамлакатни золим диктатор ташлаб кетган чохдан чиқара олмаган, билакс унинг тизимини маҳкам тутган, халққа берган ўз ваъдасига ҳам хилоф қилиб мустақил фикрли миллат вакиллари партиясига йўл бермайдиган, миллат йигит-қизларини замонавий қулликка сотадиган, миллатни четдаги ва ичкаридаги деб ажратадиган рахбар эмас, бир-неча ойдаёқ, ва хатто кундаёқ миллатни оёққа қўя оладиган, миллатни бирлаштирадиган, беш-ўн йил эмас, юз йиллар аввал четга чиқиб кетган миллатга бағрини очиб ватанга чорлай оладиган миллат раҳбари керак.
Бизга Президентга мухтарам деб қуллуқ қиладиган “шайхлар” дини эмас, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо САВ олиб келган содда, бир оғиз гап билан халқ тушунадиган хақиқий ислом дини керак.
Бизга замонавий илғор билимлар чет эл университетлари филиалларидан эмас, миллат олимлари ташкил қилган университет ва мадрасалардан керак. Миллатимизни уйғотcакгина ўзимизнинг, Туркистон тамғаси билан яратилган компютерларда ишлаймиз, машиналарда юрамиз, кемаларда сузамиз ва ракеталарда фазога учамиз.
Бунинг учун миллат уйғониши, ўзини ким эканлигини, нима қила олишини билиши керак.
Эй буюк Аллоҳ, бизга имкон бер бу мудраётган миллатни уйғотишга! Сенгина ҳамма нарсага қодирсан. Уни бу дунёингдан йўқ қилиб юбормагин, Амийн.

Аҳмад Турон

(ЎХХга келган шарх)