Каримов режими ҳақида янги китоб нашрдан чиқди

Каримов режими ҳақида янги китоб нашрдан чиқди
2,284 views
21 January 2021 - 19:43

Ёзувчи ва Эрк партияси фаоли Ислом Холбой қаламига мансуб “Таназзул” асарининг “Тузоқ” деб номланган биринчи китоби Туркияда “Omca Yayınları” нашрётида ўзбек ва турк тилларида чоп этилди. Китоблар Ўзбек туркчасидан, Туркия туркчасига таржима қилинган. Китобнинг Туркия туркчасига таржимаси Али Камолга оиддир.  Китобга «Сўзбоши»ни мустақил журналист ва собиқ сиёсий тутқун Бобомурод Абдулла ёзган.

СЎЗБОШИ

Ҳар қандай адабий асар ўз замонаси ва жамиятининг ойнасидир. Хоҳ назм бўлсин, хоҳ наср. Ойна рўпарасидаги борлиқни акст этгани каби, адабий асар ҳам яратилишига туртки бўлган жамиятни ўзида акс этади.

Қўлингиздаги “Таназзул” асари бугунги ўзбек жамиятига тутилган оддий ойна эмас. У мустабид Ислом Каримов давридаги зулмни акс этиб қолмасдан, ғайриинсоний тузумнинг руҳий ва психологик скелетини, нафсоний ва шайтоний мотивларини, ҳаттоки сассиқ ҳидини ҳам етказган. Ҳа, шиша япроқлари овоз тўлқинларини қайтаргани каби, баъзи ойналар руҳият ва ҳидларни ҳам қайтаради. Ислом Холбой ўзининг бошидан ўтказган воқеаларни ажойиб бадиий асарга айлантирган. “Таназзул”нинг кучи ҳаётда бор одамлар иштирокидаги реал воқеалар асосида ёзилганлигида, деб ўйлайман. Масалан, асар сюжети бўйича, ўзининг институтдаги ўқитувчисини қаматишга санкция берган Тошкент шаҳар прокурори Баҳриддин Валиев ҳақиқатдан ҳам реал персонаж. Дарвоқе, у ҳозир ҳам пойтахт прокурори лавозимида ишлаяпти. 16 яшар гумондор йигитни жинсий зўрлаган подполковник Мусурмон ҳам ҳаётда отасига оқ бўлган тошкентлик бир милиционер.

Бундан ташқари, Ислом Холбой асардаги ҳар бир персонажни мукаммал тасвирлаган. Ўша Мусурмоннинг молдек овқатланишини, гумондорларга қутурган итдек ташланиб, уларни аёвсиз калтаклаши ва таҳқирлашини ёрқин ифодалаган. Шу билан биргаликда, муаллиф “Таназзул”да келтирилган ҳар бир воқеани, у кичик бўлсин, катта бўлсин, сиёсий-фалсафий жиҳатдан чуқур таҳлил қилиб, воқеанинг сиёсий илдизларини ва асл моҳиятини очиб берган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташкилоти аъзоси, бир пайтлар Тошкентдаги ўрта мактабда математика ўқитувчиси бўлиб ишлаган Абдулла ўз аёлининг туҳмати туфайли қамалиши, қамоқда айбига иқрор бўлмаганлиги, бундан ғазабланган терговчилар қамоқхонага гумондорнинг ўша туҳматчи аёли ва 16 яшар қизини олиб келиб, унинг кўз ўнгида иккаласини ҳам жинсий зўрлаганлари тасвирланган саҳналар умрида қамалмаган ўқувчиларни даҳшатга солади. Лекин золим Ислом Каримов қуриб кетган тизим қамоқларини кўрган одамлар асарнинг шу жойларини ўқиганда ҳайратга ҳам, даҳшатга ҳам тушишмайди. Чунки улар бундай воқеаларнинг қанча-қанчасини кўришган ва эшитишган.

Асарда погонли жаллодлардан кўпи тасвирланган. Лекин улар ичида Оташқул Шайтоннинг қилган ваҳшийликлари ҳатто қамоқ кўрган одамларни ҳам жунбушга келтиради. Одам шаклидаги бу йиртқич машина олди-сотдиси билан шуғулланиб юрган тошкентлик ака-ука тадбиркорлардан чўтал ундиролмай, уларнинг уйига варақалар ташлаб, қамайди. Қамоқда ака-укалардан пул талаб қилади. Тадбиркорлар пул беришдан бош тортишгач, уларнинг хотинларини: “Мен билан тўшакка ётмасалринг, сизларни ҳам “ҳизбчи” деб қамайман” – деб, уларни зинога мажбурлайди. Оташқул Шайтон тўшак саҳналарини телефонига суратга олиб, кейин қамоқдаги ака-укаларга кўрсатади. Иснодга чидай олмаган гумондорлар ўзларини осишади. Бир кунда икки ўғлининг жасадини олган ота ва она икки кун ичида оламдан ўтишади.

Оташқул Шайтон таҳминан 10 йиллар илгариги “қаҳрамонлиги”ни ҳали ҳам гапириб, Тошкентнинг турли давраларида мақтаниб юради, – дейди муаллиф Ислом Холбой. “Икки жувонни ҳозиргача итариб юраман. Чунки “ваҳҳобий” бўлиб қамалиб кетишдан қўрқишади-да!” – дея хандон отиб кулади дўзахий милиционер.

Мана шу иблис нусхаларнинг ўз жиноятларидан фахрланиши, баъзи манқуртларнинг шу ҳайвонларга ҳавас қилиши асар муаллифининг диққатини тортган. “У ўзгаларга тубанлигини яшаш санъати ва ақл-идрок ғалабаси шаклида кўз-кўз этишни ҳаёти мазмуни дея ўйларди. Ўзида арзигулик бирор фазилат йўқлигини билмаслиги унинг бахти эди. Катакдалиги учун унинг вужудини тез ёғ босар, натижада яшашини таъминлаб турган аъзолар чирий бошларди. Семиришдан тўхташ – яроқсизлик аломати бўлиб, авваллари қанчалар суйган бўлмасин, “қўл” пировардида уни сўйиб юборарди. Инсон бўлиб туғилиб, ҳайвон бўлиб ўлишни шараф билган ношудлар учун бу каби таназзул – олий мукофот эди” – дейди Ислом Холбой.

“Таназзул” муаллифи мустабид режимга хизмат қиладиган, унинг қатағонларини амалга оширадиган милиция ва хавфсизлик идоралари ходимларини колхоздаги сигирларни қочирадиган буқаларга қиёсалган. “Хавфсизлик ташкилотлари ходимларига, айниқса, ички ишлар соҳасида ишлайдиганларга бошқа бир қиррадан туриб қаралганда, мустақиллик йилларидаги уларнинг юргизаётган фаолиятининг Совет колхозининг сигирларни қочирадиган бўйни йўғон буқасидан унчалик фарқланмаслигини кўрамиз… ”.

Ислом Холбойнинг ёзишича, бу тоифа малъунларнинг ҳаётда атиги учта мақсади бор. “Биринчиси,  ейиш, иккинчиси –  …, яъни, ўйлаганингиз. Ортиб қолса, қўша-қўша уй-жой қуради, машина сотиб олади. Улар бу ишларни енг ичида битирсалар-да, халқ барчасини кўриб туради. Бу ишлар ахлоқсизлик, тарбиясизлик ҳосиласи бўлса ҳам, одамларнинг кўравериб кўзлари пишиб қолган. Учинчиси эса, яроқсиз бўлиб қолганларида, “колхоз”, яъни тузум уларни чиқитга чиқаради. Шунда йиллар давомида асаблари, вужуди аёвсиз тасарруф қилинган бу бечоралар соғлом ҳаёт сокинликларига дош беролмасдан, чўкиб қоладилар. Нафақага чиққач, мингдан бирининг ёши етмишдан ўтмаса, кўпчилиги олтмишни қораламай ўлиб кетади. Уларни буқага айлантирган – “муcтақиллик”, яъни колхоз, колхоз раислари – собиқ иттифоқнинг махфий коммунистлари бўладилар. Бу кўргуликларга руҳ бағишлаётганлар шахсга айлана олмай қолган фуқароларми, деган саволга жавоб бериш муаммо. Зиёлилари орасида шахслар бўлмагач, халқдан хафа бўлмаса ҳам бўлаверади…” – дейилади “Таназзул” асарида.

Ислом Холбой мамлакатдаги бу таназзулнинг бош сабабчиси сифатида бир кишини – президент Ислом Каримовни кўрсатган. Золимнинг хизматкорлари золимни “отамиз”, деб унинг шарафига қадаҳ кўтаришларини тасвирлар экан, асар муаллифи бундай зиёфатларни “Отасини танимайдиган “ота” шарафига қадаҳ кўтариладиган” маишатлар, деб номлаган.

Муаллиф ўзбек халқига қарши, бир томондан, Ислом Каримов 27 йил ичида қилган ҳамда, иккинчи томондан, Россия империяси ва Совет ҳукумати 150 йил давомида қилган жиноятларни ўзаро таққослаб, шундай хулосага келади: “Лениннинг малъунона аврашларидан ақлу ҳушларини йўқотганда ҳам, Сталиннинг қатағони йилларида жон-жигарларидан айрилганда ҳам миллат бу даражада таҳқирланмаган эди. Коммунистларнинг кўнгилларида ҳам инсон қавмига нисбатан озгина бўлса-да меҳр-шафқат бор эди. Ҳар қандай қирғинлар “Мустақиллик кампанияси” сингари йигирма йиллаб сурункасига давом эттирилмас, кўп борса уч-тўрт йил давом этарди, холос. Сталин қатағонлари замонларида ҳам инсонларга нафас олиш учун, кўкракларини тиклаб, атрофга назар ташлаш учун имкон бериларди. Сурункали давом этаётган “Мустақиллик қатағонлари” тирик жонларни пажмурдага, пажмурдаларни “тирик жон”ларга айлантирди. Руҳиятга қўрқув жойлаб, одамларни тубанлаштирди. Минг йиллардан буён яшаб келаётган эзгу ҳис-туйғулардан, меҳр-оқибатдан қалбларни мосуво этди. Фуқароларни ўз сояларидан қўрқадиган иғвогарларга айлантириб қўйди. Илгари ўзлигини айқаш-уйқаш илғаган ўзбек энди ўзини тамоман унутди. “МАНҚУРТ” образи ҳақиқатга айланди. Маҳаллий ҳукмдорлар тўрт юз йилда, Русия империяси 150 йилда ўлкага етказа олмаган талафотни “коммунист оқавалар” бир-икки йилда “Мустақиллик кампанияси” шарофати билан амалга оширдилар…”

Менимча, “Таназзул”да мустабид Каримов режими ва унинг хизматкорларига энг ёрқин, ҳаққоний ва аёвсиз сиёсий-фалсафий баҳо берилган.

“Таназзул”нинг яна бир аҳамиятга молик жиҳати бор. Асарда адабий тилимизда деярли ишлатилмайдиган, ўғуз шевасига хос антиқа сўзлар ишлатилганиги ўзбек тилининг турфа хиллигини ва бойлиги кўрсатиб берган. Муаллиф ўз фикрини ифода этишда, туйғу ва борлиқни тасвирлашда одатий бўлиб қолган арабча, форсча ёки русча сўзларни ишлатмасдан, уларнинг ўрнига ўзбек тилининг ички ресурсларидан (шевалардаги калималардан) фойдалангани асар тили соф ўзбекча бўлишини таъминлаган.

Бобомурод Абдулла, мустақил журналист ва собиқ сиёсий тутқун