Ўзбекистон азият чекаётган беш иллат

Ўзбекистон азият чекаётган беш иллат
828 views
24 January 2021 - 18:43

Ўзбекистон азият чекаётган беш иллат қуйидагилардан иборат:

1. Зўравонлик

2. Жаҳолат

3. Коррупция ва непотизм

4. Маддоҳлиқ ва кўзбўямачилик

5. Жамоатчилик фикридан қўрқиш (ортиқча андиша)

1. Зўравонлик

Зўравонлик турлича кўринишда намоён бўлади. Бу бировни калтаклаш, бировни мажбуран бирон нарсани қилишга мажбур қилиш ёки унинг иродасига қарши иш қилишга мажбурлаш.

Ўзбекистонда зўравонлик турли жойларда, турли шаклларда кўзга ташланади. Зўравонлик мактабларда, оилаларда ва ҳатто бизни зўравонликдан ҳимоя қилиши керак бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида ҳам содир бўлиши барчага аёндир.

Зўравонлик бизнинг биринчи рақамли душманимиздир. Чунки у яхши одамларни йўқ қилади ёки уларнинг ҳаётга бўлган умидини ўлдиради. Бундан ташқари, зўравонлик унга дуч келган ва баъзан зўравонликка гувоҳ бўлган кишидаги инсонийликни ҳам ўлдиради.

Зўравонликдан яхши инсонлар қанча кўп азоб чекишса инсонийликдан йироқ кишилар сони ҳам ортади, жамият эса тубанликка юз тутади. Энг ёмони, жамият зўравонликка эътиборсиз қола бошлайди ва унга қарши курашмай қўяди. Кўчада калтакланаётган одамни кўрганлар орқасига қараб кетишади, оилада эр хотинини дўппосларкан қўшнилар кўзларини юмишади, ҳатто маҳалла ва маҳаллий амалдорлар ҳам аралашишни хоҳлашмайди. Натижада, зўравонлик ўз ўзидан рағбатлантирилади ва мамлакат бўйлаб кенг қулоч ёяди.

Кўпчиликнинг Ўзбекистонни тарк этиш сабаби фақат пул топиш эмас, балки зўравонлик таҳдидидан қочиш экани ҳам сир эмас.

Шунинг учун, агар биз ўз мамлакатимизни қутқаришни, унда одамлар яхши яшашини истасак, ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИ КУРАШИШИМИЗ КEРАК !!!

2. Жаҳолат

Жаҳолат зўравонликдан фарқли ўлароқ, одамни ўлдирмайди (тўғри маънода). Аммо айнан жаҳолат туфайли томонлар қонунларни ўз манфаатлари йўлида талқин қилишади, низоларни билганича ҳал қилишга интилишади. Томонларнинг ҳар бири ўзининг ҳақлигига ишонади. Томонлар ўртасидаги низолар эса барқарорликка таҳдиддир.

Жаҳолатнинг кенг илдиз отгани туфайли бизда малакали кадрлар этишмайди. Малакали кадрларсиз, давлат тизими ҳам яхши ишламайди. Нормал тиббиёт ва таълим тизими, маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар ҳам бўлмайди.

Жаҳолат туфайли биз бир-биримизни тушуна олмаймиз. Бир-бирини тушунмайдиган одамлар гуруҳи етук жамият бўла олмайди. Етук жамият эса давлатнинг асосидир. Мастаҳкам пойдеворсиз эса етук давлат ҳам бўлмайди.

Шунинг учун ўқиб ўрганишимиз ва болаларимизга энг яхши таълимни беришимиз керак. Кеч бўлмасидан буни қилишимиз керак, акс ҳолда мамлакатимиз жарга қулайди!

3. Коррупция ва непотизм (қариндош-уруғчилик)

Юртимизда бу иллатларнинг кенг қулоч очгани аллақачон барчага маълум. Коррупция ва непотизм адолатсизликнинг асосидир.

Халқ олдида масъулият талаб қилувчи бирон бир мансабга муносиб инсонни эмас, балки пора берган шахс ёки масъул амалдорга қариндош бўлган кимсанинг тайинланиши ўта кетган адолатсиздир.

Адолат йўқ экан бирон бир нарсани муҳокама қилишнинг маъноси йўқ. Ҳеч ким адолатсиз жамиятда яшашни хоҳламайди.

Агар биз ўз давлатчилигимизни асраб қолишни истасак, уни ушбу адолатсизликдан халос қилишимиз керак!

Бунинг учун аввало ўзимиз бошқаларга нисбатан адолатли бўлишимиз, сўнгра бошқаларга қилинган ноҳақликка кўз юммаслигимиз ва унга қарши туришимиз керак.

4. Маддоҳлик ва кўзбўямачилик

Маддоҳлик ва кўзбўямачилик аслида бир ёлғондир. Бу ёлғон устига қурилган ҳаракатдир. Айнан шу ёлғон туфайли одамларнинг дарди ва муаммолари давлатнинг юқори эшелонларига етиб бормайди.

Ва бу иллат, афсуски, аллақачон кўпчилигимизнинг “қонимиз”га сингиб кетган. Аммо бундан қутулиш вақти келди. Агар биз болаларимиз мактабларда яхши ўқишларини истасак, мактаб директорини мақташимиз шарт эмас, балки мактабдаги камчиликларни гапиришимиз, танқид қилишимиз керак.

Амалдорларни мақташ эмас, аксинча, унга ўз вазифаларини эслатиб туришиз керак.

Ва энг муҳими, биз юқори мартабали амалдорларга қуллиқ қилишни тўхтатишимиз керак, аксинча, биз ўзимиз, яъни халқ бутун давлат тузилмаларидан устун эканлигимизни ҳис қилишимиз керак.

5. Жамоатчилик фикридан қўрқиш (ортиқча андиша)

Агар биз яхши ва бахтли яшашни истасак, одамларнинг гап сўзларига қараб яшашни тўхтатишимиз керак. Акс ҳолда бу биз учун қимматга тушади. Масалан, пандемия пайтида кўпчилик 30 кишилик тўйларни ўтказишди. Бу инсонлар учун иқтисодий жиҳатдан тежамкорлик бўлди ва асосийси буни ҳеч ким қораламади. Шундай экан нега одамлар илгари бундай қилишмаган? Сабаби одамларнинг гап сўзлари!

Қўшнилар ва қариндошлар олдида гап сўзга қолмай деб топган тутганимизни сарфлаймиз. Баъзан мана шу андиша билан ўз хурсандчилигимиздан воз кечамиз.

Тушкун кайфиятдаги инсонлар эса бу мамлакатни ҳеч қандай тарзда яхшилай олмайди. Кайфиятсиз одам ўз ишига диққатни жамлай олмайди. Чунки кераксиз нарсаларга пул сарфлаб, сўнгра оддий нарсаларга муҳтож бўлиш нохуш бир ҳисдир.

Ниҳоят, биз бу иллатларга барҳам беришимиз керак. Инсонларнинг шахсий танловини тан олишимиз, асосийси юртимизда ҳар бир шахс эркинлигининг қадрланишига эришишимиз, керак. Биз қонун доирасида ўзимиз истаган нарсани қила олишимиз мумкинлигини англашимиз керак.

Шундагина биз фаровон ҳаётга эришамиз. Фақат шундай соғлом фикрловчи инсонлар билан мамлакат ривожланиши мумкин.

Rovshan Maxsudov

(Русчадан таржима)

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.