1866 йилги Жиззах мудофаси ҳақида

1866 йилги Жиззах мудофаси ҳақида
710 views
24 January 2021 - 19:11

Жиззах мудофаси 1866 йил 30 октябрь.
1865 йил рус армияси Тошкент ва унинг атрофидаги Туркистон шаҳарларини қўлга кирита бошлади. Россия империяси Туркистоннинг ичкари қисмига дадил кириб кела бошлайди.

1866 йил 20 май куни “Иржар ёнидаги жанг”да руслар Бухоро қўшинларини тор-мор қилгач Хўжанд шаҳрини эгаллайдилар. Рус генерали Романовский Ўрта Осиёдаги хонликларнинг жиддий қаршилик кўрсата олмаётганидан руҳланиб рус армияси штабига Бухоро амирлигининг Зарафшон водийсидаги ерларига ҳужум қилиш таклифини беради. Рус армияси қонли жангдан сўнг 2-октябрь куни Ўра-Тепа қальасини ишғол қилади.

Жиззах харобалари 1871 йил

Она Туркистонимизнинг буюк шаҳри Самарқандга душман учун йўл очилганди, уларга кўхна ва афсонавий Самарқандга боришлари учун фақатгина Жиззах шаҳрини олишгина қолганди холос.
Жиззахликлар душман хужумига қаршилик кўрсатиш учун тайёрлана бошлайдилар. Генерал Крыжановский ва Романовский бошчилигидаги 2000 кишилик рус армияси дастлаб Зоминни эгаллайдилар, бу ерда Бухоро лашкари русларга жиддий қаршилик кўрсата олмасдан Зоминни ташлаб қочадилар.

Рус армияси 1866 йил 10 октябрь куни Жиззахга яқинлашади. 12 октябрь куни генерал Романовский ўзига қарашли 17 та рота, 500 отлиқ казаги ва 20 та замбараги билан Жиззахни ўраб ола бошлайди. Жиззах қамали ва Жиззах мудофааси бошланганди. 14 октябрь куни Бухородан Жиззахга ёрдамга келаётган 3 минг кишилик Бухоро кавалерияси рус казаклари билан Жалон-Ўти деган дарада тўқнаш келадилар. Тажрибали, жангларда тобланган рус казаклари Бухороликларни улоқтириб юборадилар. Жиззахлик ватанпарварлар шаҳар ташқарисига чиқиб русларга қарши жанг берадилар, аммо кучлар тенг эмасди. Рус артилерияси ва пиёда аскарларнинг саъи ҳаракати билан мудофаачиларнинг хужумлари қайтарилади. Бухоро амири Жиззахга кўмак учун Самарқанддан қўшин юборганди. Рус разведкаси яхши ишлагани учун Ромадоновский Бухороликлар етиб келгунларигача Жиззахни олишга қарор қилганди. 15-октябрь куни эрта тонгдан рус артилерияси Жиззахнинг икки дарвозаси Самарқанд ва Ўра-Тепа дарвозаларини қаттиқ ўққа тута бошлайди. Кучли бомбардимондан сўнг рус армияси штурмни бошлайди. Жиззахлик ватанпарварлар русларнинг ҳужумларини мардонавор қайтарадилар. Шаҳарни тўғридан-тўғри ола олмаган рус генерали уч кун давомида Жиззахни тинимсиз ўққа туттиради.

18 октябрь соат 12 да капитан Михайловскийнинг ва подполковник Григорьевни батареялари Жиззахга хужумни бошлайдилар. Бу хужумни қайтариш учун Жиззахликлар бутун кучларини ташлайдилар, шу пайтда рус армиясига захира кучларини генерал Крыжановский бошлаб келади. Руслар шаҳарга бостириб кирадилар ва ахолини қаттиқ қирғин қиладилар. Жиззахнинг асл ўғлонларидан 6000 таси шаҳид кетганди, шунингдек 2000 одам асирга олинади. Шу куни кечга яқин Самарқанддан келаётган Бухороликларнинг кўмак кучлари кўринади, аммо улар кечиккан эдилар. Жиззахни эгаллаб олган руслар қулай позицияларга ўз артилериясини ўрнатиб Бухоро лашкарини тўпга тутади. 2500 лик Бухоро лашкари Жиззахни йўқотганлигини сезиб орқага Самарқандга чекинишга мажбур бўлганди.

Жиззах босқинидан сўнг Григорий ордени билан мукофотларган чор аскарлари

Ана шундай тарихимизнинг энг кир ва қора кунлари яъни зулматли кунларда аждодларимизнинг қахрамонона ҳимоячилари рус замбараклари ва найзалари остида ҳазон бўлгандилар. Биз ва бизнинг авлодларимиз бу қаҳрамонларимизнинг жасоратларини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак, уларнинг руҳлари шод бўлиш учун ўша мазлум тарихимизни чуқурроқ ўрганишимиз керакдир!

Ихтиёр Эсонов