СПОРТДА МИЛЛИЙ ШУУР

СПОРТДА МИЛЛИЙ ШУУР
611 views
25 January 2021 - 21:50

Бугун Ўзбекистонни дунё миқёсида энг кучли тарзда тамсил этаётган тоифа – ўзбек спортчилари, аниқроғи, бокс, кикбокс ва ММА жангчиларидир. Уларнинг, ҳеч муболағасиз айтиш мумкин-ки, миллий бирлик, миллий шуур, миллий ғурур ва давлатчилик тушунчасининг шаклланишида жуда катта роли бор. 

Яқинда кикбокс бўйича Ўзбекистонда ўтказилган жанглардан бирида  миллий шуур ҳақидаги мулоҳазаларимизга оид жуда таъсирли бир эпизодга гувоҳ бўлдим. Таниқли ўзбек ММА жангчиси Нурсултон Рўзибоев ўзининг Туркиялик рақиби билан курашар экан, ҳужумга ўтаётган пайтида бирдан Нурсултоннинг тренери баланд овозда бақирди:”Қаттиқ урма деяпман сенга, қаттиқ урма!”. Ҳар доим “Қаттик ур, қаттиқроқ ур!” дейдиган ўзбек тренерининг ўз қардошига, турк қардошига кўрсатган бундай марҳамати, ҳақиқатан ҳам, таҳсинга лойиқ эди. 

Бу ҳодиса ўтказилган анжуманда ҳукм сурган кайфият ҳақида менда жуда яхши, ижобий таассурот колдирди. Агар Нурсултоннинг тренери залдаги ва умуман, мамлакатдаги умум кайфиятнинг бир кўрсаткичи бўлса, умид қиламиз-ки, яқин бир неча йил ичида ўлкада ижобий ўзгаришлар ҳам бўлиб қолади.

МАҚСУД БЕКЖОН

25.01.2021