Мирзиёев сиёсатининг ички юзи (1)

Мирзиёев сиёсатининг ички юзи (1)
3,377 views
25 January 2021 - 23:54

“Жамоатчилик назорати”

Бирон бир сўзни такрор ва такрор таъкидлаб бошқаларни шунга ундаган ҳолда амалда ўз сўзига риоя қилмаган ёки тескарисини қилган одам ёлғончи ва иккиюзламачилир.

Ким назарда тутилаётганини  англаб олиш учун доҳий бўлиш шарт эмас. Бунинг исботини кунимизда халқ дардининг минбарига айланган ижтимоий тармоқлардаги изоҳларда кўриш мумкин.

Аммо тилга олинаётган мавзу мавжуд ижтимоий кайфиятнинг қандайлиги ҳақида эмас, мамлакатимизда 30 йилдир ҳукм сураётган авторитар бошқарувнинг президент Шавкат Мирзиёев давридаги эврилиши ҳақидадир.

Бу эврилишнинг баъзилар ўйлаганидек бошқарувнинг демократик трансформацияси билан мутлақо алоқаси йўқ. Аксинча, мавжуд бошқарувнинг моҳияти демократик тамойилларни “”айланиб ўтиш” мақсадида ўйлаб топилган турли хил ғайриҳуқуқий механизмларнинг такомиллаштирилувидир. Бу табиий ресурслар устидан назоратни қўлга олган маълум гуруҳлар манфаатларига хизмат қилиш учун амалга оширилган норматив-ҳуқуқий ўзгаришлардир.

Содда айтсак, бу ерда гап Ш.Мирзиёев режимининг ғирт ёлғончилиги ва иккиюзламачилиги ҳақида кетаяпти.

Ҳокимиятга келган илк кундан бери “ошкоралик”, “шаффофлик”, “очиқлик” ва “жамоатчилик назоратини таъминлаш” каби жумлалар Мирзиёевнинг энг севимли сўзларига айланиб улгурди.

Ҳатто у 2020 йилнинг 25 январидаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этишни таклиф қилиб юборди.

Натижада уч ой ўтмасдан, 2020 йилнинг 16 апрелида “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-5980-сонли фармон имзоланди.

Фармонда янги ташкилотнинг тузилишидан мақсад аҳолининг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштироки кўламини кенгайтириш, фуқаролар, жамият ва давлатнинг ўзаро яқин ҳамкорлигини ўрнатиш, шунингдек давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш экани айтилди.

Бир қарашда мамлакатда жамоатчилик назоратини ўрнатишга ушбу интилиш бошқарувдаги шаффофликни таъминлашга қаратилган дадил одимдек кўринади.

Фақат Мириёев бошқарувида мазкур демократик инструмент мутлақо бошқа мақсадларга хизмат қилиш учун мослаштирилган. Бунинг исботини қуйидаги мисолда кўриш мумкин:

2018 йил 4 апрелда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Гарча бу қонун 2014 йил 21 июлда қабул қилинган “Россия Федерациясида жамоатчилик назоратининг асослари” номли қонундан кўчирма бўлса ҳам ҳужжатда асосий тушунчаларга изоҳ берилади. Жумладан мазкур қонуннинг 3-моддасига кўра “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари жамоатчилик назорати субъектларидир.

Жамоатчилик назорати жамоатчилик кенгашлари, комиссиялари ва бошқа жамоатчилик ташкилий тузилмалари томонидан ҳам қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши мумкин” дейилган.

Демак, ушбу модданинг биринчи қисми аввало нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини жамоатчилик назорати субъектлари сифатида эътироф қилмоқда. Бу эътироф демократик тамойиллар талабидан келиб чиқадиган жамоатчилик назорати концепциясига мос келади. Аммо модданинг иккинчи банди давлат бошқарувидан мустақил бўлиши лозим бўлган жамоатчилик назорати субъектларини ижроий ҳокимиятга боғлаб қўйиш учун ҳуқуқий асос яратади.

Чунки айнан мана шу норма асосида 2018 йилнинг 4 июль куни “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3837 сонли Президент Қарори қабул қилинди. Ушбу қарорда айтилишича “мулоқотни амалга оширишда давлат органлари ва фуқаролар ўртасида боғлаб турувчи “кўприк”нинг йўқлиги давлат органлари фаолиятидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш жараёнларига салбий таъсир кўрсатмоқда”.

Шу муносабат билан республикадаг бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ҳар бир давлат органи, жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва турли даражадаги ҳокимликлар ҳузурида жамоатчилик кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди. Энг қизиғи, президент қарорида жамоатчилик кенгашининг давлат органи раҳбарининг қарори билан ташкил этилиши назарда тутилган.

Бундан келиб чиқадиган мантиқ шуки, назорат объекти бўлиши керак бўлган давлат органи жамоатчилик кенгаши ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Мақсади президент қарорида айтилганидек нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат органлари ўртасида боғловчи “кўприк” бўлиши назарда тутилган тузилма амалда жамоатчилик назорати ташкилотларини мувофиқлаштирувчи, ҳаттоки уларнинг ўзларини назоратга олувчи бир органга айланиб қолмоқда.

Жамоатчилик назоратининг асосий субъектлари саналган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини ижроий ҳокимиятга боғлаб қўйиш мақсадида ҳокимиятнинг қуйи бўғинларида бошланган бу амалиёт кейинчалик олий ҳокимият бўғинларида ҳам жорий қилинди ва юқорида тилга олинган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-5980-сонли фармон имзоланди.

Эътиборли жиҳати шуки, мазкур фармоннинг 3-бандида “жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 50 нафар аъзодан иборат бўлиб, унинг 18 нафар аъзоси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланиши” айтилади.

Бу норма моҳиятан давлат раҳбарининг жамоатчилик назорати доирасидан ташқарида мутлоқ даҳлсиз қолишига ҳуқуқий асос яратиб бермоқда. Чунки жамоатчилик назорати органларининг республика миқёсидаги бирлашмаси сифатида ташкил қилинган тузилма учун назорат объекти аслида биринчи навбатда президент доҳил давлатнинг олий ҳокимияти органлари фаолиятидан иборат бўлиши керак.

Кўриниб турганидек сўнги икки йил ичида “давлат бошқарувидаги шаффофликни ошириш учун жамоатчилик назоратини кучайтириш” номи остида қабул қилинган норматив ҳужжатлар аслида мамлакатдаги нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларининг ўзини давлат назоратида ушлаб туриш учун хизмат қилмоқда.

Сиёсий ислоҳотлар қилишни мақсад қилган давлат раҳбари асло бундай кўзбўямачиликка асосланган йўлдан бормаган бўларди.

Зеро тилга олинган механизм учтагина асосга таянади:

  • Жамоатчилик назоратининг асосий субъектлари фақатгина нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари бўлиши керак.
  • Оммавий ахборот воситалари ёки нодавлат нотижорат ташкилотларнинг давлат органлари билан мулоқоти учун тепасида ижроий ҳокимият вакили турувчи кенгаш ва комиссияларга мутлақо эҳтиёж йўқдир.
  • Жамоатчилик назорати субъектлари давлатдан мустақил тарзда турли иттифоқларга бирлаша олишлари лозим.

Демократик давлатларда жамоатчилик назорати механизмида қарор қилиш ваколати президентга эмас халққа тегишлидир.

Бошқа сўз билан айтганда жамоатчилик назорати меҳанизмининг ишлаш мантиғи жуда оддий: давлатни бошқараётган президент ёки у тайинлаган амалдорлар ўз фаолиятлари давомида халқ манфаатларига зид қарорлар қабул қилганларида оммавий ахборот воситалари ёки нодавлат нотижорат ташкилотлари буни жамоатчиликка ошкор қилади.

Натижада давлат бошқарувидаги ўзбошимчаликдан хабар топган халқ келаётган сайловларда овоз бериш йўли билан мавжуд бошқарувни вазифасидан озод қилиб бошқасини сайлайди.

Шу туфайли ҳам Ўзбекистон каби эркин сайловга йўл берилмайдиган авторитар режимларда “жамоатчилик назорати” каби демократик бошқарув инструментлари борасида қабул қилинган ҳар қандай қарор ва фармон фақат ва фақат эркинликларни янада бўғиш ва назоратни кучайтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон “ЭРК” Демократик Партиясининг сиёсий таҳлил булими