“Биринчи муслима аёл” ёки Хадича Ислом дини туғилишида қандай ўрин тутган эди?

“Биринчи муслима аёл” ёки Хадича Ислом дини туғилишида қандай ўрин тутган эди?
1,645 views
13 February 2021 - 21:18

“Биринчи муслима аёл” ёки Хадича Ислом дини туғилишида қандай ўрин тутган эди – oлимларга кўра, Хадича Муҳаммад пайғамбар(с.а.в)га ҳатто унинг яқин саҳобалари Умар ва Абу Бакрдан ҳам яқинроқ – энг яқин дўст бўлган. Уларнинг айтишларича, бу ўша давр ҳақидаги манбаларда кўрсатилган.

“У шиша шифтни синдирди. Ҳатто бугунги замонавий аёллар ҳам 1 400 йил аввал у эришган марраларни орзу қилади.”

Манчестердаги масжид имоми Асад Замон бугунги Саудия Арабистонида 6-асрда яшаган аёл – Хадичани шундай тасвирлайди.

У бир қанча таъсирли асилзодаларнинг уйланиш таклифларини рад қилган нуфузли, бой ва қудратли аёл эди.

Охир-оқибат у икки марта турмуш қуради. Биринчи эри вафот этади ва иккинчиси билан ажрашишга қарор қилган, деб ишонилади.

Шундан сўнг у бошқа турмуш қилмасликка қарор қилади. Аммо учинчи – охирги бўлажак турмуш ўртоғини учратгач, қарорини ўзгартиради.

Хадича “унда фикрини ўзгартиришга мажбур қилган ажойиб фазилатларни кўрди”, дейди Замон Би-би-сига.

Ўша давр учун ноодатий шаклда Хадича уни ўзи танлаб, ўзи таклифини айтади.

Ўшанда у 40 ёшда эди, унинг бўлажак эри эса келиб чиқиши камтарроқ 25 яшар йигит эди.

Аммо бу шунчаки севги ҳикояси эмас. Бу дунёдаги иккинчи энг катта дин пайдо бўлиши ҳикоясидир.

Хадичанинг янги турмуш ўртоғи яқин орада пайғамбар бўладиган Муҳаммад эди.

Тожир

Нью Йорк университетидан Қадимги Яқин Шарқ тарихи профессари Роберт Ҳойленд Хадичани батафсил тасвирлаш жуда қийинлиги, чунки у ҳақдаги маълумотлар вафотидан анча йиллар ўтгач ёзилганини таъкидлайди.

Шунга қарамай, аксарият мавжуд манбалар у “эркин руҳиятли, кучли иродали” аёл бўлган”ига ишора қилади, дейди Ҳойленд Би-би-сига.

Масалан, у оилавий анъанани бузган ҳолда амакиваччасига турмушга чиқишни рад қилади, чунки у ўз эрини ўзи танлашни истар эди.

Хадича оилавий бизнесини тижорий империяга айлантирган савдогарнинг қизи эди.

Отаси бир жангда ҳалок бўлгач, барча ишларни у ўз қўлига олди.

“У ўзига ўзи йўл очишга ўрганган аёл эди”, дейди тарихчи ва муаллиф Беттани Ҳьюз, Би-би-сининг ҳужжатли фильмида.

“Аслида унинг тадбиркорлиги, донолиги келажакда дунёни ўзгартирган йўлга уни йўналтириб қўйди.”

Ёрдамчи

Хадича ўз ишларини Маккадан туриб бошқарар эди, унинг бизнеси эса савдо молларини Яқин Шарқнинг йирик шаҳарларига етказиш учун кўплаб карвонларни талаб қиларди.

“Хадича дунёга чиқиш учун ўзига ўзи йўл очишга ўрганган эди”, таъкидлайди Беттани Ҳьюз.

Бу карвонлар катта масофага – жанубда Ямандан шимолда Сурияга қатнар эди.

Гарчи унинг бойлигининг бир қисми мерос бўлса-да, Хадича сарватни асосан ўзи қозонди, дейди Лидс университети Ислом тарихи профессори Фозиа Бора.

“У бизнес леди эди ва айни пайтда ўзига бўлган ишончи ҳам мустаҳкам бўлган.”

Хадича ходимларни ўзи ишга оларди, бизнесига наф берадиган муайян малакага эга шахсларни танларди.

У жуда меҳнаткашлиги ва ростгўйлиги билан танилган одам ҳақида эшитади. У одам билан суҳбатлашгач, карвонларидан бирига масъул қилиб ёллайди.

Хадича унинг қатъиятлилигини ҳурмат қилади, вақт ўтиб, унинг фазилатларидан шу қадар таъсирланадики, у билан турмуш қуришга қарор қилади.

Муҳаммад амакисининг қўлида улғайган етим эди. У кутилмаганда “барқарор ва иқтисодий бой” ҳаётга мушарраф бўлди, дейди Фозиа Бора.

Улар тўрт фарзандли бўлган деб ҳисобланади, аммо улардан қизларигина яшаб қолиб, вояга етган.

Бу жуфтликда ўзига хос бир жиҳат бор: “Бу моногам никоҳ эди”, дейди Лондон Мусулмон институтидан профессор Рания Ҳафаз Би-би-сига.

Бу “эркаклар бир неча аёлга уйланган даврларда, полигам оилалар одат бўлган жамиятда эди. Бу социологик нуқтаи назардан эътиборга лойиқ.”

Илк ваҳийлар

Муҳаммад (Хадича каби) Қурайиш қабиласида туғилиб ўсган. У вақтда бу ҳудудлардаги одамлар бир неча худога топинар эди.

Оила қурганларига бир неча йил ўтгач, Муҳаммадда руҳий ўзгаришлар бошланди. У Макка яқинидаги тоғларга узлатга чекиниб кетадиган бўлди.

Исломий эътиқодга кўра, Муҳаммад Жаброил фаришта орқали Худодан ваҳий олади. Жаброил Биби Марямга Исога она бўлиши ҳақида хабар келтирган ўша фаришта эди.

Исломнинг муқаддас китоби Қуръон ана шу йўл билан Муҳаммадга ваҳий қилинади.

Ривоят қилинишича, биринчи ваҳий келганда Муҳаммад нима бўлаётганини тушунмай, қаттиқ қўрқиб кетади.

“У нимани ҳис этаётганини англай олмай қолади. У таянадиган нуқтанинг ўзи йўқ эди, у яккахудолик тушунчаси билан тарбияланмаган эди”, дейди Фозиа Бора.

“У бу воқеадан жуда қаттиқ гангиб, хавотирга тушиб қолади. Манбаларда айтилишича, ваҳий келиши осон бўлмаган, гарчи тажрибанинг ўзи ёмон бўлмаса-да, жисмоний жиҳатдан шок қилган.”

Муҳаммад “ўзи ишонадиган ягона инсон”га барини айтишга қарор қилади, дейди проф. Ҳойленд.

Хадича уни эшитиб, унга таскин беради. У булар ёмон ўзгариш эмаслигини ўйлаб, унинг кўнглини тинчлантиради.

У ҳатто насронийликдан хабардор қариндошидан маслаҳат ҳам сўрайди.

Варақа ибн Навфал Муҳаммадга келаётган хабарлар Мусога келган ваҳийлар билан айни нарса эканини айтган деб ҳисобланади.

“У аввалги муқаддас китоблардан хабардор эди”, деб изоҳлайди Фозиа Бора, ва бу “Муҳаммадга келаётган ваҳийлар ҳақиқийлигини тасдиқлаш эди.”

“Биламизки, унга ваҳий кела бошлаганда Муҳаммад ҳатто ўзидан шубҳаланади. Аммо Хадича унинг кўнглини тинчлантириб, у аслида ҳақиқий пайғамбар эканини айтади”, дейди Ҳарвард университетидан исломшунос Лайло Аҳмад.

Биринчи мусулмон аёл эди

Аксар тарихчилар, башарти Хадича Муҳаммад қабул қилган ваҳийларни тинглаган биринчи одам бўлган экан, у тарихдаги биринчи мусулмон, янги динни қабул қилган биринчи инсон бўлиши керак, деб ҳисоблайдилар.

“У пайғомни қабул қилади ва ишонади”, дейди Фозиа Бора.

“Менимча, ана шу нарса Муҳаммадга ўз пайғомини одамларга етказишда куч берган… Ана шу уни овозни қабул қилаётганига ишонтирган.”

Тарихчи Беттани Ҳьюзнинг айтишича, ана шу босқичда, Муҳаммад қабила оқсоқолларига қарши боради ва ваъзларини бошлайди: “Ягона худо бор – Аллоҳ. Бошқасига топиниш куфрдир.”

Фозиа Борага кўра, Муҳаммад Исломни тарғиб қилишни бошлаганда, яккахудоликка қарши бўлган Макка жамияти аъзолари уни четга чиқариб қўяди.

“Аммо Хадича уни қўллайди ва ўша пайтда жуда керак бўлган ҳимоя билан таъминлайди”, дейди Фозиа.

“Келгуси 10 йил давомида, Хадича оилавий алоқалари ва бойлиги билан эрини қўллаб- қувватлайди ва кўп худолик жамиятида баҳсли бўлган яккахудолик динини молиялайди”, дейди Ҳьюз.

Маҳзунлик йиллари

Хадича имкони борича эри ва Исломни қўллаб-қувватлади, аммо 619 йилда касалликка чалиниб, вафот этади.

Йигирма беш йиллик турмушдан сўнг, бу айрилиқ Муҳаммад учун кучли зарба бўлади.

“У Хадичанинг ўлимидан сўнг ҳеч қачон ўзига келолмаган”, дейди проф. Ҳойленд.

“Бу давр ҳақидаги манбаларнинг эътиборли жиҳати шуки, уларда Хадича Муҳаммаднинг энг яқин дўсти сифатида кўрсатилган, ҳатто унинг яқин саҳобалари Умар ва Абу Бакрдан ҳам яқинроқ”, деб қўшимча қилади профессор.

Тарихчи Беттани Хьюзнинг таъкидлашича, мусулмонлар ҳозир ҳам унинг вафоти йилини “Маҳзунлик йили” сифатида эслайди.

Ниҳоят Муҳаммад яна уйланади, аммо бу сафар у кўпхотинли эди.

Би-би-си дастурида мусулмон олима, Хадича ҳақидаги болалар учун китоб муаллифи Фотима Баракатуллонинг айтишича, Хадича ҳақидаги билганларимизнинг кўпи ҳадислар орқали бизгача етиб келган.

Булар Муҳаммаднинг энг яқин сафдошлари томонидан эсланган, ривоят қилинган ва кейинчалик ёзиб қолдирилган.

Ҳадис ровийларидан бири Муҳаммаднинг хотинларидан бири Оиша бўлиб, у Исломдаги яна бир машҳур ва нуфузли аёлдир.

“Пайғамбар унга Хадича ҳақида сўзлаб бергани шубҳасиз ва у ваҳийнинг илк чоғларида – Муҳаммад пайғамбар бўлган вақтларда нима бўлганини бошқаларга етказган”, дейди Фотима Баракатулло.

Гарчи Оиша Муҳаммад ҳаётининг аввалги даврларига шахсан гувоҳ бўлмаган эса ҳам, у ўзига айтилганларни “буларни бошқа мусулмонларга етказиш бурчини ўз бўйнига олган”, дейди китоб муаллифи.

Намуна

Фозиа Бора дейдики, илк мусулмон жамиятларида аёллар уй ичида сақлангани ҳақидаги мифларни бузиш учун Хадича ҳақида ўрганиш жуда муҳим.

Муҳаммад Хадичага у нимани истаса шуни қилишига қаршилик қилмаган. Аслида Ислом ўша давр аёлларига кўпроқ ҳуқуқ ва нуфуз берган, дейди у.

“Мен учун, бир мусулмон ва тарихчи ўлароқ Хадича Фотима [унинг Муҳаммаддан туғилган қизи] ва Оиша каби илҳом берувчи шахсдир”, дейди Фозиа Бора.

“Улар интеллектуал, сиёсий фаол бўлган ҳамда Исломнинг тарқалиши ва исломий жамиятларнинг шаклланишида улкан роль ўйнаган.”

“Талабаларимга – ишонадими ёки йўқ – бу аёл ҳақида ўргатиш жуда ёқимли, – дейди тарихчи.

Манба: bbc.com/uzbek