ИМПЕРАТИВ-8. МИЛЛИЯТЧИ

ИМПЕРАТИВ-8. МИЛЛИЯТЧИ
816 views
27 February 2021 - 20:00

(Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми)

Аскарликдан қайтганимда бир миллиятчи эдим. Аммо икки йил давомида ўқиганим бутун адабиётлар рус тилида эди. Рус тили, муболағасиз, иккинчи тилимга айланган эди. Ҳатто шуни даҳшат ичида кузатабошладимки, фикрлаш тарзим ҳам рус тилида жараён этарди.

Бундан қутилиш учун мислсиз бир қайсарлик билан ўз тилимда ёзишга ва фикрлашга давом этдим.

Ёзиш бир тил воқеасидир.

Агар сиз тушингизда гапирадиган тилда ёзмасангиз ёзган матнингизнинг таъсири кучли бўлмайди. Инсон тушида рефлексга айланган бир тилда гаплашади. Таъбир билан айтганда, «қон-қонига сингиб кетган» тилда.

Эски филмларда жосусларни уйқуларида алаҳсирашларидан билиб олишарди. Улар она тилларида алаҳсирар ва ўзларини ифшо этардилар.

70-йилларда тилимда рус тили ҳукмронлиги, дилимда эса, рус шовинизмига қарши нафрат зеҳнимда буюк бир тазод, бир зиддият яратган эди.

Рус шовинизмидан нафрат этардим, аммо рус тили мен учун нафақат рус, балки дунё адабиётига очилган бир дарвоза эди.

Бугун учта тилни биламан, деб айта оламан: ўзбек тили, рус тили, турк тили (гарчанд турк тили ҳам ўзимизнинг тил).

Аммо буларнинг ҳеч бирини мукаммал биламан деб айта олмайман. Бу уч тилда ёза оламан, аммо уларнинг ҳеч бирида ёзганим каби равон сўзлай олмайман. Масалан, туркчада гапирар экан, равон гапирмаганим учун тинглаётганлардан доим узр сўрайман. Улар менга далда бериб, «Бу табиий, сиз бошқа лаҳжада гапиряпсиз», дея тасалли беришади. Мен уларга «Ўзбекчада ҳам равон гапира олмайман», десам, ҳазиллашяпти деб жилмайишади.

Бу тилларнинг биттасида ёзаркан, тилини қўлланганим халқ зеҳни мени таъқиб қилади ва ёзиш услубимни йўналтиради. Дейлик, русчада ёзар экан, ўзбекчада бемалол қўлланишим мумкин бўлган бирор ҳазилни қўллана олмайман. Чунки, ўзбекчадаги ҳазил русчада қўпол кўриниши мумкин. Ёки, аксинча, русчада парвосизлик билан қўлланишим мумкин бўлган бир тасвирни ўзбекчада жуда эҳтиёткорлик билан қўллайман.

Ёзилган ҳар матн у ёзилган тил савиясида бўлиши керак, деган қаноатдаман.

Ёзилаётган тиллар ўзгарар экан, ёзилган матнлар савияси ҳам шу нисбатда ўзгаради, деб ўйлайман.

Жимжимадор шевани ҳеч севмадим. Қул Насимийнинг «Арабий, форсий билмам, тилга миннат айламам», сатрини такрорласам, ёлғон сўйлаган бўлмайман.

Аммо тил борасида бугун бир миллиятчлигим йўқ. Менинг қарашим бўйича, бутун тилларни Аллох яратган ва ҳар бир тил ўзига яраша қутлуғдир.

Шундай экан, мен Шарқ тилларидан шу арабий, форсий, Ғарб тилларидан эса, франсуз, инглиз тилларини билмак истардим. Афсус, бу имконни тополмадим ола-тасир ҳаётимда.

Ҳеч качон луғатим бой бўлмади. Билганим ҳар уч тилда ҳам. Ёшлигимда дўстларга ҳазил қилиб: «Луғатим бой эмас, шул сабаб ҳар сўзимни тежаб ишлатишга мажбурман», дердим. Аслида, бу ҳазил эмасди.

Ўзбекчамда иложи борича турк илдизли сўзларни қўлланишга интилдим ўша йиллари. Бу ўзига хос «тил тозалиги учун шахсий курашим» эди гўё.

ТУРКИЙ ТИЛДА СЎЗЛАМОҚ

Туркий тилда сўзламоқ осон.

Туркий тилда сўзламоқ нақадар қийин. Нақадар лаззатли бу тилда сўзламоқ, нақадар аччиқ.

Агар кайфинг чоғ бўлса, эрталаб ўнг ёнбошдан турган бўлсанг, ўтган кундан пушаймонинг бўлмаса – собит ишонч бўлса келажакка – туркийда гапир.

Кимнидир севсанг, кўксингга сиғмаса муҳаббат – туркийда гапир.

Кимнидир ёмон кўрсанг, бўғзингга тикилса нафрат – туркийда гапир. (1982)

(«Валфажр» 1983)

Аммо бугун «тил тозалиги учун» курашидан ҳам воз кечдим, чунки, тил табиати бу курашни мендан яхшироқ олиб бораётганини англадим. Тил ўзида ҳазм бўлмаган ҳеч бир сўзни қабул этмайди…

Ҳа, рус армиясидаги рус шовинизми мени миллиятчига айлантирди.

Аммо жамиятда «Миллиятчи синфи» деган бир синф йўқ эди.

Миллий шууримга сайқал берган Рус армияси имтиҳонидан сўнг ҳам ўзининг ҳақиқий кимлигига етиша олмаган бир кимса эдим. Ичимда рус босқинчиларига нафрат бор эди, аммо босқинчига қарши курашда ўрнак бўладиган бир қаҳрамонни хали ҳам тополмагандим.

Эртакларда эмас, шу ерда – Тошкентда бу қаҳрамонни кўрмак истардим:

…Бир бор экан, бир йўқ экан, Қадим замонларнинг бирида Баҳодир ўтган экан…

Қора ўрмонларнинг бағрида Арслон яшар экан баҳайбат…

Эна!

Нега баҳодирлар ҳаммаси Фақат қадим замонларда ўтаверади? Арслон-чи, қани, ўша арслон, энажон!?

Нега, у ярим тунда, ғафлатда ётган Мени уйғотмайди Наъра тортмайди?! (1976)

(«Қудуқдаги ой» 1980)

Аммо 70-йиллар ўртасида, университетдан кейинги босқич ҳали ҳам кўпроқ рассом ва шоирларнинг маҳдуд доирасида кечар ва суҳбатларимиз шеър, тасвирий санъат мавзусидан ташқарига чиқмас эди.

Совет Армиясида олганим миллий дарс мени бирдан улғайтирган эди.

Шунингдек, адабиётга қарашим ҳам тенгдошларникидан бир оз фарқли эди.

Бу фарқлилик тенгдошларнинг ғийбатига сабаб бўлаётганини билсам-да, улар билан алоқани узмадим. «Бизнинг авлод» деган иборани хуш кўрмасдим, аммо бу терминга мухолифат ҳам қилмадим.

Тенгдошларим қаршисида ўзимни кекса ҳис этардим. Балки шунинг учун ҳам суҳбатдошларим кўпроқ Чўлпон Эргаш, Рауф Парфи ва уларнинг «авлоди»дан бўларди.

Бундай суҳбатлар 1979 йилда Рауф Парфи туфайли Иброҳим Ҳаққул билан бошланди, янглишмасам. Биз Ўзбек тилининг аянчли аҳволи ва Тошкентдаги рус мактабларининг нақадар яхши жиҳозланганини муҳокама қилардик. Бу вазият бизнинг миллий томирларимизни қабартирар эди, табиий.

Аммо биз ҳеч қачон рус шовинистлари каби ўзимиздан бўлмаган этник гуруҳларга нисбатан нафрат оқимига қўшилиб кетмадик.

Муҳаммад Солиҳ

(Давоми бор. Императив, 2020 йил, Истанбул)

Манба: Eltuz.com