Бизнинг еримиз

Бизнинг еримиз
694 views
05 March 2021 - 14:11

Бугун шоир Мақсуд Бегжон 60 ёшга тўлди. Бундан роппа-роса 40 йил аввал, 1981 йил унга ушбу шеърни атаган эдим:

БИЗНИНГ ЕРИМИЗ

Мақсудга
Биз шу ерда яшаган эдик.
Бобомники эди шу ҳовуз.
Суви тугаб қолган энди
Хазонлар чирир ҳовуч-ҳовуч.

Гужумлар япроқсиз – қутилган юкдан,
Шўрдан оппоқ ҳовузнинг лаби.
Чумчуқлар юрар, сувсизликдан
Қуш бўпқолган балиқлар каби.

Биз юрибмиз-ака ва ука,
Сайёҳга айланган иккита ерли. (1981)

Бугун “Бизнинг еримиз” бизники эмас. Бизга ҳатто, шеърда башорат қилингани каби, “сайёҳ”лик ҳам раво кўрилмади. 1924 йил Хоразм Жумҳурияти Совет Иттıфоқига қўшилгандан кейин бобом Бегжон Бегнинг ер-суви қандай тортиб олиниб, ўзи Сталин режими тарафидан қандай қатл этилган бўлса, 1993 йил унинг набиралари биз ҳам сталинчи диктатор тарафидан қатлга “ташқаридан” шундай маҳкум этилиб, мен каби укам Мақсуд ҳам юртдан бадарға қилинди.
Бу шикоят эмас, бир фактнинг таъкиди холос.
Ўйламанки, укаларим ҳам Аллоҳ ёзган қисматларидан розидирлар.

Муҳаммад Солиҳ