Ойдинлар олдга ўтадиган вақт келди

Ойдинлар олдга ўтадиган вақт келди
1,782 views
28 April 2021 - 9:10

Давлат идораларига давлат тилида мурожаат қилиш зарурлиги ҳақидаги таклиф Олий мажлисдан ўтмагани хабарини эшитиб, тўғриси, мен, биринчидан, ҳайрон бўлмадим. Сабаби депутатларимизнинг давлат тилига бунақа хоинона муносабати битта депутатларимизнинг айби эмас, давлатимизнинг ва умуммиллатимизнинг ҳам айбидир. Чунки бу нарса бизнинг мустақиллик ва миллийлик масалаларида умумий етишмовчилигимизни кўрсатди.

Халқимизда сиёсий, ҳуқуқий онг етишмайди, деб кўп гапирамиз. Олий Мажлисимиздаги бу овоз бериш нафақат халқимизда, балки сиёсий, ҳуқуқий, тарихий, миллий онг давлат одамларимизда ҳам, халқнинг ишончли вакиллари бўлмиш депутатларимизда ҳам етишмаслигини очиб қўйди. Бўлмаса, мустақилликка эришганимизнинг 30-йилига келиб давлатчилигимизнинг асосларидан бўлмиш тил масаласида мустақиллигимиз нақадар кучсиз ва ишончсиз эканини бу қадар кўрсатармидик. Ўзи умуман бизда мустаҳкам асосга эга миллий давлатчилик борми-йўқми деб шубҳаланиб қолди одам.

Иккинчидан, қаттиқ жиғибийрон ҳам бўлмадим. Чунки фойдаси йўқ. Бизнинг бир еримиз эмас, умумий ҳамма жойимиз касал. Бундай ҳолатда депутатларнинг бу ишидан қаҳру ғазабга тўлиб жиғибийрон бўлиб ўтиришимиздан фойда йўқ. Шошилинч муолажани бошлашимиз керак. Халқни ўзига танитиш, миллатнинг кўзини очиш, ўзлик туйғусини шакллантириш энг бирламчи вазифалардандир.

Бу ишда зиёлиларнинг ўрни  ва масъулияти каттадир. Бошқача айтганда, оддий одамлардан тортиб давлатнинг олий бошлиқларигача барчамизнинг бу умумий касалимиз зиёлилар қўлидагина шифо топади…

Шундай дейман-у, аммо бугун тушиб қолган бу аянчли аҳволимиз жамиятда зиёлиларнинг таъсири деярли йўқлигини, ўзини зиёли деб билганлар бу борада ҳеч қанақа иш қилмаётганини, ҳаммадан орқада қолиб кетганини билдириб қўйди. Депутатларимизнинг тилга бунақа писандсиз муносабати ойдинларимиз юзига тутилган кўзгудир. Тезда уйғониб олдга ўтмасак, ҳолимизга вой, ҳолимизга вой, ҳолимизга вой!

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон,
ёзувчи

Манба: azon.uz