Ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов вафот этди

Ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов вафот этди
415 views
04 May 2021 - 13:31

3 май куни таниқли ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов 76 ёшида Тошкентда вафот этди. У умрининг 20 йилини сиёсий ва диний фаоллар ҳуқуқлари ҳимоясига бағишлади.

2000 йилларнинг бошида Икромов Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи (ЎМҲҲТГ)га асос солди. Бу ташкилот сиёсий ва диний мотивларга асосланган кўплаб суд жараёнлари мониторингини ўтказди.

Икромов қатор интервьюларида МХХ (ҳозирги ДХХ) бу шахсларга нисбатан “Ҳизб ут-таҳрир” ёки ваҳҳобийликка алоқадорлик айбловлари қай тарзда уйдирилгани ҳақида билдирган.

Ўз фаолияти давомида Суръат Икромов кўплаб таъқиб ва ​​таҳдидларга дучор бўлган. 2003 йил 28 августда Тошкентда Икромов номаълум шахслар томонидан бошига қоп кийгизилиб ўғирлаб кетилган ва калтакланган.

Ҳушидан кетган Икромовни Чирчиқ дарёси қирғоғига ташлаб кетишган. Калтакланиш натижасида кейинчалик шифохонага ётқизилган Суръат Икромовнинг иккита қовурғаси сингани ва мия чайқалиши аниқланган эди.  

“Элтуз” жамоаси ҳуқуқ фаоли Суръат Икромовнинг яқинлари, дўстлари ва ҳамкасбларига ўз таъзиясини билдиради.

Манба: Eltuz.com