ОЗОДЛИК ВА ЎЛИМ

ОЗОДЛИК ВА ЎЛИМ
1,792 views
09 May 2021 - 19:10

Бир мутафаккир ёки ёзувчининг фикри сизга ёқса, сиз бу фикрда ўз фикрингизни кўрганингиз учун ёқтирган бўласиз.

Бу сизнинг шуурингизда ухлаб ётган, уйғонмаган, сизга ҳали таниш бўлмаган ёки таниш бўлса ҳам сизнинг диққатингизга сазовор бўлаолмаган бир фикр эди.
Уни сиз эмас, бошқа биров уйғотди ёки у бошқа бировда уйғонди. Ва у фикр қоғозга тушди ва сизнинг диққатингизни чекди.
Жараён шу тарзда кечади.

Мен Платонинг “Апология”сини илк ўқиганимда бу қадар (бугунгидай) мақул келмаганди. Чунки у замонларда китобдаги Сократес(Платон)нинг фикри менинг фикрим эмасди. Бугун маъқул келди, шу қадарки ҳатто уни ўз тилимга таржима қилдим.

Ўтган йилларимга қарасам, ўзбекчага бир неча китоб таржима қилибман. Лекин шуни аниқ айтишим мумкин: моддий қийинчиликлар сабабли мажбур бўлмаганим ҳоллар истисно, ҳеч қачон ўзимга яқин кўрмаганим, яқин ҳис этмаганим ҳеч бир матнни таржима қилмадим.

Мана, Энг сўнгги таржимам Платоннинг “Сократес Апологияси” бўлди. Валлоҳи, буни Ўзбекистонда чоп этиб, ўзбек китобхонига “армуғон” этиш мақсадида таржима этмаяпман.
Зотан, бошқа таржималарим ҳам “китобхонга армуғон” ёки адабий шуҳратга эришиш учун ёки, юқорида эслатганим каби, моддий манфаат (гонорар) учун қилинмаганди. Аксинча, ҳамиша бир руҳий эҳтиёж, аввало руҳий эҳтиёж бор эди уларга.

Бу мантиқдан келиб чиқиб, Сократеснинг бундан 2400 йил аввал ўлими олдидан айтган сўзлари менинг бугун айтишим мумкин бўлган сўзларим билан айни оҳанг ва мазмунда эди дейиш мумкинми?

Дейиш мумкин.

Сократес нутқининг сўнггида шу жумлаларни сарф қилади: “Асл масала, Ўлимдан сақланмоқ эмас, Ҳақсизликдан сақланмоқдир. Чунки Ёмонлик Ўлимдан тезроқ чопади. Мен бир кекса одам ва оғир бўлганим сабабли секин чопган (Ўлим) менга тез етиб олади. Мени айблаганлар эса қувватли ва тез бўлганлари сабабли тез чопган Ёмонлик уларга етиб олади. Энди мен сизнинг тарафингиздан ўлим жазосига, улар эса Ҳақиқат тарафидан ёмонлик ва ҳақсизлик жазосига ҳукм этиларак айриламиз. Мен жазомга бўйин эгдим, улар ҳам жазосига бўйин эгсинлар. Ҳар холда, шундай бўлиши муқаддардир, ўринлидир”.

Бу сўзлар Сократеснинг тилидан, Платоннинг қаламидан, менинг эса дилимдан тўкилган сўзлар десам, буни бир лоф, бир уйдирма дейишингиз мумкин.
Аммо бутун самимиятим билан айтаманки, шу кунгача ёзганим ҳеч бир матнга Сократеснинг ўлим олдидан айтган сўзига яқинлик даражасида ўзимни яқин ҳис этмаганман.

Зотан, менинг ҳам ҳар сўзим ўлим олдидан айтилган сўздир. Чунки бир мусулмон ўлароқ ҳар он ўлишим мумкинлигига иймон келтирган бириман.

ТЕЖАМ

Аланглама, исроф бўлмасин бу кўз,
Дунёга сўнгги бор боқаётгандай боқ –
Тежаб гапир, токи айтганинг ҳар сўз
Видо сўзи каби бўлсин қисқа, пок!
(2009)

Аммо нега Платоннинг ўз устози Сократес тилидан ёзгани бу ёзувини илк ўқиганимда уни “ўзимники” ҳис эмадим?
Сократеснинг етмиш ёшида айтган нутқини ўзимникидай ҳис қилиш учун мен ҳам етмишга киришим шартмиди?…

Сократеснинг маҳкамада хокимлардан авф сўрамагани бир примитив қайсарлик ва ёки примитив кибр эмас эди. Унинг маҳкамадаги ўлим ва ҳаёт таржиҳи аслида қуллик ва озодлик таржиҳи эди.
Ўлимни танлар экан, Сократес озодликни танлади.
“Айтганларидан воз кечиш” унинг учун бир қулликка тушиш эди.
Ғоясидан воз кечгани учун ҳаётда қолсайди, бу ҳаёт бировлар ҳадя қилган бир ҳаёт бўлар эди.
Бир озод руҳ бундай ҳаётда қолишни асло истамасди.
Чунки бу ҳаёт ҳеч қачон уники бўлмасди.

Муҳаммад Солиҳ

Манба: muhammadsalih.com