Халқаро Амнистия: Хитой Шинжонни дўзахга айлантирмоқда

Халқаро Амнистия: Хитой Шинжонни дўзахга айлантирмоқда
797 views
12 June 2021 - 14:32

Халқаро Амнистия ташкилоти Хитойни Шинжонда инсониятга қарши жиноятлар содир этаётганликда айблаган.

Халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилоти БМТни мавжуд вазиятни текширишга чақирган.

Хитой Шинжондаги уйғурлар, қозоқлар ва бошқа мусулмонларни оммавий ҳибсга олгани, кузатгани ва қийноқларга солганини айтган.

Amnesty International Бош котиби Аньес Каламар хитойлик масъулларни “мислсиз азоб-уқубат ва адолатсизликка тўла жаҳаннам” яратаётганликда айблаган.

“Лагерь-қамоқхоналарда катта сондаги одамнинг онги ювилаётгани, қийноқлар ва бошқа инсон қадр-қимматини ерга урувчи муносабатларга дучор этилаётгани, яна миллионлабининг улкан кузатув аппаратидан қўрқиб яшаётгани инсониятнинг виждонини ларзага солиши керак”, – деб айтган Аньес Каламар.

У Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибини “ўз ваколатига биноан иш тутмаслик”да ҳам айблаган.

Аньес Каламарнинг Би-би-сига айтишича, “Антониу Гутерриш мавжуд вазиятни қоралаб чиқмаган, халқаро тергов ўтказилишига чақирмаган”.

“У Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асос қадриятларини ҳимоя қилиши ва, албатта, инсониятга қарши жиноятлар олдида жим турмаслиги шарт”, – дейди у.

Янги ҳисобот

160 саҳифали янги ҳисобот Халқаро Амнистиянинг элликдан ортиқ собиқ маҳбуслар билан суҳбатига асосланган.

Ташкилотнинг баён қилишича, Хитой давлати “камида халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид равишда қамоққа олиш ёки бошқача кўринишда жисмоний эркинликни кескин чеклаш, қийноқ ва таъқиблар каби инсониятга қарши жиноятларни содир этган”.

Шу йил апрель ойида яна бир нуфузли инсон ҳақларини сақлаш ташкилоти – Human Rights Watch ҳам худди шунга ўхшаш ҳисобот билан чиққан.

HRW ҳам Хитой ҳукуматини инсониятга қарши жиноятларга масъул тутган.

Айбловлар

Баҳсли эса-да, айрим Ғарб давлатлари ва инсон ҳақларини сақлаш гуруҳлари Хитойни Шинжондаги туркий этник озчиликларни геноцид қилишда айблашади.

Amnesty ҳисоботи муаллифи Жонатан Лоэб пайшанба куни матбуот анжумани ҳам берган.

У матбуот анжумани чоғида ташкилотнинг тадқиқотлари “геноцид содир этилганига оид барча далилларни очиқламагани”, ҳозирча “фақат унга тегиниб ўтгани”ни баён қилган.

Расмий Пекин эса, Шинжондаги ҳуқуқбузарликларга оид барча айбловларни изчил равишда рад этиб келади.

‘Шафқатсиз зўравонлик ва қўрқитиш’

Экспертлар Хитой 2017 йилда бошланган қатағонлар ортидан, Шинжонда бир миллионга яқин уйғур ва бошқа мусулмон озчилик вакилларини ҳибсга олгани, юз минглабини қамоққа ташлаганига ишонишади.

Сўнгги йилларда минтақадаги қамоқхоналар ва ҳибсхоналарда содир этилаётган жисмоний ҳамда руҳий қийноқларга оид хабарларнинг сони ортган.

Хитой яна Шинжонда туғилишни камайтириш ва аҳолисини сийраклаштириш мақсадида бичиш, ҳомилани мажбуран олдириш, одамларни бошқа жойга кўчириш, халқларнинг диний ва миллий анъналарини йўқотиш учун диний етакчиларини нишонга олишда ҳам айбланган.

Аммо расмий Пекин бу айбловларни ҳам рад этади.

Шинжондаги лагерлар экстремизмга қарши курашиш мақсадида ташкил қилинган ихтиёрий “қайта таълим бериш” ва “касб-ҳунар ўргатиш” марказлари эканини таъкидлайди.

Аммо халқаро Амнистиянинг ўз ҳисоботида таъкидлашича, терроризмга қарши кураш оммавий ҳибсларга сабаб бўла олмайди.

Аксинча, Хитой ҳукуматининг хатти-ҳаракатлари “диний ва миллий келиб чиқишига асосланган ҳолда, Шинжоннинг муайян тоифа аҳолисини оммавий таъқиб қилиш, шафқатсиз зўравонлик ва қўрқитиш йўли билан уларнинг диний, миллий ва маданий ўзликларини йўқ қилиш мақсади”ни яққол намоён этади, дейди ташкилот.

Amnesty нинг ишонишича, Хитойнинг Шинжондаги лагерлар тармоқларига ташланганлар тинимсиз тарғибот кампанияси, жисмоний ва руҳий қийноқларга дучор этилишган”.

“Калтаклаш, электр токи қўллаш, стресс ҳолатига солиш, махсус стулга маҳкамлаб қўйиш каби ҳаракатни чеклаш, уйқудан маҳрум этиш, деворга осиб қўйиш, совуқда ва якканишин сақлаш” ташкилот ҳисоботида Хитой қўллаётган қийноқ услублари сифатида тилга олинган.

Амалдалиги бошқа ерларда ҳам борлиги хабар берилган “йўлбарс стули” пўлатдан ишланган, кишанлар билан жиҳозланган ва тананинг қимирлашига изн бермайдиган аҳволда маҳкамлашга мўлжалланган махсус мослама бўлади.

Айрим собиқ маҳкумлар Amnesty га худди шу каби стулларга “михлаб” қўйилган маҳбусларни соатлаб, баъзи вақтлари эса, ҳатто кунлаб кузатишга мажбур қилинганликларини ҳам айтиб беришган.

Халқаро Амнистияга кўра, Шинжондаги лагерлар тармоғи, афтидан, “Хитой адлия тизими ва бошқа маҳаллий қонунлар доирасидан ташқарида фаолият юритади”.

Лагерларда сақланаётган тутқунларнинг қамоқхоналарга ўтказилишганига оид далиллар ҳам бор, дейди ташкилот.

Халқаро Амнистияникига ўхшаш хулосалар бундан аввал ҳам эълон қилинган.

Аммо янги ҳисобот Шинжондаги хатти-ҳаракатлари юзасидан Хитойга қарши босимларни янада кучайтириши аниқ.

АҚШ Давлат департаменти Хитойнинг бу амалларини “геноцид”га қиёслаган.

Буюк Британия, Канада, Нидерландия ва Литва парламентлари ҳам айни шу мазмундаги баёнотлар билан резолюциялар қабул қилишган.

Шинжонда содир этилаётгани айтилувчи ҳуқуқбузарликлар боис, шу йил март ойида Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия ва Канада Хитойга қарши санкциялар киритишган.

Аммо Хитой ҳам парламент вакиллари, тадқиқотчилар ва муайян ташкилотларни нишонга олиб, қарши жазо чоралари билан жавоб берган.

Хитойнинг халқаро жиноят маҳкамалари томонидан тергов қилиниши анчайин мураккаб масала.

Чунки Хитой Халқаро Жиноят Маҳкамасининг аъзоси эмас, худди шу боис ҳам, унинг юрисдикциясидан ташқарида.

Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси экани боис, Хитой Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро Адлия Маҳкамасида кўриб чиқилувчи ишларга вето қўйиш ҳуқуқига ҳам эга.

Аммо ўтган ҳафта Хитойнинг амаллари геноцидга тенгми ёки йўқлигини ўрганиш учун Лондонда илк мустақил халқаро маҳкама тингловлари бўлиб ўтган. У “Уйғурлар Трибунали”га ҳам қиёс берилган.

Манба: bbc.com/uzbek