Савия ҳақда гапириш учун савияли бўлинг

Савия ҳақда гапириш учун савияли бўлинг
539 views
14 June 2021 - 12:13

Жаноб Алишер Қодиров! Савиясиз ўқитувчиларнинг ҳам, савияли ўқитувчиларнинг ҳам ойлиги юксак эмас. Мактабда бир штат иш ҳақига (яъни 20 соат дарси бор) ишлаб турган ўқитувчи қўлига 1 800 000 сўм ойлик олади. Бу дегани тахминан 170$ ойлик маош дегани. Бу дегани қолган ўқитувчилар билан бир-бирини ёзиб, жанжал тўпалон қилиб кўпроқ дарс олишга муваффақ бўлган “омадли” ўқитувчиларнинг максимал иш ҳақи! 5-10 соат дарс учун кун ўтказиб юрган ўқитувчилар олдида туриб шу гапни айтишга наҳот хижолат бўлмадингиз? Албатта, бундай ўқитувчилар мактабни ташлаб Россияга ишга бориш учун рўзғоридан юлиб олиб ортиқча 50$ пулни харжламаслиги мумкин. Сизга ўхшаган сиёсатчиларнинг наздида бу одамлар “ўзини ҳурмат қилмаган одам” саналади.

Сизнинг партиянгиз ўз номи ва моҳиятидан келиб чиққани ҳолда ўқитувчиларнинг ойлигини тушуриш учун эмас балки ошириш учун ҳаракат қилмоғи керак. Аслида ўша савиясиз ўқитувчиларнинг мактабдан ташқари қўшимча иши бор. Шаҳар ўқитувчилари мактабдан чиқиб бозорда савдо қилади. Эркак ўқитувчилар такси ҳайдаб қўшимча пул топади. Қишлоқдаги аёл ўқитувчилар жуда бўлмаса товуқ боқади. Эркак ўқитувчилар одамларнинг уйига бориб ғишт териб беради. Бундай юзлаб мисолларни истасангиз фактлар билан олдингизга қўйишим мумкин! Сиз яхшиси халқ пулини ўмариб маишат қилиб юрган савиясиз ҳоким ўринбосарларини танқид қилинг. Сиз яхшиси, Жаноб Қодиров, депутатлик мандатингизни муносиброқ кадрга топширинг.

Президентлик сайловларида муносиброқ номзодга йўл беринг.

Минбарга чиқдим деб хаёлингизга келган ҳамма нарсани гапиравериб кун ора қовун тушириб юргандан кўра жииим турган афзалроқ эмасми?!

Раҳмиддин Абраев

Facebook тармоғидан олинди