Ўрис тилидаги газеталарнинг умри тугаяпти…ми?

Ўрис тилидаги газеталарнинг умри тугаяпти…ми?
587 views
18 June 2021 - 21:23

Шўролар салтанати даврида ўзбек элитаси асосан ўрис тилидаги газеталарни ўқирди. Чунки улар ўрис мактаблари ва олийгоҳларида таҳсил олишганди. Ўша пайтлари КПСС Марказқўми сиёсатига кўра, имконияти бор барча район (ўша пайтда туман шундай аталган) ва шаҳарларда ўрис тилида газеталар ташкил этиш ҳаракати бўлган. Бироқ миллатдошларимизнинг кўпроқ қисми қишлоқларда яшаб, ўзбекчилигини сақлаб қолди. СССРнинг турли бурчакларидан келган русийзабон аҳоли асосан шаҳарларда қўним топди. Уларга қулай ахборот майдони яратиш учун барча шаҳарларда ўрисча газеталар ташкил этилди. 1963 йилдан Сирдарё областида (ўша пайтда шундай аталган) обком партиянинг нашри “Сырарьинская правда” газетаси чоп этиб келинди. Бундан ташқари, Янгиер ва Гулистон шаҳарларида “Янгиерские зори” ҳамда “Гулистанские новости” газеталари босиларди. Мустақилликдан кейин икки шаҳардаги газетани чоп этиш тўхтади. Айни пайтда вилоятимизда ягона ўрис тилидаги газета -“Сырарьинская правда”нинг вориси “Новая Сырдарья” ҳафтада бир марта тўрт саҳифада чоп этилмоқда. Унинг ҳам аста-секин умри тугаб бораяпти. Бунинг объектив сабаблари бор, албатта.

Биринчидан, ушбу газетанинг потенциал ўқувчилари қарийб нолга тушиб қолиш арафасида. Русийзабон аҳолининг асосий қисми тарихий ватанларига кўчиб кетди.

Иккинчидан, ўрис газетада ишлайдиган малакали журналистлар бармоқ билан санарли даражада қолди. Бу ўз-ўзидан газетанинг ўқишлилига салбий таъсир кўрсатади.

Учинчидан, вилоятлардаги ўрисча газеталар ўзбек тилида чиқадиган мақолаларнинг таржимаси ҳамда интернетдан кўчирилган материаллар билан тўлиб-тошиб чиқаяпти. Оргинал қизиқарли газета чиқариш учун эса малакали журналистлар етишмайди.

Сирдарё области ташкил топган қарийб 60 йилдан буён облпартия қўмитасининг нашри – “Сырдарьинская правда” чоп этилмоқда. Шўролар даврида “Сирдарё ҳақиқати”дан “Сырдарьинская правда”нинг мавқеи баланд эди. Чунки раҳбарлар кўпроқ русча газетага ройиш билдиришарди. Қолаверса, ўрис журналистлари ўзбек журналистларига қараганда ботирроқ эди. Чунки ортларида Москов борлигини ҳис этиб туришарди. Маҳаллий раҳбарлар ўрис газета “бир нарса чиқариб қўймасайди”, дея хавотирланиб турардилар.

Мустақилликдан кейин ўрис ва ўзбек газеталари бирлаштирилиб, бош муҳаррир ўзимиздан, яъни ўзбекзабонлардан сайланди. Ўрис журналистлар жомадонларини кўтариб, ўз юртларига равона бўлдилар. Бироқ Московнинг сиёсати қон-қонига сингиб кетган маҳаллий раҳбарлар ўрисча газетани тугатишни сиёсатга боғлаб ҳалиҳамон ушлаб туришибди. Бундан бир неча йил муқаддам таҳрир ҳайъати вилоят ҳокими Жалоловга (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) русча газетани тугатиш ҳақида таклиф киритганда унамаганди. Бугунги кунда “Новая Сырдарья” газетаси (газетанинг номи ҳам жорий йил янги Ўзбекистонга мос “Новая Сырдарья” деб ўзгартирилди) 635 нусхада чоп этилаяпти. Иккинчи ярим йилликда бу адад янада камайиши мумкин. Жорий йил бошида Сирдарё вилоят ҳокимлиги “Янги Сирдарё”- “Новая Сырдарья” газетлари муассислигидан чиқди, яъни эркини ўз қўлига берди, МЧЖга айлантирилди. Энди раҳбарият потенциал ўқувчиси тугаб бораётган газетани ёпиш ҳақида ўйлаб кўриши керак.

Шу ўринда бир фактдан кўз юмолмаймиз. Айни чоқда газеталарга индивидул обуна барҳам топган. Обуначиларни асосан ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ташкил қилишади. Улар таннархи арзонлигини ҳисобга олиб, “Новая Сырдарья” газетасига обунани қизитишади. Юқорига обунанинг бориши ҳақида маълумот бериш талаб қилинади-да. Ана шу тариқа маҳаллий газеталарга обуна қилдиришда ҳам хўжакўрсинчилик авж олган. Нафсиламрини айтганда “Янги Сирдарё” газетасининг тиражи ҳам мақтанарли даражада эмас.

“Новая Сырдарья” газетаси чоп этилмаса, осмон узилиб ерга тушмайди. Чунки республикамизда айни чоқда “Народное слово”, “Правда Востока”, “Ишонч-Доверия”, “Голос Узбекистана” каби ўнлаб русча газетлар чоп этилмоқда. Сирдарёлик русийзабон журналистлар ушбу нуфузли газеталар билан ҳамкорлик қилиб, вилоят ҳаётидаги долзарб мавзуларни ёритсалар, олам гулистон. Чунки аллақачон мамлакатимизнинг айрим вилоятларда потенциал ўқувчиси йўқ ўрисча газетлар ўз фаолиятини тўхтатган. Сирдарёда ҳам шундай кунлар яқин, шекилли.

Муҳаммадали Аҳмадий

Facebook тармоғидан олинди