Заҳриддин Муҳаммад Бобур ҳақида мулоҳазалар

Заҳриддин Муҳаммад Бобур ҳақида мулоҳазалар
1,043 views
06 July 2021 - 9:48

Бобурни жаҳон аҳлининг эътироф ва эъзозига сабаб бўлган фазилатларидан бири бу ундаги толерантлик, демократлик ва мутаассибликдан ҳоли бўлган фаолияти. Бобур ислом дини фарзларига қаттиқ амал қилган ва эътиқодда соф, комил мусулмон эди. Унинг бу борадаги қарашлари назмий ифода билан баён этилган, ислом динининг фарзлари ёритилган ”Мубайян” асаридада ифшо бўлган. Бобур ғозийлик унвонини олган одил подшоҳ эди. Шу сабабли у мутаассибликдан ҳоли эди. Хурофий ақидалар, ёлғон расм-русмлар, бидъатларга умуман ишонмайди ва ҳатто аёвсиз фош қилади. ”Кобул ва Ғазнини олғон йиликим, Кўҳат ва Банну ва Дашт ва Афғонистонни чопиб, ғалаба қатл қилиб, Дуки билан ўтиб, Оби истоданинг ёни билан Ғазнига келдим. Дедиларким, Ғазнининг кентида бир мозор бордур, салавот айтгач, қабр мутаҳаррик бўлур. Бориб мулоҳаза қилилди, қабрнинг тебранганин махсус бўлди. Сўнгра маълум бўлдиким, мужовирларнинг тазвири экандур. Қабрнинг устига бир жуля ясатубдурлар, ҳар замон жуляга тегадурлар, жуля тебрангач, қабр тебрангандек махсус бўладур. Ҳуддиким кемага кирмаган эл кемага киргач, соҳил мутаҳаррик махсус бўлур. Буюрдумким, мужовирлар жулядин йироқ турдилар, салавот айтилди, қабр тебранмади. Буюрдумким, жуляни бузуб, қабр устида гунбаз қилдилар. Мужовирларнинг бу ҳаракаттин таҳдид билан ман‘ қилилди”

Бундан Бобур даҳрий деган хулоса чиқмайди, у динни ва эътиқодни қоралаган эмас, бироқ унинг бу борадаги соф мантиқий, теран ёндошуви , кўр-кўрона мутаассибликка эргашмаганлиги, у яшаган давр нуқтайи назардан қараганда, албатта фавқулодда аҳамиятли ҳодиса эди. Юқорида Бобурни толерант дедик, боиси Бобур улуснинг манфаати учун, турли хил элат ва миллатлар, ҳатто тирфа дин ва мазҳаб эгалари билан ҳамкорлик қилишдан иккиланмагани, қўшини таркибида турфа уруғ, миллатдаги аскарларнинг (Рустам туркман, Юсуфзайи авғон, Қанбарали мўғул) хизматда бўлиши бизга бу хулосани беради. Бобур маҳдуд қарашлардан йироқ, янгиликка ва бунёдкорликка ўч, ҳатто ўзи ҳам кашфиётчи эди. ”Бобурнома” нинг шаҳодати бн биз унинг ”Хатти Бобурий” алифбосини ихтиро қилганини биламиз. Бу алифбо гарчи шакли араб алифбосига асосланган эса-да, моҳиятан туркий тилнинг товуш тизимига мослаштирилган. Бобур нега бу алифбони ихтиро қилди? Бу алифбо яратилган сана 1504-йил, Бобурнинг саргардонлигининг, машаққатларининг авж палласида унга не эҳтиёж бўлдики, буни яратди? Маълумки кўпгина ихтиролар ҳам муайян бир зарурат, ёки эҳтиёж, ёхуд қулайсизликка раддия ўлароқ яратилади. Бобурнинг мақсади, аввало, она тили бўлган туркий тилнинг йўқолиб кетмаслиги эди.

Иккинчидан, Бобур фаолият одами эди, жасорати баланд эди, шу боис, араб алифбосидаги бир товушни ифодалашда хизмат қиладиган 3-4 кўринишдаги ҳарфлар чалкашлигини бартараф қилиш эди. ”Хатти Бобурий” -29 ҳарфни ўз ичига олган, товуш тизими туркийга мослаштирилган ёзув бўлиб, Бобур бу ёзувда ўғиллари Ҳиндолга ва Комронга хат битган, ҳатто журъат қилиб, ”Қуръон” ни кўчирган ҳамда Макка ва йирик шаҳарларга жўнатган!! Унинг бир қўлёзмаси Машҳаднинг Имом Ризо ёдгорлик мажмуаси китоб фондида сақланади. 2005-йил Зокиржон Машрабов томонидан бу китобдан нусха олиниб, Ўзбекистонга олиб келинган” Бобур ва жаҳон маданияти” музейига топширилган. Ўз вақтида Бобур Ҳиротда бўлганида Ҳиротлик машҳур уламолар Қози Ихтиёр ва Муҳаммад Мирюсуф ундан ”Хатти Бобурий” алифбосини ўрганишган. Аммо бу алифбо кенг жорий қилинмаган, чунки мутаассиб муллалар, дин пешволари бунга қаттиқ қаршилик билдирга. Аслида бу катта жасорат эди!

Ёки саройида турфа эътиқоддаги кишиларнинг хизматта бўлиши ҳам Бобурни ташвишлантирган эмас! Ўғли Ҳумоюнга ”Ҳамиша мазҳаб фитнасидан ўзингни холи тут дегани бежиз эмас!

Аёлларга эҳтиром борасида ҳам Бобур алоҳида шахс эди. Бувиси Эсон Давлат бегимнинг маслаҳати бн иш кўргани ва буни ”Хотунлар ичида менинг бувим Эсон Давлат бегимдек рай‘ ва тадбирли киши йўқ эрди” деб фахр ўлароқ битиши ҳам сўзимизга шаҳодат қилади!

Ёки Эвропада аёлларга бўлган эҳтиром уларнинг суратларини чизиш шаклида бўлганидек, Бобур ва унинг насллари аёлларга нисбатан ҳурмат, эъзоз ўлароқ боғ, мақбара яратганлари бунга исботдир. Бобурнинг кемалари, замбараклари ҳам бўлганки, бу алоҳида мавзу сифатида таҳлил қилингуси, иншааллоҳ!

Хуршида Атауллоҳхон