Энасини уч қўрғонда кўраётганлар

Энасини уч қўрғонда кўраётганлар
33 views
17 January 2012 - 11:02

Россияда чоп этиладиган” АиФ “газетасинининг декабрь сонларидан бирида «за что краснеют политики» деб номланган бир мақолага кўзим тушди. Унда бир неча давлат раҳбарлари қачон ва нима учун кечирим сўрагани ҳақида сўз борарди. Хусусан, Билл Клинтон 1998 йилда ўз оиласи ва халқидан Моника Левински билан алоқаси учун кечирим сўраб шундай деган экан:
-Мен оилам ва халқимни алдаганимдан афсусдаман. Мен оилам ва халқим олдида айбдорман. Буюк Британиянинг собиқ примьери Гордон Браун 2010 йил Парламент сайловларига бир хафта колганда, журналистлар билан ўтказилган бирифинг тугагач, микрофонни ўчириш ёдидан кутарилиб, саволлар билан уни чарчатган журналист аёлни «торманглай кампир» деб атаган. Гордон Браун жанобларининг бу сўзлари эфирга кетган. Натижада унинг рейтинги ўша куниёқ жадал суратда тушиб бошлаган. Примьер эса бир хафта давомида журналист аёл Джилиан Даффидан ОАВ орқали кечирим сўраган. Хатто Даффи билан учрашиб шахсан ўзидан уни кечиришини ўтиниб сўраган. Шунга қарамай унинг партияси сайловларда мағлубиятга учраган. Британия сиёсий таҳлилчиларининг фикрига кўра, бу воқеа мағлубият сабабларидан бири бўлган. Буларни ўқир эканман, кулгидан ўзимни тўхтата олмадим, бу инглизлар бунча эркатой бўлишмасая. Бир журналист хақорат қилингани учун шунча ваҳима қилишибди. Бечора Гордоннинг бошини эгиб кечирим сўрашга мажбур қилишибди. Бизнинг раҳбаримиз журналистларни хақорат килади, сўкади, истаса бир пасда жиноий иш кўзғатиб қамоққа тиқишади. Биз эса индамаймиз. Кечирим сўратиш нари турсин хатто хафа бўлмаймиз. Шу дейман бу инглизлар Ўзбекистонга келиб этини ўлдириб кетса бўларкан. Президент ўз кабинетида қанча журналист,қанча олиму уламоларнинг энасини уч қўрғонда кўрсатаётганини билсалар, энасини кўриб қайтган бу бечоралар яна унга «отажон урганингиз ун оши, сўкканингиз сўк оши»-дея таъзим қилиб турганларини бир кўрсалар эди. «Торманглай кампир» сўз бирикмаси хақорат эмас, эркалаш эканини англардилар.
Японларчи, японларни қаранг, бу японлар инглизлардан ҳам баттар экан. Япон бош вазири Ёсихико Нода 2011 йилда сайлов компанияси олдидан, Япония фуқароси бўлмаган кишидан 6 минг АҚШ доллари миқдоридаги хайрияни олган. Чунтагига солиб қўймаган, сайлов компаниясига харжлаган, лекин қурмагур японлар буни билиб қолишган ва жуда эркалаб кетган халқ сифатида тўполонни бошлашган. Оқибатда Ёсихико Нода ўз халқидан кечирим сўраб, бундай деган экан:
-Мен сизни хавотирга солганим ва безовта қилганим учун узр сўрайман. Эътибор беринга, бу узр сайлов қонунларини бузгани учун сўралган узр. Бу 6 минг доллар пулни ноқонуний олингани учун суралган узр. Энди тасаввур қилиб куринг- И. Каримов телевизор орқали сайлов қонунларини суранкали равишда бузгани учун кечирим сўраса. Гулнора Каримова халқдан кечирим сўраб “миллион- миллион пулларингизни ноқонуний ўзлаштирганим учун узр сурайман”- деб турса, ёки Мирзиёев халқдан порахўрлиги учун кечирим сўраса… Ким буни қандай тасаввур қилади билмадим, мен эса, қанча уринмай тасаввуримга сиғдиролмадим. Мен ахир эрка инглиз, тантиқ япон эмасман, мен оддий ўзбекман.
Шу ерда нуқта қўйиб мақолани тугатмоқчи эдим, лекин уйимдаги икки ўзбекнинг фикрини билгим келди ва уларни саволга тутдим— И. Каримов халқдан қайси ишлари учун кечирим сўраши керак? 72 ёшли отам саволга бундай жавоб бердилар:
– Каримов кечирим сўрамаслиги керак, у яратганга тавба килиши керак. Турмуш ўртоғим эса бундай дедилар:
– Порахўрлик ва қонунбузарликни урчутгани учун, қанча бегуноҳларни қамоқда чиритгани учун кечирим сўраши керак. Йўқ, у кечирим -печирим билан қутулолмайди, уни жиноий жавобгарликка тортиш керак.
Азиз ўқувчи , сиз нима дейсиз , И Каримов қайси ишлари учун халқдан кечирим сўраши керак, қайси ишлари учун эса жиноий жавобгарликка тортилиши керак.

Эркиной Мамасолиева