Ўзбекистон, раҳбарлик лавозими ўз жозибасини йўқотмоқда

Шу йил 18 январ куни Андижон вилоятидаги касб-хунар коллежлари ва академик лицейларга Вилоят ўрта махсус касб-хунар таълими бошқармасининг бошлиғи Тўхтабоев Нозимжон имзолаган буйруқ тарқатилди.

Ўзбекистон, раҳбарлик лавозими ўз жозибасини йўқотмоқда
73 views
19 January 2012 - 11:50

Шу йил 18 январ куни Андижон вилоятидаги касб-хунар коллежлари ва академик лицейларга Вилоят ўрта махсус касб-хунар таълими бошқармасининг бошлиғи Тўхтабоев Нозимжон имзолаган буйруқ тарқатилди. Бу 1-сонли буйруқ Тўхтабоев Н. томонидан 17 январ куни имзоланган. Буйруқда ҳар бир коллеж ва академик лицей директорлари 20 январгача бўлган муддат ичида зудлик билан тайёрлаши лозим бўлган маълумот рўйхати кўрсатилган. Ҳар бир коллеж директорининг иш столи устида қуйидаги маълумотларнинг туриши шартлиги таъкидланган:
1) етим ўқувчилар ҳақида маълумот;
2) чала етим (фақат отаси ёки фақат онаси бор ўқувчилар) ҳақида маълумот;
3) ота-онаси чет элга ишлагани кетган ўқувчилар ҳақида маълумот;
4) дарсларга мунтазам (доимий) келмаётган ўқувчилар ҳақида маълумот;
5) чет элга кетиб қолган ўқувчилар ҳақида маълумот;
6) ижтимоий ҳимояга муҳтож ўқувчилар ҳақида маълумот;
7) турли экстремистик гуруҳларга мансуб ўқувчилар ҳақида маълумот;
8) оила аъзолари шубҳали диний оқимларга мансуб бўлган ўқувчилар ҳақида маълумот;
9) оила аъзолари турли оқимларга мансублиги учун жиноий жавобгарликка тортилган ўқувчилар ҳақида маълумот.

Буйруқда, шунингдек, газета ва журналларга ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг обуна қилиш режасини якунига етказиш ҳам топширилган.
Бу буйруққа прокуратура органларининг саволномаси ҳам илова қилинган. Унда ўқув юртлари ходимларининг билиши лозим бўлган маълумотлар (прокуратура берадиган саволларга жавоб беришга тайёргарлик кўриш) келтирилган.

Кейинги йилларда Андижон вилояти (бошқа вилоятларда ҳам аҳвол тахминан шундай) касб-хунар коллежлари ва академик лицейларда раҳбар бўлиб ишлаш ўз “жозибаси”ни йўқота бошлаган. Натижада, бу соҳада кадрлар қўнимсизлиги кузатилмоқда. Ўқув юртида таълим билан шуғулланиш ўрнига директорлар ҳокимиятнинг турли бўлмағур буйруқларини бажарувчи ходимларга айланиб қолган. Бундай буйруқларни (масалан, обуна режасини, пахта даврида терим режасини ва ҳ.к.) бажара олмаган директорлар ҳокимият йиғилишларида, ҳамманинг олдида ҳоким ёки бошқа амалдор томонидан ишдан ҳайдалади. Бу каби ишдан ҳайдалган директор кейин ҳатто оддий ўқитувчилик лавозимига ҳам олинмаслиги мумкин.
Нафақат ўқув юртига директор бўлиш, ҳатто вилоят ҳокимлиги касб-хунар таълими бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлашнинг ҳам “жозибаси” йўқолмоқда. Хусусан, 2005 йилдан буён, яъни кейинги 6 йил давомида, ҳокимиятнинг мазкур бошқармаси бошлиғи 12 марта алмашди, яъни ўртача ҳар йилда икки марта алмашган. Бу бошқарманинг ҳозирги бошлиғи Тўхтабоев Нозимжон 2011 йилнинг октябр ойида тайинланган, қачонгача ишлаши номаълум.
Ҳокимият ўқитувчиларнинг фаолиятини ҳам қаттиқ назоратга олишга уринмоқда. “Дарс ўтаётганимизда миршаб кириб, нечта ўқувчи келганлигини, қайси фандан дарс бўлаётганлигини, дарс ўтаётган ўқитувчининг исм-шарифини, ўқитувчи ўқув журналида келмаган ўқувчиларни белгилаган-белгиламаганлигини дафтарига ёзиб олмоқда” дейди ўқитувчилардан бири.
Бошқа бир ўқитувчининг айтишига кўра эса: “Ўтган йили бироз бепарволик қилиб, ўқув журналига келмаган баъзи ўқувчиларни белгиламаганимиз учун прокуратурага чақиртиришди, тушунтириш хати ёзиб бердик”, деди.
”Қандай ишлашга ҳам хайронсан, – дейди учинчи бир ўқитувчи. – Агар ҳамма келмаган ўқувчини белгилаб қўйсангиз, директордан “ўқувчиларни дарсингга қизиқтира олмаяпсан” деган сўкишни эшитасиз. “Шунча ўқувчини ҳам йўқ деб белгилайсанми, эртага молия идорасидан ревизор келса, маошларимизни қирқиб юборади!”, деб сўкади директор. Келмаган ўқувчини белгиламасангиз, кейин прокуратурага тушунтириш хати ёзасиз”.
Ҳозир Андижон шаҳридаги бир қатор коллежда ревизия кетмоқда, баъзиларида ревизия якунланган. Ревизор коллеж бухгалтериясини, ўқув журналларини текширади, ўқитувчиларга маош тўғри-нотўғри тўланганлигини аниқлайди ва албатта доим камчилик топади. Кейин коллеж директори бу камчиликларни ревизор “ёзиб” кетмаслиги учун ўқитувчилардан 15-20 минг сўмдан пул йиғади ва ревизорга пора сифатида тақдим этади. Пора фақат камчиликларга йўл қўйган ўқитувчилардангина эмас, ўқитувчиларнинг ҳаммасидан йиғилади. Хусусан, вилоят прокурори Деҳқоновга бириктирилган Андижон саноат ва транспорт коллежида шундай бўлган.
Коллежларга ревизордан ташқари бошқа турли идоралардан ҳам текширувчилар келиб туради, масалан, ёнғин ҳавфсизлигини таъминловчи идорадан. Бундай текширувчиларнинг “оғзини ёпиш” учун ҳам ўқитувчилардан пул йиғилади.

Нега Ўзбекистонда жамиятнинг барча бўғинлари порхўрликка ботиб қолган? Бу саволга андижонликлардан бири кутилмаган бир жавобни айтди: “Мансаблар бизда сотилади”, деди у. Коллежга директор бўлиш учун пора бериш керак, шу боис директорликка “қизиқувчи” навбатдаги янги одамдан пора ундириш учун директорларни тез-тез алмаштириш мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, ҳокимиятдагиларнинг имзо қўйиб оладиган маоши оддий ўқитувчиникидан анча кам, ҳатто вилоят ҳокимининг маоши 500 минг сўм атрофида, шу боис улар пора олиб кун кўришга мажбурдирлар. Вилоят касб-хунар таълими бошқармаси бошлиғининг маоши жуда нари борса 400 минг сўм, бу раҳбар қўл остидаги коллеж директорлари ва ўқитувчиларнинг маоши эса бундан 2 марта кўп, 700-800 минг сўм атрофида. Ревизорларнинг, бошқа турли хил назорат идоралари ходимларининг маоши ҳам ўқитувчиларникидан анча кам. Бизда фақат миршаблар, МХХ ходимлари ва бошқа куч ишлатар тизимлардаги ходимларнинг маоши катта, холос”.
Андижондаги мухбиримиз