Туғилган кунингиз билан Диктатор Абдуғаниевич!

Туғилган кунингиз билан Диктатор Абдуғаниевич!
38 views
31 January 2012 - 7:43

Асримизнинг энг қаттол ва қонхўр диктаторларидан бири Ислом Каримов 74 ёшини нишонлаяпти. 20 йилдан буён ўз халқи ва қўл остида ишловчи амалдорларининг яширин нафрати ва қарғишига мубтало бўлиб келаётган бу кимса, не ажабки, бугун бир қанча нуфузли халқаро ташкилотлар ва қатор демократик давлатлар етакчиларининг ардоғида. Улар бугун диктатор каримовнинг қўнглини олиш ва унга хуш ёқадиган каломларни канда қилишмаяпти. Бирлари у ва унинг амалдорларига кўлланган санкцияларни бекор қилишга бел боғласа, иккинчиси унинг режимини энг замонавий қурол аслахалар билан таъминлаб келаяпти. Мана мен деган дунё банклари хам бугун Ислом Каримовнинг хизматида – улар диктатор сўраган хар қандай миқдордаги пулни, “ижтимоий грант” ва “гуманитар ёрдам” деган жимжимадор номлар билан Оқсарой ғазнасига тўқиб туришибди…

Ўзбекистонга қўшни бўлган мамлакат президентлари хам бугун Ислом Каримовнинг қадамига қараб қадам оладиган, унинг оғзига қараб сўзларини тўғрилайдиган бўлишган. Эътибор беринг, бугун Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва хатто Россия президентлари ўз мухолифлари билан худди диктатор Каримовдек муносабат қуришаяпти. Унга ўхшашга, унинг каби бўлишга интилишяпти.

Қозиғистоннинг Жанаўзен шахрида ўтган йилнинг сўнги кунларида, ўз хақларини химоя қилиб чиққан тинч намоишчилар давлат куч ишлатар тизимлари томонидан ўққа тутилди. Тирқираб қочаётган ахолини қувиб юриб отаётган, судралиб бораётган ярадорларни таёқлар билан савалаётган полициячиларни бутун дунё интернет орқали томоша қилди. Яқинда Нурсултон Назарбоев Жанаўзен намоиши бостиришда жонбозлик кўрсатган бир гурух полиция ва харбийларни давлат мукофотларига тавсия этилди. “Халқ ва давлат олдидаги бурчларини виждонан бажарганликлари учун” деди Назарбоев….

Андижон ахолисини ўққа тутишга буйруқ берган Каримов хам ўзининг содиқ милиция ва армиясини мукофотлаганди…

Ха, хар қандай собиқ иттифоқ республикаси президентининг бугун ўз Андижони бўлиши мумкин ва шундай холатларда бугун бу президентлар Каримов тутган усулни қўллайдилар. Чунки биладиларки, бунинг учун уларни хеч ким судга тортмайди, аксинча, Россия ва Хитой каби йирик ва бой давлат рахбарларининг химоясига автоматик равишда ўтиб қолишади…Кани биров бир нарса деб кўрсинчи!

Мана хозиргина Россия президенти Медведевнинг Ислом Каримовга жўнатган табрик матнини ўқиб қолдим.

Россия президенти ўз табригида Россия-Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама алоқаларга юқори баҳо берган ва халқаро ва минтақавий майдондаги долзарб муаммолар юзасидан Ислом Каримов мулоҳазаларини қадрлашини таъкидлаган. Майли, бу энди давлат рахбарлари ўртасидаги оддий бир мулозамат. Чидаса бўлади.

Лекин табрикнинг мана бу жойига нима дейсиз? “Ўзбекистон халқи мамлакатда муваффақият билан амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар¸ суверенитетнинг кучаюви ва халқаро майдонда Ўзбекистон эътибори ошганини ҳақли равишда Сизнинг номингиз билан боғлайди”……?!?!?!?!.

Муфақият билан амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар деганда Медведев нимани назарда тутди экан? Бугун Россиянинг деярли хар бир ахоли пунктида иш қидириб дийдираб юрган ўзбек мардикорлариними? Ёки Ўзбекистондан бир нималарни эвазига арзон гаров сотиб олинаётган газнинг хурмати учун шундай дедимикин?

“Халқаро майдонда Ўзбекистон эътибори ошганини” эса тушунса бўлади. Россия президенти Ўзбекистондек мамлакатни Афғонистон туфайли Ғарб ва АҚШнинг назарига тушиб бораётганини билади. Шунинг учун у ўзининг хам қаторда борлигини ва Россиясиз Каримовнинг узоққа бора олмаслигини билдирмоқчи бўлаяпти…

Диктатор Каримов хозир бунақа табрикларни пачкалаб олаяпти ва хали хам ўзини қўлловчи йирик давлат рахбарлари тирик эканлигидан қувонаяпти албатда.

Бироқ, уни бугун қўллаётган АҚШ ва Ғарб мамлакатларининг етакчилари, яқин ўтмишда Муаамар Қаддофий ва Хусни Муборак сингари диктаторларни хам оғиз қўпиртириб табриклаганлар ва турли тадбирларда уларни қучоқ очиб кутишган. Бу икки шарқ диктаторининг тақдири нима бўлганлигини бугун хамма билади.

Хозирча эса, ўзбек халқининг аксарияти электр энергиясисиз, газ ва ичимлик сувисиз, худди ўрта асрлардагидек хаёт кечирмоқда. Халқимизнинг гўдаклари мактабдан, илмдан узоқлаштирилди, уларнинг қуллари фақат пахта теришга ва бозорларда арава тортишга мослашди. Миллатимизнинг эркин фикрловчи фарзандлари эса Каримовнинг қамоқхоналарида азоб чекишяпти, қийноқлардан жон таслим қилганлари эса милиция назорати остида кафансиз кўмиб юборилмоқда. 27 миллионлик мамлакат ахолиси учун бу хаёт тарзи гуёки бир меъёрга айланиб қолгандек. Ачинарлиси, халқимизнинг катта бир қисми бундай хаётни ўзгартиришга эмас, бундай хаётга кўникишга харакат қилишяпти.

Ўзбек халқининг бу куйга тушишига шахар ва вилоят рахбарлари ёки қанақадир жиноий гурухлар эмас, ўзбеклардан чиққан биринчи диктатор – Ислом Каримов айбдор.

У бугун 74 ёшга кирибди. Аминманки, бугун унинг юраги ва шууридаги қурқув янада кучайган. Чунки у умрининг қирғоқларини қўра бошлади ва хаёт билан видолашиш онлари тоборо яқинлашаётганини сезиб турибди. Ўлимининг эртасигаёқ, унинг номи дунёнинг энг олди жиноятчилари қаторига киради, кечагина унинг номини мехрга чулғаб, уни “Отам” дея улуғлаганлар, унинг ўрига ғишт қалаш учун навбатга ёзиладилар. Ислом Каримов буни хам аниқ сезиб турибди. Ва инсонларнинг ёзилмаган бу қонунларига у ўзгартириш кирита олмайди. Энди анча кеч бўлди….

Бугун мен хам Диктаторни табриклайман ва унга қарата шундай дейман:

“Диктатор Ислом Каримов! 74 ёш муборак! Умрингизни рохат фароғатда ўтказдингиз ва мана, сафар онлари хам яқинлашиб қолибди. Сиз ўз қилмишларингиз учун халқингиз берадиган жазодан омон қолиб, тез кунларда нариги дунёга йўл оларсиз эхтимол…Бироқ, шуни билинки, сизни у ерда Жаноби Хақнинг сизга атаган ажрлари кутмоқда. Хақнинг жазоси муқаррардир. 75 ёшингизни ўз халқингиздан ва курраи заминдан узоқда кутиб олишингиз тарафдориман. Бошқа тилакларни сизга тилай олмадим”.

Сизнинг қандай тилакларингиз бор диктатор Каримовга?

Улуғбек Хайдаров, Ванкувер (Канада)