ИНТЕРНЕТДА “ТЕРРОРЧИ”ГА АЙЛАНИБ ҚОЛМАНГ

ИНТЕРНЕТДА “ТЕРРОРЧИ”ГА АЙЛАНИБ ҚОЛМАНГ
103 views
03 February 2012 - 14:34

Интернет ва ундаги ижтимоий тармоқларнинг, аудио ва видео жиҳозларининг, чўнтак телефонларининг оммавийлашуви инсонларнинг ўзаро алоқаларида инқилоб даражасига ўзгартишлар яратди, дейиш мумкин. Бугун интернет ва унинг турли тармоқлари даъват, сиёсат, маърифат, маданият, ижтимоий алоқалар майдонига айлангани ҳеч кимга сир бўлмаса керак. Бу воситаларни яхшилик йўлида ишлатиш мумкин бўлгани каби, ёмонлик йўлида ҳам бемалол ишлатиш мумкиндир.
Биз бу ерда интернетга алоқали бутун муаммоларга эмас, унинг Ҳаракатимиз фаолиятига оид нуқталарига тўхталмоқчимиз. Чунки эътироф этамиз, ЎХҲ фаолиятининг муҳим бир қисми мана шу интернет тармоқлари орқали амалга оширилмоқда. Масалан, ҳаракатимизнинг веб саҳифаси, унинг файсбокдаги варианти, “Эркин Юрт” газетасининг нашри, “Туркистон ТВ”нинг кўрсатувлари, ЎХҲ ғоя ва мақсадларини е маиллар орқали ҳамюртларимизга етказиш, фаолларимизнинг ўзаро алоқалари, ҳаракат бошқаруви каби масалаларда интернетдан самарали фойдаланиб келаяпмиз. Бу албатта фақатгина бизнинг ҳаракатимизга хос бўлган фаолият эмас. Дунёдаги турли туман ташкилотлар ҳам интеретдан бу мақсаддан фойдаланади.
Интернет воститасида шундай фойдали ишларни амалга ошириш билан бирга унда фаолият олиб боришнинг баъзи зарарли, ҳатто хавфли томонлари борлигини ҳам асло унутмаслик керак. Масалан, ҳозир АҚШда маҳкамага тортилган асли Ўзбекистонлик Жамшид Мухторов асосан интернетдаги “фаолиятлари” учун терроризмда айбланаётганини “Озодлик” радиоси шундай изоҳлайди:
“Жамшид Мухторовга бундай жиддий айб қўйиш учун унинг 2011 йил февралидан 2012 йил январи охирига қадар Интернетда Исломий жиҳод иттифоқи веб маъмури билан олиб борган ëзишма ва телефон суҳбатлари асос бўлган” . http://www.ozodlik.org/content/article/24472146.html
Кўриниб турибдики, қилинган “жиноят” бутунлайига интернет билан алоқадор экан. Биз бу шахснинг қандай ишлар билан шуғуллангани ҳақида аниқ маълумотларга эга эмас. Аммо бу тажрибадан чиқариладиган баъзи хулосаларга эътиборингиз қаратиш зарурий, деб ўйлаймиз. Чунки бундай “террористик” ҳаракат кишининг шахсий ташаббуси бўлгани каби, унга фитна сифатида ёпиштирилиб қўйилиши ҳам мумкин. Масалан, сиз интернетда ўз фаолиятингиз билан машғул экан танимаган кишингиздан “кофирларга ўлим, бу ишда ҳамкорлик қилайлик “, маъносида мактубча келиши мумкин. Сиз ўзингиз кимсиз, қаердан юбордингиз бу мактубни, дейишга улгурмасдан, яна ўша шаввоз сизлар исломий ҳаракатга қарши экансизлар, кофирлар билан ҳамкорлик қилаяпсизлар, дея иккинчи “ижодини” сизга йўллайди. Ўзининг кимлигини айтмаётган бундай интерет муттаҳамларининг Махсус хизматлар ходимларидан бири бўлиш эҳтимоли жуда каттадир. Уларга ЎХҲнинг мана шу шиорини жўнатиш билан жавоб бериш маъқулдир: ШИОРИМИЗ:ДИКТAТУРА ЎРНИГА – ҲУҚУҚ ВА АДОЛАТГА АСОСЛАНГАН ЭРКИН ФУҚАРОВИЙ ЖАМИЯТ ҚУРИШДИР! Бу билан сиз ҳаракатимизнинг Тунис ва Мисрда бўлгани каби халқимизнинг оёққа туриши орқали ўз мақсадига эришиш истагини яна бир марта таъкидлаган бўласиз. Ва шу билан бундай фитначиларга бошқа жавоб бериб ўтирмаслигимиз керак. Яна баъзилар ўзларини танитмай, биз халифалик тарафдоримиз, сизлар куфр ҳаракатисиз, дея иғво қилишлари ҳам мумкин. Уларга ҳам айни тарзда жавоб бериб, мусулмонлар ичида турли хил қарашлар ва уларга асосланган ҳаракатлар мавжудлигини, буларга иштирок этаётганлар ўзларини мусулмон деб ҳисоблар экан (магар очиқ шаклда куфр, ширк ва мунофиқлик қилмасалар), уларни куфрда айблаш катта гуноҳ эканлигини эслатиш ҳам мумкиндир. Чунки “араб баҳорида” иштирок этган мусулмонлар ҳақида ҳозиргача бирор уламо ёки диний гуруҳ булар кофирдир, дея фатво бергани йўқ. Аксинча жуда кўп уламолар мусулмонларнинг диктатураларга қарши бундай қўзғолонларини қўллаб қувватлаб келмоқдалар.
МХХнинг интернетдаги хуфялари www.press-uz.info, maxala.org, www.uzmetronom.com ёки улар билан ҳамкорлик қилаётган www.harakat.net, www.zamondosh.com ЎХҲ ва унинг аъзоларига террорист, радикал, фундаменталист каби аслида ўзларига хос сифатлар билан туҳмат тошларини отиб келмоқдалар. Шунинг учун ЎХҲ раҳбарияти ўз аъзоларига бундай фитначи сайтлар билан ҳеч бир шаклда алоқа қилмасликни, уларнинг туҳмат, ғийбат, асоссиз айбловларига жавоб бермасликни тавсия қилган. Аммо ўзбек мухолифатининг турли гуруҳларига аъзо бўлгани ҳолда ЎХҲ га хайрихоҳ бўлган, унинг фаолиятига ўзларининг маслаҳатлари, ижобий танқидлари бидан ёрдам бериб келаётган жуда кўп ҳамюртларимиз билан биз яхши ҳамкорлик алоқаларини ҳам йўлга қўйганмиз.
Ушбу мақоладан Ҳаракатимиз аъзолари ва хайрихоҳлари интернетдан фойдаланиш жараёнида ўзлари учун тегишли хулосаларни чиқарадилар, деган умиддамиз.
ЎХҲ Матбуот Бўлими