МУСУЛМОН РАҲБАРНИНГ ДЕМОКРАТИК ТАЖРИБАСИ

МУСУЛМОН РАҲБАРНИНГ ДЕМОКРАТИК ТАЖРИБАСИ
37 views
07 February 2012 - 11:22

Бу йил Туркияда Режаб Тойиб Эрдўғоннинг “АКП” (Алодат ва Тараққиёт Партияси) ҳукуматни ўз қўлига олганига ўн йил тўлади. Бу ўн йилни ҳеч тараддуд этмасдан ҳарбий диктатурадан эркин ва ҳуқуқий жамиятга ўтиш йиллари, дея баҳолаш мумкиндир. “Араб баҳоридан” тамоман фарқли бўлган бу ўтиш даври натижасида Туркияда бир асрдан бери мавжуд бўлган лаик (секуляр) тузумни ўзларига “маска” қилиб олган баъзи ҳарбийлар, судхўр бойлар, ёлғонни касб қилиб олган баъзи матбуот органлари ва мафиядан иборат диктатурага  қақшатқич зарба урилди. Бугунги кунда бу жараён давом этмоқда. Ҳозирда 1980 йилда ҳарбий тўнтаришни амалга оширган армия генерали Кенан Евран ва 2007-2009 йилларда туркия ҳарбий штабининг Бош Қўмондони бўлган армия генерали Илкар Бошбуғлар қамоққа олинди. Туркияда ҳарбийлар устидан юритилаётган бу маҳкама жараёнларини тараддуд этмасдан Мисрда диктатор Ҳусни Муборакнинг маҳкамага тортилиши билан қиёслаш мумкиндир.  Шу билан бирга бугун Туркия давлатида янги Конституция (Асосий Қонун)ни қабул қилиш учун ҳокимият тармоқлари ва жамоатчилик сафарбар қилинган. Туркиянинг тараққиёт модели дунё жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотаётганини назарда тутиб, саҳифамиз муаллифларидан Намоз Нормўмин 2011 бошланишида қаламга олган ушбу мақолани диққатингизга ҳавола қилмоқдамиз.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ

Мен Туркиянинг ҳозирги Бош Вазири Режаб Тоййиб Эрдўғон билан илк марта 1997 йилда унинг Истанбулдаги ишхонасида учрашган эдим. У пайтлар Эрдўғон Истанбул шаҳрининг ярим ҳокими эди. Бундай дейишимнинг бир қанча сабаблари бор. Биринчидан, Туркия вилоят ва туманларида икки ҳокимиятлилик мавжуддир. Яъни, вилоятларда асосий бошқарувни давлат раҳбарияти томонидан тайинланган волийлар ва туманларда эса қаймақомлар бошқаради. Волийлар ва қаймақомлар хавфсизлик хизмати, таълим-тарбия ва соғлик ишлари каби давлат тизимининг ҳаётий соҳаларида раҳбарлик қиладилар.

Яна вилоят ва туманларда баладия (маҳаллий ҳокимиятнинг бир қисми) маъмурияти мавжуд бўлиб, бу мақомга раҳбарлар маҳаллий сайловларда сайланадилар. Баладиялар қурилиш, канализация, шаҳар тозалиги ва шунга ўхшаш иккинчи даражали хизматларни бошқарадилар. Ўша пайтлар Эрдўғон Истанбул шаҳри баладиясининг (балад-арабча мамлакат демакдир) Раиси эди. Эрдўғоннинг Истанбул каби дунёнинг энг машҳур ва йирик шаҳрининг ярим ҳокими бўлишининг яна бир, балки асосий сабаби унинг Исломни тамсил қиладиган Рефах партиясидан Раис бўлиб сайланиши эди. У пайтлар бу партиянинг вакиллари ўз юртларида бегона муамоласи кўрар эдилар. Чунки Отатурк қурган Туркия Жумҳурияти лаик (французча -laiqus), яъни дунёвий давлат тизимига соҳиб бўлиб, сиёсий ва бошқа ижтимоий соҳаларда фаолият олиб борган мусулмонларга ва уларнинг раҳбарларига қарши жиддий тазйиқлар мавжуд эди…

Ўша учрашувда Эрдоған билан қисқа суҳбат қилдик. Мен турк халқларининг ўзаро дўстлигидан баҳс этганимда, у мусулмонларнинг ўзаро биродарлигидан сўз юритган эди…Кейин турли сабаблар билан Эрдўғон билан бир неча марта кўришган эдим. Ўша учрашувларда у кулар юзли, мулойим аммо камгап эди. Мен билан бирга бўлган туркиялик биродарлар “Раиснинг ташвишлари бор. Шунинг учун у кейинги вақтларда кам гап бўлиб қолган”, деган эдилар…

Эрдўғоннинг ташвишлари кейинчалик ўртага чиқди. Мусулмонларнинг бир йиғилишида ушбу шеърни ўқигани учун унга қарши жиноий иш очилганди:

Minarelersüngü,kubbelermiğfer,
Camilerkışlamız,müminlerasker,
Builahiordudinimibekler,
Allahu Ekber, Allahu Ekber

Минораларханжар,масжидтомларикаска,
Жомеларгарнизон,мўминлараскар.
Буилоҳийқўшиндинимникутар,
Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар.

Бу тарзда шеър ўқилишининг ва бунинг жиноят ҳисобланишининг сабабини тушуниш учун Туркия Жумҳурияти ақидавий ва ижтимоий-сиёсий тузумининг илдизларини билиш керак бўлади. Маълумки, 1923 йил Отатурк ва сафдошлари лаиклик, яъни Оврупонинг материалист давлат фалсафасига асосланган Жумҳуриятга асос солган эдилар. Бу фалсафага кўра дин ва давлат ишлари бир-биридан айрилиши ва давлат ҳаётининг бирор соҳасида диний ҳукмларга ўрин берилмаслиги қонунлаштирилганди. Бундан олдин эса Туркия ва мусулмонлар яшайдиган бошқа тупроқларда Усмонлилар тарафидан бошқарилган Ислом халифалиги мавжуд эди. 1923 йилдан 1950 йилга қадар мамлакатда Отатурк тарафидан ташкил қилинган Жумҳурият Халқ Партиясининг (ЖҲП) яккаҳокимлиги мавжуд бўлиб, бу йиллар давомида мусулмон халқнинг ҳаётидан Исломни ўчириб ташлаш учун сафарбарлик эълон қилинганди. Масалан, араб алифбоси ўрнига лотин алифбоси жорий қилинди. Халифалик Жумҳурият тизимга ўзгартирилди. Сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий соҳаларда шариат қонунлари ўрнига Оврупо давлатларининг бу соҳалардаги қонунлари жорий қилинди. Аёллар ҳижоб ташладилар, мадрасалар мактаблар ҳолига келтирилди ва уларда Ислом динининг асослари ўргатилиши таъқиқланди. Ахвол азоннинг турк тилида ўқилишига қадар етиб борди. Бундай ғарбпараст ислоҳотларнинг кулгили тарафлари ҳам йўқ эмасди. Масалан, Отатурк ва сафдошлари шапка қонунини жорий қилган ва бу қонунга кўра эркакларнинг бош кийим ўрнида шляпа ёки шапка кийиши мажбурий эди…

1950 йилда илк марта Туркияда кўппартиявий сайловлар ўтказилди ва бу сайловларда Отатуркнинг ЖҲП си қаттиқ мағлубиятга учради. Ҳукуматга Аднан Мендерес раҳбарлигидаги Демократ партия келди. Мамлакатда оз бўлсада эркинлик шамоллари эсди, баъзи иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар амалга оширилди. Шу жумладан азон ҳам асл ҳолида, яъни араб тилида айтиладиган бўлди. Аммо 1960 йилда ўзларини лаиклик тузуми қаровули ҳисоблайдиган ҳарбийлар мамлакатда давлат тўнтаришини амалга оширдилар ва Аднан Мендерес дорга осиш йўли билан қатл қилинди…

1960-70 йиллар орасида Туркияда мавҳумлик босқичи мавжуд бўлиб, иқтидор ҳарбийлар, лаик жумҳуриятчилар ва ислоҳотлар тарафдори бўлган демократлар орасида қўлдан қўлга ўтиб турди. 1971 йилда ҳарбийлар яна бир марта давлат тўнтаришини амалга оширдилар.

1970-80 йиллар орасида Туркияда сўлчилар (коммунизм тарафдорлари) ва муҳофазакорлар (асосан турк милатчилари) орасида ўзаро кураш йиллари бўлганди. Бу йилларда Турк сиёсий ҳаётига Нажмиддин Эрбоқон бошчилигидаги Ислом тарафдорлари ҳам қўшилдилар. Аммо Эрбоқоннинг илк тузган партиялари қурилишдан кўп ўтмай сиёсат майдонидан таъқиқланганди.

Тоййиб Эрдўғон 1970 йилларда сиёсатга илк қадамларини отганди. У 1953 йилда Истанбулда дунёга келди. Ўрта таълимни имом хотиб мактабида ўқиди. Имом хотиб мактаблари оддий мактаблардан фарқли ўлароқ қисман Исломий таълим-тарбия ўргатиши билан ажралиб туради. Ёшлик йилларида ҳаваскор клубларда футбол ўйнаган ҳозирги Бош Вазир1981 йилда Истанбулдаги Мармара Универстетининг Иқтисод ва Тижорат факултетида ўқийди. 1976 йилда у Эрбоқон тузган Миллий Саломат Партияси Бейўғли район ёшлар ташкилоти Раиси, 1980 йилда эса ушбу партиянинг Истанбул ёшлар ташкилоти Раиси сифатида фаолият кўрсатади. 1980 йилда мамлакатда навбатдаги ҳарбий тўнтариш содир бўлади ва 1983 йилда фуқароларга яна сиёсий фаолият олиб боришга рухсат берилади. Эрбоқон бошчилигидаги Ислом тарафдорлари 1983 йилда янги партия-Рефах партиясига асос соладилар ва 1984 йилда Эрдўғон ушбу партиянинг Бейўғли район ташкилотига ва 1985 йилда Истанбул шаҳар ташкилотига Раислик қилади. Ва ниҳоят 1994 йилги маҳаллий сайловларда Эрдўғон Истанбул шаҳрининг ҳокими этиб сайланди. У бу лавозимга келар келмас шаҳарда жуда катта ислоҳотларни амалга оширди. Авваллари қурғоқчилик бўлган Истанбулда уйларда ҳафтада 2-3марта сув бериларди. Аммо Эрдўғон иш бошига келиши билан Истанбул сув омборлари сувга тўлди. Янги ҳоким шаҳар тозалиги, шу жумладан ҳаво тозалиги, шаҳарни ўраб олган кўрфаз қўлтиқларини тозалаш ишларида жуда катта лойиҳаларни амалга оширди. Айни пайтда сиёсатчи сифатида фаолият олиб борган Эрдўғон Рефах партияснинг Раиси Нажмиддин Эрбоқоннинг вориси сифатида кўрила бошлади. Эрдўғон у пайтлар халқга ё лаикликни ёки мусулмонликни танлайлик, дея хитоб қилишни севарди…

1996 йилги парламент сайловларида Рефах партияси ғолиб бўлди ва Тўғри Йўл партияси билан ҳамкор (коалицион) ҳукуматни қурди. Аммо 1997 йилда сиёсатга яна ҳарбийлар аралашдилар ва 1997 йилда Эрбоқон Бош вазирликдан истеъфо этишга мажбур бўлди. Бу Туркияда 28 февраль номи билан машҳур бўлган постмодерн ҳарбий тўнтаришнинг оқибати эди. Яъни, бу гал ҳарбийлар қуролларини ишга солмасдан қонуний ҳукуматни иш бошидан узоқлаштиришга муваффақ бўлган эдилар.

Устидан жиноят иши очилган Эрдўғон 1998 йилда шаҳар ҳокимлиги вазифасидан узоқлаштирди ва Истанбулдаги қамоқхонага ташланди. Унинг қамоқ муддати 4 ой давом этди. Қамоқ муддатини ўтаб чиққанда Эрдўғоннинг баъзи фикр ва тушунчалари ўзгарганди…

Постмодерн ҳарбий тўнтаришдан кейин Рефах партиясининг фаолияти Коститутцион Суд тарафидан тақиқланди. Нажмиддин Эрбоқонга ҳам 5 йил давомида сиёсат билан шуғулланишга тўсиқ қўйилди. Исломий партиянинг лидери расман бўлмаса ҳам партиядаги бутун ипларни ўз назоратида тутарди. Лекин Эрдўғон ва унга эргашган ёш сиёсатчилар бошқа режа тузган эдилар. 1999 йилда Рефах партиясининг ўрнини олган Фазилат партиясининг қурултойи бўлди. Одатда бу партиянинг қурултойларида Эрбоқон тортишувсиз Раисликга сайланарди. Аммо бу гал унинг Раис бўлиш имкони йўқди. Эрбоқон ўз ўрнига энг яқин сафдоши Режаи Қутанни номзод қилиб кўрсатди. Аммо у қурултойда Раисликга толиб бўлган ягона номзод эмасди. У билан сиёсий мусобақада қатнашишни истаган бошқа номзод ҳам бор эди. Бу номзод партияда ёшлар қанотини тамсил қилувчи гуруҳнинг вакили Адбуллоҳ Гул (Туркиянинг ҳозирги Президенти) эди. Фақат партия аъзолари ҳам, Туркия жамоатчилиги ҳам бир нарсани яхши билишарди. Режаи Кутан Эрбоқоннинг тамсилчиси бўлгани каби, Абдуллаҳ Гул ҳам Режаб Тоййиб Эрдўғоннинг тамсилчиси эди. Ўзига сиёсат майдони ёпиқ бўлган Эрдўғон дўсти ва сирдоши Абдуллаҳ Гулни партия Раислигига номзод қилиб кўрсатганди…

Қурултой делегатлари жуда қийин вазиятда қолган эдилар. Бир томонда замонавий Туркияда исломий сиёсатнинг асосчиси ва уларнинг устози Нажмиддин Эрбоқон ва иккинчи томонда эса Эрбоқоннинг вориси ва сиёсатчи сифатида юлдузи порлаган Тоййиб Эрдўғон… Депутатлар Режаи Қутанни жуда оз фарқ билан партия Раислигига сайладилар. Бу эса ўз ўрнида Тоййиб Эрдўғоннинг сиёсий ҳаётида жиддий бурилишнинг бошланишига сабаб бўлди. У ва сафдошлари Фазилат партиясидан истеъфо этдилар ва “Адолат ва Тараққиёт” (Türkçe “Adalet ve Kalkınma-АКП”) партиясини қурдилар…

Шу тарзда Эрдўғон аста-секин сиёсат майдонига қайта бошлаганди. У оммавий ахборат вакилларига ўзининг ўзгаргани, яъни “кўйлагини алмаштиргани” ҳақида баёнотлар берди. Фақат менинг кузатишларимча Эрдўғон ҳеч бир замон ўзининг ва сиёсатининг қайси томонга ўзгарганини бирор марта очиқ-ойдин ифодалаган эмасди. Аммо унинг ва партиясининг сиёсатини кузатиб борганлар учун ушбу нуқталар алоҳида эътиборга молик бўлди. Эрдўғон мамлакат ичкарисида ва ташқарисида Туркия сиёсатига таъсири бўлган кучлар билан муроса йўлини тутишга ҳаракат қиларди. У ўз партиясининг Раиси этиб сайланиши билан АҚШга сафар қилди ва у ердаги яҳудийларнинг машҳур ташкилотининг меҳмони бўлди. Бу ерда унга бу ташкилотнинг мукофоти берилди. Бу орада эски сафдошлари Эрдўғонни дунё империалистлари билан ҳамкорликда айблай бошладилар. Ўз нутқларининг бирида Эрдўғон айнан шундай деганди: Бизни бирилари билан ҳамкорликда айбламоқдалар. Ҳамкорлик қилайлик ки ўз мақсадимизга эришайлик…Бу сирли сўзларда унинг сиёсатининг ип учлари мавжуд эди: Ўзига қарши бўлганларни ғазаблантирмасдан уларга қарши курашиш…

2002 йилги парламент сайловларида Эрдўғоннинг партияси 35 процентга яқин овоз олди. 10% тўсиқни ошиб парламентга кирган иккинчи партия эса ЖҲП эди. Бу пайтгача Туркия сиёсатида муҳим роль ўйнаган бутун партиялар ушбу сайловда мағлубиятга учрадилар. Фақат сайловдан кейин Эрдўғон ҳамон мамлакат бошқарувини ўз қўлига ололмади. Мавжуд қонунлар унинг парламентга депутат бўлиб сайланишига тўсиқлик қиларди. Шунинг учун ҳам у Партия Раиси сифатида Абдуллоҳ Гулни Бош Вазир номзоди қилиб кўрсатди. Туркияда президент асосан рамзий сиёсий кучга эга бўлганлиги учун Абдуллоҳ Гул муаммосиз Бош Вазир лавозимни эгаллади. Зеро парламентнинг учдан икки қисми Эрдўғон партиясининг миллатвакиллари эдилар. Орадан 6 ой ўтиб, қонунларга ўзгартиришлар киритилди ва Эрдўғон учун депутатликга сайланиш йўли очилди. Сиирт вилоятининг миллатвакилларидан бири депутатликдан истеъфо этди ва ниҳоят Эрдўғон Парламент аъзоси бўлди. Абдуллаҳ Гул тараддуд этмасдан ўз раҳбарига Бош Вазирлик мақомини бўшатиб берди…

Энди Эрдўғон учун “сих ҳам куймасин, кабоб ҳам куймасин” сиёсатини тўлиқ амалга ошириш учун катта йўл очилганди. У зудлик билан Оврупо Иттифоқи раҳбарлари билан учрашди ва Туркиянинг бу иттифоқга аъзолиги масаласини кун тартибига келтирди. Бу орқали Эрдўғон сиёсатда ва инсон ҳуқуқлари масаласида Оврупо стандатларига эришишни мақсад қилиб олганди. Бу стандартнинг асосий хусусиятларидан бири ҳарбийларнинг қонуний ҳукуматга итоат қилишидан иборат бўлиб, Эрдўғоннинг асл ниятларидан бири ҳам шундан иборатди. Давлат ички сиёсатида Янги Бош Вазир иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни ислоҳ қилишга киришди. 2004 йилда ўтказилган маҳаллий сайловларда маҳаллий ҳокимиятнинг асосий қисми Эрдўғоннинг партияси назоратига ўтди. Ўша пайтларда Истанбул эски ҳокимларидан Бадриддин Далон шундай деганди: Эрдўғон ҳозир Усмонли подшоҳларидан ҳам қудратлироқ мақомга келди. Аммо бу ташқи кўринишда шундай эди. Чунки Туркияда сиёсий вазият ўргимчак уяси каби чигал характерга эгадир…

Эрдўғон ўтказаётган сиёсатнинг моҳиятини тушуниш учун Туркиядаги бугунги ижтимоий-сиёсий вазиятни таҳлил қилиш керак бўлади. Юқорида айтилгани каби Туркия Жумҳурияти асосчилари исломий халифаликни тугатиб, унинг ўрнига ғарб моделидаги бир давлат шаклини ўртага чиқарган эдилар. Аммо бу тузумнинг асосчилари Исломий қадриятларни мусулмон халқнинг қалбидан бутунлай ўчириб юборишга муваффақ бўла олмадилар. 1950 йилларда Аднан Мендерес, 1970-1990 йилларда Нажмиддин Эрбоқон бошчилик қилган сиёсий уринишлар натижасида халқ оммасининг бир қисми ўз шуурларида ва ҳаёт тарзларида исломий қадриятларни қайта тикладилар. 1980 йилларда Турғут Ўзал ўтказган сиёсат Отатурк ва издошларининг ижтимоий ҳаётнинг бутун соҳаларини давлат назоратида тутиш сиёсатига сезиларли зарба берганди. Чунки Ўзал ўтказган сиёсат натижасида ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг турли соҳаларида хусусий сектор ташаббус ва сўз соҳиби бўлди. Халқнинг ва уни тамсил қиладиган ижтимоий-сиёсий кучларнинг режимга бўлган мухолифати кучайган сари лаиклик ва давлатчилик тарафдори бўлган куч манбалари ҳам ўзаро ҳамкорликни йўлга қўя бошладилар. Шу шаклда давлат ичида лаиклик режимини қўрийдиган аристократик куч манбаси ўртага чиқди. Бу куч манбаси ўз сафларида ҳарбийларни, лаик (сукуляр) тузум тарафдори зиёлиларни, уларга хайрироҳ сармаядорларни, университетларнинг бошқарувини, ЖҲП ва унга ўхшаш сиёсий кучларни, давлат бюракратиясини, суд ва прократура намоёндаларини жамлаганди. Бу “қора куч” нафақат мамлакат ичкарисида, балки халқаро майдонда ҳам ўз ҳамкорларига эга эди. Масалан, Туркия ҳарбийлари АҚШ ва Исроил ҳарбийлари билан жуда яқин ҳамкорлик қилар эдилар. Мамлакат ичкарисида ва ташқарисида яхши зирҳланган бу қора кучларни Эрдўғон ўтказадиган сиёсатнинг қўллаб-қувватловчиси, дейиш асло тўғри бўлмасди. Бунинг устига ўша пайтлар мамлакат президенти лаик тузумнинг ашаддий тарафдори Аҳмат Наждат Сезар эди. Эрдўғоннинг партияси учун парламентда қонун қабул қилиш осон бўлса ҳам, уни Президентга имзолатиш қулай эмасди. Таъбир жоиз бўлса ишнинг бошланишида Эрдўғон ва унинг партияси тор сиёсий майдонда ва бошларида расмий ва норасмий мухолифлари қилич қайраб турган вазиятда сиёсат юргизиш мажбуриятда эдилар. Бундай қалтис вазиятдаги илк синов 2002 йилда Эрдўғоннинг партияси ҳукуматга келар келмас ўртага чиқди. НАТО кучлари Ироқга ҳужум бошлашга ҳозирланар экан, АҚШ ва Оврупо давлатлари Туркия ҳукуматидан НАТО ҳарбий кучларининг Туркиянинг жанубий-шарқий ҳудудидан Ироқга киришни талаб қилдилар. Ўша кунларда туркиялик сиёсатчиларнинг ва бутун халқнинг дами ичига тушиб кетганди. НАТО кучларига Туркия ҳудудидан Ироқга киришга рухсат бериш бу ёвуз кучлар билан очиқ ҳамкорлик қилишни билдирарди. Қолаверса, Эрдўғон ва сафдошларининг ҳокимиятни қўлга олишида АҚШ ва бошқа ғарб давлатларининг ҳиссаси ҳам йўқ эмасди. Вазият таранг, қарор бериш ниҳоятда оғир эди. Бунинг устига Бош Вазирлик мақомида ҳам Эрдўғоннинг ўзи эмас, Абдуллоҳ Гул ўтирарди. Ушбу қарор Туркия парламентининг рухсати билан олиниши керак эди. Эрдўғон, Абдуллоҳ Гул, Булант Аринч каби сиёсатчилар масала ҳақида лўнда фикр айтишдан ожиз эдилар. Фақат мухолифат НАТО кучларининг Туркия ҳудудларидан Ироқга ўтишига тиш-тирноғи билан қарши чиқди. ЖҲП бундай мухолифатини америкага қарши бўлганлиги учун эмас, Эрдўғон ҳукуматини халқ наздида обрўсизлантириш учун амалга оширгани ўз-ўзидан маълум эди. Туркия парламенти асосан Эрдўғоннинг партияси депутатларидан ташкил топишига қарамасдан, ушбу қарор парламентда қабул қилинмади…

Эрдўғоннинг ҳокимиятга келгандан кейинги сиёсатининг асосий нуқталарини қуйидагича изоҳлаш мумкиндир: ташқи сиёсатда Туркиянинг ички сиёсатини алғов-далғов қилиши мумкин бўлган сиёсий актёрларнинг қитиғига тегмаслик. Яъни, АҚШ ва Оврупо давлатлари билан яхши муносабатларни ўрнатиш. Мамлакат ичкарисида эса учи кўринмайдиган даражада чигаллашган сиёсат арқонини аста-секинлик билан чўзиш. Айни пайтда халқ оммасини рози қиладиган ижтимоий ва сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш.

Эрдўғон “тарбия қилган” илк мухолиф “Ёш” партиясининг Раиси Жам Узан бўлди. Бу ахлоқсиз сиёсатчи ўз бойлигига ишониб, Эрдўғонни оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилганди. Натижада унинг ноқонуний йўллар билан ортирган бойликлари, телевидение ва газеталари давлат ҳисобига мусодара қилинди. Ўзи эса жиноий жавобгарликга тортилиб, Францияга жуфтакни ростлаб қолди…

Жам Узаннинг қора қисмати оммавий ахборат воситаларининг хўжайинларини қўрқитиб қўйганди. Айтиш керак ки, Туркияда газеталар ва телевидение каналлари нафақат сўз ва фикр эркинлигининг ойнаси, айни пайтда ҳукумат сиёсатини орқароватдан бошқарадиганларнинг уйинчоғи ҳам ҳисобланади. Мана шундай “уйинчоқнинг” хўжайинларидан бири Ойдин Дўғон исмли маҳаллий бойвачча ҳам Эрдўғон билан юзма-юз келиш “шарафига” муяссар бўлди. Натижа бу бойваччанинг иштаҳасини жиловлаши билан якунланди. Яъни, у ўзининг фаолият соҳаси мамлакат сиёсатини бошқариш эмас, оммавий ахборот тарқатиш эканлигини қайтадан “ўрганди”. Бу орада 2007 йил яқинлашиб қолганди. Бу йилда янги парламент ва президент сайловлари ўтказилиши мўлжалланганди. Мамлакат Президенти парламентда сайланиши керак эди. Нормал шартларда Эрдўғоннинг ўзи ёки партиясининг раҳбарларидан бири ҳеч муаммосиз бу лавозимга сайланиши мўлжалланганди. Фақат АКП ҳукуматига қарши бўлган расмий ва норасмий мухолифлар Эрдўғон партияси намоёндасининг Президент қилиб сайланишига тиш-тирноқлари билан қарши чиқдилар. Аввало ҳарбийларнинг қўмондони Президентнинг “сўзда эмас, ўзда” мавжуд тузум тарафдори бўлиши кераклигини айтди. Бу билан кифояланмаган ҳарбий қувватлар бош штабининг қўмондони армия генерали Буюканит 2007 йилнинг апрель ойида ҳукуматга қарши бир баёнот тарқатди. Аввалги тамойилларга кўра ҳарбийлар бундай баёнот берганда ҳукумат ўз ишини ташлаб кетишга мажбур саналарди. Аммо кутилмаганда ҳукумат сўзчиси қарши баёнот берди ва Туркияда қонуний ҳукумат борлигини ва ҳарбийларнинг бу ҳукуматга итоат қилишлари лозимлигини айтди. Туркия Жумҳурияти қурилгандан бери ўзларини мамлакатнинг эгаси, деб биладиган ҳарбийлар учун ҳукуматнинг бу баёноти кутилмаган бир зарба эди. Мана шундай вазиятда Эрдўғон мамлакат президентлигига Абдуллоҳ Гулни номзод қилиб кўрсатди. Фақат орага Конституцион Суд кирди ва президентни сайлаш учун янги қоида ўйлаб топди. Бу қоидага кўра парламентдаги депутатларнинг учдан икки қисми, яъни 367 киши президент сайланар экан парламент мажлисида ҳозир бўлишлари керак эди. Лекин мухолифатдаги Жумҳурият Халқ партияси ва бошқа партияларнинг вакиллари янги презилентнинг сайланишига тўсиқлик қилиш учун парламентга келмадилар. АКПлик депутатлар сони 354 бўлганлиги учун Абдуллоҳ Гул президент лавозимига сайлана олмади. Шундан кейин мамлакат Бош Прокурори Эрдўғоннинг партиясини сиёсат майдонидан тақиқлаш учун Конституцион Судга ариза берди. Фақат Суд АКПни тақиқлаш эмас, унга молиявий жазо бериш билан кифояланди…

Бундай сиёсий танг вазиятда парламент сайловлари ўтказишга қарор қилинди. Бундан мақсад янги парламентда янада кучлироқ мақомга эга бўлиш ва ниҳоят ўз вакилини мамлакат президенти қилиб сайлашдан иборат эди…

2007 йил июль ойида ўтказилган сайловларда Эрдўғоннинг партияси деярли 47% овоз олди. Бундай ғалабанинг сабаблари Эрдўғоннинг халқ орасидаги машҳурлиги ва сайловлардан олдин унга ва партиясига аристократик кучлар тарафидан қилинган адолатсизликлар эди. Ушбу сайловлардан кейин Абдуллоҳ Гул муаммосиз мамлакат президентлигига сайланди. Эрдўғон энди анча роҳатлаган ва унинг сиёсати учун каттароқ майдон очилганди. 2007 йилнинг сўнги ойларида Туркияни ларзага солган қамоққа олишлар бошланди. Иддаоларга кўра истеъфодаги ва вазифадаги баъзи ҳарбийлар мавжуд ҳукуматга қарши ҳарбий тўнтариш режалаган эдилар. Булар орасида юқори лавозимли генераллар бор эди. Бу Туркия Жумҳурияти тарихида мисли кўрилмаган ҳуқуқий масала эди. Ҳарбийларнинг давлат тўнтариши учун асос солган ташкилотига “Эргонокон” номи берилганди. Ушбу ҳуқуқ иши бўйича маҳкама ҳозирги кунда ҳам давом этмоқда. Шу билан бирга бу иш бўйича ҳали ҳозирда ҳам ҳарбийлар, газетачилар, иш одамлари қамоқга олинишда давом этмоқда. 2010 йилда эса асосан ҳарбийлардан иборат бўлган “Тўқмоқ” (туркча “Balyoz”) ҳарбий тўнтариш гуруҳи устидан жиноий иш қўзғатилди ва ҳозирги кунда бу гуруҳнинг устидан ҳам маҳкама жараёни давом этмоқдадир…

Юқорида Туркияда лаиклик ва давлатчилик тарафдори аристократлар тоифасининг мавжудлигидан сўз юритган эдик. Айтиш керакки Эргонокон ва Тўқмоқ, дея иддао қилинаётган жиноят гуруҳларини мана шу аристократик табақанинг намоёндалари ва тамсилчилари ҳам, дейиш мумкиндир. Бундай тоифаларга баъзилар “Оқ турклар” номини ҳам берадилар. Эргонокон жиноят гуруҳи ҳақида тадқиқот олиб борган ёзувчи Шомил Тайёрнинг фикрича давлат тўнтаришини касб қилиб олган бундай тоифаларнинг ўтмиши Усмонли давлатининг сўнгги икки юз йиллик тарихида бошлангандир. Маълумки ўз вақтида баъзи Усмонли подшоҳларига қарши суиқастлар ва тўнтаришлар уюиштирилганди. Бу ёзувчининг фикрига кўра “Оқ турклар” Усмонли давлатининг инқирозида ва унинг ўрнига Туркия Жумҳурияти қурлишида ҳам муҳим роль ўйнаганлар. Жумҳурият қурилгандан кейин ҳам бу тоифа давлат сиёсатининг бутун соҳаларида етакчи рол ўйнаган. Масалан, мамлакатда ирқчиликга асосланган турк ва курд душманлигининг келиб чиқишида бу аристократик гуруҳнинг ҳиссаси каттадир. 1980 йиллардан бошлаган курд исёни давомида 35 мингга яқин инсон ўлдирилган. Айни пайтда 17 минг фуқаро сирли қотилликларда жон берганлар. Қисқача айтганда Туркиянинг демократик тажрибасига бир учи ҳарбийларга бориб тақаладиган мана шу “қора кучлар” доимо раҳна солиб келган.

Тоййиб Эрдўғон ҳокимиятга келгандан кейин мамлакат ичкарисида мана шундай қудратли ғайрирасмий мухолифат билан курашишни бошлади. У ўз нутқларида сиёсат майдонига кафан билан кирганини, шунинг учун ҳам Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмаслигини давомли таъкидлаб келмоқда…

Ички қонуний ва ноқонуний мухолифат билан мужодалада қисман устунликни қўлга киритган Эрдўғон ташқарида ўз мамлакатининг ички ишларига аралашиш эҳтимоли бўлганларга қарши ҳам фаол курашни ҳам бошлаб юборди. Бунинг мисоли 2009 йилда Давос иқтисодий форумида Эрдўғоннинг Исроил президенти Пересга қарши чиқиши эди. Бу очиқ йиғинда Эрдўғон Пересни ва унинг ҳукуматини Фаластинлик ёш болаларни аёвсиз ўлдиришда айблади. Эрдўғоннинг бу сўзлари “One minute” номи билан бутун дунёга машҳур бўлиб кетди ва унинг ўзи Ислом дунёсининг қахромони сифатида кўрила бошлади. Айни пайтда Эрдўғоннинг самарали сиёсати натижасида Оврупо иттифоқи Туркия билан аъзолик музокараларини бошлашга мажбур бўлди. Ҳолбуки бундан аввал Оврупо Иттифоқи 40 йилдан бери Туркияни бу масалада ўйнатиб келарди. АҚШда Барак Обама президент этиб сайланиши билан АҚШнинг Туркияга тазйиқи сезиларли даражада камайди, десак хато бўлмайди…

Сўнгги йилларда Аҳмад Довудўғлининг ташқи ишлар вазири қилиб тайинланиши билан Туркиянинг қўшни давлатлар ва араб дунёси билан муносабатларида муҳим ижобий ўзгаришлар рўй берди. Қатор давлатлар билан ўзаро визалар бекор қилинди. Мамлакатда пул ислоҳати амалга оширилди, фоиз рақамлари 8 йил давомида 30% дан 6-7% га туширилди…

2010 йил 12 сентябрь куни Туркия Конституциясига ўзгартишлар киритиш масаласида референдум ўтказилди. Референдумда қатнашганларнинг 58% ушбу ўзгаришларни маъқуллаб овоз бердилар. Натижада мамлакат ҳуқуқ-тартибот тизимига жиддий ўзгартиришлар киритилди. Бу билан Эрдўғон ислохотларига тўсиқлик қилиб келаётган “Оқ турк”ларнинг ҳуқуқ тизимига жиддий зарба берилди.

2011 йилнинг 12 июнь куни Туркияда навбатдаги парламент сайловлари ўтказилади. Сайлов олди анкеталарига кўра Эрдўғоннинг партияси сайловчилар 50% нинг овозини олиши кутилмоқда. Кузатувчиларнинг фикрича Тоййиб Эрдўғон сайловлардан кейин Конституцияни тубдан ўзгартиришни, мамлакатда президентлик бошқарув тизимини жорий қилишни ва иккипартиявий сиёсий тузумни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. У бу режаларини амалга ошира оладими, йўқми буни ҳозирдан башорат қилишнинг албатта имкони йўқ…

Тоййиб Эрдўғон шахс сифатида мусулмон кишиликга соҳибдир. У кунда беш вақт намоз ўқишни канда қилмайди, рўза тутади, мол-мулкининг закотларини беради, ҳаж ва умра ибодатларини адо қилган, ҳаром нарсаларни истеъмол қилишдан ўзини тияди. Унинг аёли ва қизлари ҳижоб билан жамоатчиликга кўриниш берадилар. Шахс сифатида мусулмонлигини яширмайдиган Эрдўғонни сиёсат майдонида тўла-тўкис Ислом дини қоидаларига амал қилади, дейиш мушкулдир. Аввало у бутун сиёсатчилар каби Отатуркнинг мавзолейига бориб, ўз мамлакатида Исломий тузумга барҳам берган раҳбарнинг қабри бошида ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга мажбурдир. Бутун урнинишларига қарамай деярли 8 йиллик раҳбарлиги давомида жамият ҳаётининг муҳим соҳаларида Ислом динига асосланган қоидаларни жорий қила олгани йўқ. Боз устига парламентга сайланган бутун депутатлар Отатуркнинг инқилоб ва ислоҳатларига боғлиқ қолиш ҳақида номус ва шарафларини ўртага қўйиб, қасам ичадилар Ҳолбуки бу ислоҳотлар натижасида Туркиянинг деярли 100 йили имонсизлик йўлида қурбон қилинди. Эрдўғон тарафдорларининг фикрига кўра у чор-начор, яъни тақия қилиш билан ўз сиёсатини олиб боришга мажбурдир. Шунинг учун ҳам у ўзини ва партиясини расман ислом тарафдори ва бизнинг мақсадимиз мамлакатда исломий тузум ўрнатиш, дея олмайди. Зеро, унинг сиёсатига қарши бўлганлар кўрпа остига яширинган, илк имкониятда заҳарини сочадиган илон кабидирлар. Қолаверса, дунёнинг бирор бурчагида мусулмонларга ўз фирқаларини тузиб, исломий жамият қуриш учун сиёсий кураш олиб боришнинг имкони ҳам йўқ. Яъни, иш мусулмонларга ва Ислом динига келганда демократия ва инсон ҳуқуқлари шиорлари ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади…

Бундан тахминан икки ой муқаддам Туркияга борганимда Бош Вазир Тоййиб Эрдўғон билан Истанбулдаги бир никоҳ маросимида кўришдик. У кўриниши ўзгармаган, худди илк учрашувимиздаги каби кулар юзли, мулойим ва камгап эди. Бош Вазирнинг сийрати ҳали унинг ташвишларининг камаймаганини кўрсатиб турарди. Эрдўғон никоҳда келиннинг гувоҳи сифатида иштирок этди ва оила қураётган ёшларга ваъз насиҳат қилди. У оиланинг аҳамияти ҳақида, ҳар бир оила камида 3 фарзандга эга бўлиш ҳақида гапирди. Келин-куёвга мурожаат қилар экан сизнинг вазифангиз ёш авлодни имон асосларига кўра тарбиялаш, бизнинг вазифамиз эса уларнинг динини, жонини, ақлини, мол-мулкини ва номусини қўриқлашдан иборатдир, деди…

Тўйга мен билан бирга келган биродарим паст овоз билан шундай деди:

-Хайриятки, бу тўйда лаик (секуляр) мухбирлар йўқ. Акс ҳолда улар Бош Вазирнинг бу сўзларини эртагаёқ бутун Туркияга эълон қилишган бўларди…

Маълум бўлгани каби инсонларнинг динини, жонини, ақлини, мол-мулкини ва номусини имон қоидаларига кўра қўриқлаш ислом ҳуқуқ тизимининг асосини ташкил қилади…

Эрдўғоннинг ушбу туйдаги сўзлари менга унинг 90 йилларда айтган бошқа гапини эслатди:

-Демократия биз учун бир трамвай кабидир. Биз ўзимиз истаган бекатда бу трамвайдан тушиб қоламиз…