Яратилган табиатни мезонини сақлаш ҳақида

Яратилган  табиатни мезонини сақлаш ҳақида
33 views
26 February 2012 - 20:51

”Денгизи қуриган халқ” деб ўтиргандан кўра, ”шўри қуриган халқ” деб кўя қолган маъкул эмасми? Халқнинг ”қуриган шўри” денгизнинг шўр сувидан кўра кенгроқ ва чуқурроқ мазмун касб этади, яъний, ”шўр”нинг Орол денгизи эгаллаган ҳудуддан анча каттароқ маконда ётганига ишора қилади.

Шундай бўлмаганида эди, ҳар ўтган-кетган бу халкни бир тепиб ўтмаган бўларди. Яқинда Норвегиянинг НРК-2 телевизион канали орқали Орол денгизининг қуриб битаётганига оид бир ҳужжатли филм намойиш этилди. Филмда айтилишича, Орол денгизи келажак 14 йил ичида бутунлай қуриб йўк бўлади. Филмда Орол фожеаси – рус-совет колониализмининг ваҳшиёна сиёсати натижаси эканлиги таъкидланади. Орол бўйида яшовчи аҳолининг оддий вакиллари, илгари балиқчилик билан шуғулланган кишилар қатори филмда совет даврида Балиқчилик министри лавозимида ишлаган рус миллатига мансуб бир киши ҳам бу экологик фожеага ўз муносабатини билдириб. интервю берган. Агар шу одамнинг интервюси бўлмаганда эди, бу гапларни ёзиб ўтирмасдим, зеро, Орол хақида керагидан ортиқ гапирилди-ки, амал билан боғланмаган бу сафсатабозликлар Орол фожеасини чакана бир мелодрамага айлантириб қўйди; шу қадар кўп гапирилдики, ҳеч ким бу фожеали воқеликни жиддий кабул килмай қўйди.

Хуллас, бу филмдаги муносабат билдиришга арзийдиган ягона жиҳат рус шовинистининг гапидир, бу шовинист эса, Орол ҳалокатига сабаб бўлган асосий омилни бу ерда яшаётган халқнинг қўй мижозлиги, аникроғи, балиқ мижозлиги билан изоҳлаб, шундай деди: ”Бу ердаги халқ ҳамма нарсага кўниб, балиқ каби жим туравергани туфайли шундай аҳволгача етиб келинди”. Бу – рус шовинистларининг анъанавий мушоҳада юритиш услубида айтилган бир гапдир. Бу гап худди советлар даврида ўзбекларга пахтани қўшиб ёзишга мажбур килиб, сўнгра бунинг учун яна уларнинг ўзини айблалаганлари ва бутун Совет империясига донғи кетган ”ўзбеклар иши” кампаниясини уюштирганлари сингари, ва шунингдек, ўзбек халқи маънавияти учун ҳалокатли бўлган ва ўзбек халқи қабул килишни истамаган худосизлик, ароқхўрлик, фохишабозлик “маданияти”ни халққа сингдириб, сўнгра ”биз сизга маданият олиб келдик”, дея писанда қилганлари сингари бир гапдир.

Русча мушохада юритиш анъанасига кўра, русларга ишониб уларнинг ортидан эргашган халк – ”қўй”, ёки ”балик”, уларга ишонмай исён қилган халқ эса, ”босмачи” ёки ”каллакесар”, улардан мустақил бўлган халқлар эса, ”душман” ёки жуда бўлмаганда, ”рақиб” деб қабул қилинади. Руслар ўз иддаоларини худди бир момоқалдироқ ва ёки шамол сингари табиий ва хаққоний деб, бошкаларнинг бу иддаоларига қарши чиқишларини эса, “овсарларнинг об-ҳавога карши чиқишлари” сифатида қабул қиладилар. Бу жиҳатдан, яъний, ”табиийлик” жиҳатдан русларга тенг келадиган бир халқ топилмаса керак – улар ўз иддаоларида худди узоқ Сибир ўрмонларида тентираб юрган қўнғир айиқ сингари самимий ва табиийдирлар.

Айиқдан хафа бўлиш майдакашликдай туюлиши мумкин, аммо гап шундаки, бу айиқ гапирувчи, устига-устак инсонларга таъна-дашном берувчи ва ҳатто пайт пойлаб, уларнинг ерларини ишғол этиш учун ҳозир бўлган бир айиқдир, модомики, шундай экан, унга жавоб бериш ҳам у қадар бемаънилик бўлмаса керак, деб ўйлаймиз…
Табиатнинг бундай “масъум” жонзотларига жавоб бериб туриш лозим, негаки, халкимизнинг яна юксалишига умидимиз бор, халқимизнинг умри Орол умридан узокроқ бўлишини Аллоҳдан тилаймиз. Халқимизнинг денгизи қуриди, аммо унинг “шўри қуриди”, дейишга тилимиз бормасин.

Мақсуд Бекжон, ЎХҲ Норвегия бўлими раиси