СУЮНЧИ

СУЮНЧИ
101 views
27 February 2012 - 15:26


(Укам Эргаш хотирасига)

Туш кўрдим ажойиб… Тушимда
Юрибман юртимда қандай бахт!
Уй солгани бор эмиш чеким…

Кўйлак шимда, дўппи бошимда,
Қурилишга бел боғлаб хушвақт,
Пойдевор қурябман бечиқим.

Берилган чек кичкина, шинам.
Хавлисидан оқмоқда анҳор,
Қабристонга қўшни ўнг томон.

Қандай бу туш айтчи дўстгинам,
Наҳот бизга келмоқда баҳор,
Зулмкорни даф этиб тамом?!

Марра яқин, чақмоқда чақин,
Суюнчи бер, яқин инқилоб!
Мустабидни битмоқда куни…

Қўзғалар халқ—қудратли оқин,
Гумдон бўлар оқ сарой қулаб,
Совурилиб кўкка кукуни!

Қабристонга чеким ёнма-ён…
Иншоаллоҳ қайтамиз юртга!
Фармони шу Олий Ҳакамнинг.

Тушларимнинг таъбири аён,
Гўр қазинглар менга ёнидан
Видолашмай кетган укамнинг.

Тоғбой Абдураззоқ

06/02/2012