Танланганларнинг сайловлари

Танланганларнинг сайловлари
143 views
06 March 2012 - 8:23

Сиёсий сайловлар халқнинг ўзи истаган кишиларни ва фирқаларни сайлаши учун ўтказилади, дея иддоа қилинади. Аммо бу қоида мутлақ эмаслиги дунёда ўтказилаётган кўпгина сайловларда ўз исботини топаётганга ўхшайди. Чунки бу сайловлардан кўпи танланганлар сайловига ўхшайди. Яъни, сайлов кўзбўямачилиги натижасида сайлов ўтган давлатлардан баъзиларида ҳамма нарса “эски ҳаммом, эски тос” шаклида қолди…

Ўтган йилги сайловлардан Туркиядаги парламент ва Норвегиядаги маҳаллий сайловлар ёдимда қолди. Туркияда Тоййиб Эрдўғон Раиси бўлган АКП (Адолат ва тараққиёт партияси) навбатдаги зафарга эришди. Фақат шу нарса маълумки бугуннинг Туркиясида сайловларда ғолиб чиққан партия тамоман ижтимоий сиёсий ғалабани қўлга киритди, деган маънони билдирмайди. Чунки бу мамлакатда сиёсатни ички ва ташқи парда орқасидан бошқариш удуми шаклланган. Бу пардаларни ички ва ташқи Эргоноконлар (давлат тўнтарувчилари) ҳам, дейишимиз мумкин. Бу маҳаллий ва хорижий “эргонокончиларни” эса фақат сайловларда ютиб бўлмайди. Бу мавзуга қизиққанларга қўшимча манба сифатида ушбу мақолани ўқишларини тавсия қиламан: (http://www.uzxalqharakati.com/archives/7959)

Норвегияда ўтган йили “тарихий” террор воқеаси кузатилганди. Андерс Брейвик деган қотил бир ҳамлада 76 ёш инсонни ўлдирди. Бу ҳодиса Норвегияни тиз чўктирганди. Худди ўтган йилги зилзила ва тцунами Япониянинг белини синдиргани каби. Норвегия сайловларида ўнг қанот радикал (миллатчи) партия ҳисобланадиган ФКП (ўзбекча тахминий таржимаси “Келажак Ишончи Партияси”) оғир мағлубият олди. Чунки террорист Брейвикнинг бу партияга алоқаси борлиги ҳақида миш- мишлар тарқаганди. Аммо бу Брейвик нишон олган чап қанотнинг кучли партиясига АП (Ишчи Партиясига) ғалаба келтирмади. Аксинча ФКП тарафдорлари ўзларига “дўст” бўлган ХП (Ўнг партия)ни қўллаб-қувватладилар. ХПнинг ФКПдан фарқи Норвегиядаги муҳожирларга очиқдан очиқ қарши чиқмаслигидир. Аммо айтиш мумкинки бу икки партиянинг тиллари айри бўлса ҳам диллари айнидир. Бунинг муқобилида сўл партиялар ижтимоий тенглик, шу жумладан муҳожирларга ҳам бетарафлик позициясида турадилар…

“Араб Баҳори” бошлагандан кейин Тунис ва Мисрда ҳам сайловлар бўлди. Бу мамлакатлари аҳолиси асосан мусулмонлардан иборат бўлгани учун ҳам уларда исломий қарашдаги партиялар зафар қозондилар. Кутилмаган нарса эса Мисрда салафийлар оқимига мансуб бўлганларнинг ўз фирқаларини тузиб, парламент сайловларида қатнашишлари эди. Бу мамлакатдаги сайлов жараёни бу йил ҳам давом этади. Олдинда Миср Давлат Раисини (Президенти) сайловлари бор…

Бу кунларда Русиядаги Президентлик ва Эрондаги парламент сайловлари дунё сиёсатининг кун тартибида турибди, дейишимиз мумкин. Кутилгандек (!) Владимир Путин яна президентликка “сайланди”. Путиннинг мухолифлари ва сайловда қатнашган халқаро кузатувчилар Русиядаги сайловларнинг одил ўтмаганлигини таъкидламоқдалар. Путин эса албатта бундай ўйламайди. У ўз ғалабасидан болакайлар каби севиниб кетди ва ҳатто севинч кўз ёшлари ҳам тўкди. Тўғри, у кейинчалик “Комсомольская правда” газетасига кучли шамолдан кўзларим ёшланди, деди. Аммо бунинг нима аҳамияти бор.

Моддапарастлик ва манфаатпарастлик устун бўлган сиёсатда самимият ва сиёсат бир биридан шу қадар узоқки…Бугунги Русия мафкурасизлик (эътиқодсизлик), ёлғон, порахўрлик ва ароқхўрлик батқоғига ботганлигини ҳамма яхши билади. Мана шу тўрт салбий ижтимоий сиёсий омил мавжуд экан, Русия ҳали бери ўзига келмаса керак…

Эронда навбатдаги парламент сайловлари ўтказилмоқда. Бу давлатда парламент масалан, Русиядаги каби салоҳиятларга эга эмасдир. Эрон сиёсий маънода Русияга ҳам, Туркияга ҳам, Мисрга ҳам, Саудия Арабистонига ҳам ўхшамайди. Эрон Ислом Давлати Конституциясига кўра мамлакат Раҳбар тарафидан бошқарилади. Ҳозирги кунда Раҳбар Оятуллоҳ Ҳамайнидир. Раҳбар ўз лавозимига 86 кишилик Маслаҳатчилар Кенгаши тарафидан сайланади. Бу Кенгаш умумхалқ сайлови йўли билан 8 йиллик муддатга сайланган вакиллардан ташкил топади. Раҳбар жуда катта салоҳиятларга эгадир. У мамлакатдаги умумий сиёсатни назорат қилади, Эрон Ҳарбий Қувватларининг Бош Қўмондони ҳисобланади, маҳкамаларнинг раисларини, давлат радио ва телевидение қўмиталарининг раисларини ва 12 аъзодан иборат бўлган Констуцияни Муҳофаза қилиш Қўмитасининг 6 аъзосини ўз лавозимига тайинлайди.

Маслаҳатчилар Кенгаши бир йилда бир марта бир ҳафта давомида сирли мажлис ўтказади. Бу Кенгаш Раҳбарни сайлаш ва уни ўз лавозимидан узоқлаштириш ҳуқуқига эгадир. Шу билан бирга мамакат Президентлигига, парламент аъзолига ва Констуцияни Муҳофаза қилиш Қўмитасига аъзо бўладиганларнинг номзодликлари мана шу Кенгаш тарафидан тасдиқланади.

Эрон Президенти ўз лавозимига 4 йиллик муддатга умумхалқ сайловида сайданади ва бир киши фақат икки марта бу лавозимга сайланиш ҳуқуқига эгадир. Президент Ижро ҳокимиятининг раҳбари ҳисоблансада, унинг фаолияти Раҳбар ва Эрон Мажлиси тарафидан қаттиқ назорат қилинади. Масалан, Ички Ишлар ва Мудофа Вазири бевосита Раҳбарнинг кўрсатмаси билан лавозимига тайинланади. Вазирларнинг номзодлари эса Эрон Мажлисида тасдиқланиши шартдир. Шу бирга Эрон Президенти мамлакатда Раҳбардан кейин энг эътиборли мансаб соҳиби ҳисобланади. Президентнинг вазифаси кундалик ижтимоий-сиёсий жараёнларга раҳбарлик қилишдан иборатдир.

Эрон Мажлиси (парламенти) 4 йилга умумхалқ сайловида сайланадиган 290 аъзодан иборатдир. Мажлис мамлакатнинг кундалик ҳаётига оид қарорлар қабул қилади, халқаро шартномаларни тасдиқлайди. Мажлис аъзолигига сайланадиган номзодлар ва Мажлис қабул қилган қарорлар Констуцияни Муҳофаза қилиш Қўмитаси тарафидан тасдиқланиши шартдир.
Констуцияни Муҳофаза қилиш Қўмитаси 12 аъзодан иборат бўлиб, улардан олтитасини Раҳбар ва яна олтитасини Мажлис лавозимларига сайлайди.Бу қўмитанинг асосий вазифаси Мажлис фаолиятларини назорат қилишдан, лозим кўрилганда унинг қарорларини вето қилишдан иборатдир.
Бу кунларда ўтаётган парламент сайловларида Раҳбар тарафдорларининг (яъни ўта муҳофазакорларнинг) Президент Аҳмадинажад тарафдорлари устидан ғалаба қилганлиги айтилмоқда. Шарҳловчилар ҳатто Аҳмадинажаднинг синглиси Парвин хонимнинг ўзлари туғилган вилоятда мағлубиятга учраганини Президентнинг сиёсий ҳаёти тугашига ишорат, дея баҳоламоқдалар. Хуллас, бу мамлакатда ҳам сайловлар олдинган белгиланган режага кўра амалга ошди, дейиш мумкин. (Қаранг:www.habervaktim.com
2012 йилда ўтказилиши мўлжалланган сайловлар орасида АҚШ ва Франциядаги Президентлик сайловларини эслатишимиз мумкин. Бизда сиёсатни адабиёт билан боғлаш удуми бор. Шунинг учун ҳам кутилаётган бу сайловларни Заҳриддин Муҳаммад Бобурнинг ушбу сатри билан изоҳласак ҳам бўлар: Ким кўрибди эй кўнгил, аҳли жаҳондин яхшилик…
Туркманистондаги Президентлик сайловини унутдингиз, дейсизми? Ҳа энди, унутилишга маҳкум бўлган нарсани эслаб ўтиришнинг нима фойдаси бор?

Намоз Нормўмин,
6 март 2012 йил.