Қўрқоқлик хасталиги ва унинг шифоси

Қўрқоқлик хасталиги ва унинг шифоси
91 views
08 March 2012 - 17:14

(Ўзбекистонда оммавий равишда тарқалаётган “Xалқ нидоси” ва “Қуролсиз кишининг озодлиги” фильмларини кўриш учун қўлланма)

Мазкур мақолани ёзилишига “Халқ нидоси” ва унга ўхшаган мухолиф фикрли фильмларнинг халқ орасида тарқалиш жараёнида ўртага чиққан психологик вазиятлар сабаб бўлди.

Бу фильмлар ёзилган дискларни бир-қанча мусулмон биродарларимиз олиб, фильмни қўрққанидан охиригача кўра олмай, ташлаб юборганлари, бошқа бирлари эса фильм нима ҳақида эканини билгач, бизга ёвқараш қилиб, дискни олмай, қўрқоқлик қилганларини кўриб, халқимиз ҳали ҳам ижтимоий жиҳатдан етишмаган норасидами, деган хаёлни туғдирди. Гарчанд мен ўзбекни ерга уриб, лаззатланадагин сохта “ватанпарвар”лардан эмасман.

Қўрқоқлик асли нима?

Нима учун ўзбекдаги бу иллат миллатнинг аянчли фожеасига айланди?

Қўрқоқлик оқибатида бу миллат номусидан жон-томиригача айрилаётгани, ёру-дўсти, аёли, ҳатто ўз қизлари учун туриб бера олмайдиган, ориятсиз халқ даражасига тушиб қолганлигига сабаб нима?

Нима учун ўзбекка “ўзбек – қўй” деса иккинчиси, гўё бу гап ўзига тегишли эмасдек, “ҳа, қўй” дейди?

Қўй” эканидан ҳеч орланмаслигининг сабаби нима? Қўрқоқлик хасталигини келтириб чиқарувчи сабабларни ўрганиб чиқайлик.

1. Генетик сабаб: Бу иллатнинг сўнгги даврий босқичи шўро ҳукумати оёққа мустаҳкам туриб олган ўтган асрнинг машъум 37-йилида бошланган.

Ўшанда миллатнинг жавҳарлари бўлган сиймоларни аёвсиз сотганимизда бошланиб, 1941 йил “Улуғ Ватан уруши” деб номланган давргача давом этган. Шўро даврини ёдга олсак. ”Ватан уруши”га аксарият халқлар, ҳусусан ўзбек халқи, ҳам кўнгиллилар қаторида фронтга кетишган дейилар эди.

Бунга чиппа-чин ишонганман. Чунки, масалан, актёр Хамза Умаров ёшини бир-неча йилга катталаштириб фронтга кетгани-ю, менинг амакимни фронтга олиш учун чақирув хати келганида, дадам харбий комиссариятга бориб “акамни оиласи фарзандлари бор, акамни ўрнига мен фронтга бораман” деганларини ўйлаб, ростдан миллатимизнинг аксарияти урушга кўнгиллилар қаторида кетишган деб билардим.

Афсуски, бундай бўлмаган экан. Яқинда тўқсон ёшга яқинлашиб қолган бир мўйсафид намозхон билан шу мавзуда суҳбатлашдим. Фронтга олиб кетиш учун харбийлар хонадонга келишса, фронтга кетиши керак бўлган норғул йигитлар ўрага тушиб яшириниб олишлари, бармоқ кесишлар, фронтдан қолиш учун жон талвасасида “брон” олишга уринишлар ўша даврда оммавий тус олган экан.

Бугунги кунимизга келиб, қўрқоқликнинг суяк суриш касали шу даражага етди-ки, қассоб қўрадаги қўйларни семизини танлаб, биттама-битта сўя бошлагани каби, бу қассоб хукумат бизни ҳам қўрадаги озғин-семиз қўйлар холига келтирди.

Ҳатто ўзини президент ҳисоблаб юрган қаллоб (самозванец)нинг афти-ангорида на раҳм, на бир нур, на бировга яхшиликни раво кўриш аломати йўқлигини билсак-да, миқ этмаймиз. Мамлакатни шу даража аянчли аҳволга солган бўлса-да, унга ҳамду-сано айтишдан ўзимизни тия олмаймиз.

Шоир айтганидек :

Тахтга яқин турса ялтоқ ва қўрқоқ
Бундай мамлакатга офат керакмас.

2-сабабТинчлик паранояси: “Мен тинчман… Куним бир нави ўтиб турибди… Бошқаси билан нима ишим бор?”, фалсафаси. Яъни худбинлик, ўзидан бошқага қайишмаслик.

3-сабаб. “Бу мустабид ўта ваҳший. Адолат талабида уюшиб, кўчага чиққанни автоматда қириб ташлайди”, деб юраксизлик қилиш.

4-сабаб. Умидсизлик, лоқайдлик, қатъиятсизлик. Чақув ва айғоқчилардан ҳайиқиш натижасида биқиқлашиш.

5-асосий сабаб. Эътиқодсизлик ёки иймоннинг ўта заифлиги.

Пайғамбаримиз Мухаммад с.а.в. айтган “учинчиси – ёмонликка ичингизда қаршилик қилинг, бу иймоннинг энг заифидир” деганларидан ҳам баттар заиф иймон.(бу ҳадис машҳур бўлгани учун тўлиқ келтирмадим) Чунки ҳозирги пайтда ёмонликка ҳатто ичимизда қаршилик кўрсатиш ҳақида ўйлаб кўришга ҳам қодир бўлмай қолганмиз. Нега-ки, биз аслимизни, Аллоҳ бизни бу дунёга келтиришидан асл муддао нима экалигини аллақачон унутиб қўйганмиз.

6 сабаб…

Майли… Шу ерда тўхтайлик… Ҳисоблайверсак саноқда адашамиз.

Қўрқоқликнинг зарарли оқибатлари

Миллат сифатида қадр-қиммат, ору-нафсоният мутлақо йўқолади;
Келажак авлод, фарзанди-зурриётлар адолат ҳақиқатгўйлик ёт бўлган юртда хорликда, қашшоқликда, мустабид ҳокимият сиқувида умрбод қолиб кетишини жуда яхши англаб турса-да, “на илож” деб бандасига қулликни ўзига ҳам зурриётларига ҳам раво кўради;
Золимни “худо” деб тан олиб, унга “иймон” келтириб қўйганини одам ўзи ҳам сезмай қолади;
Миллат тахқирланса-да золимни яна мақтаб жирканч аҳволда қолинади;
Яъни биз ўзбекларни қанча тепса,ўша тепган оёқни шунча иштаҳа билан ялаб, яна уни тотли эканини оламга ёямиз;
Асосийси ибодат-у, дуо-илтижолар қабул бўлмай, оқибат қиёматда Аллох ҳузурида шармисор бўлинади.

Қўрқоқликдан шифо топиш муолажалар мажмуи ва мазмуни

Аввало, ҳар бир киши ўзидаги бу хасталик қай даражада эканлигини ўзи учун хуфия тарзда ҳолисона аниқлаб олиши керак.

1.Чумчуқ пир этса, юраги шир этадиган ёки ичи шир кетадиган аширқўрқоқми?

2.Ёинки бу хукуматга қарши бўлиш кераклигини билади-ю, лекин атрофидагиларга ҳеч қачон ишонмай қаттиқ ҳадиксирайдими?

3.Хокимиятни қонунга хилоф равишда эгаллаб турган мустабид, маҳкумлар ва мазлумлар устидан чексиз жабр-зулми эзишидан қаттиқ нафратда-ю, лекин бирор куч буларни енгишига ишонмайдими? Ёки юрт ичида зулмга қарши пинҳон курашаётганларга қўшилиши беҳуда ўзини қурбон қилиш деб хисоблайдими?

Биринчи тоифа беморларни даволашдан наф йўқ. Чунки улар хасталикнинг оғир сурункали бедаво хилига йўлиқишган. Буни ҳавфли томони у ўта юқумли ҳамдир. Яъни булар қулликдан орланмайдиган келажаги йўқ, қуллик учун яратилган авомдир. Яхшиси, хасталикни бу даражасини СПИДга ўхшаб, юқтириб олмаслик учун профилактика мақсадида улардан етти маҳалла наридан айланиб ўтиш керак. (оббо-о! мутлақо соғ махаллани қайдан топамиз). Хуллас ўзимизни бу тоифа беморлардан эхтиёт қилишимиз керак.

Иккинчи тоифага ҳам бошқаларига ҳам биринчи навбатда шуни тавсия этамиз-ки, аввало Иймонимизни мустаҳкамлаш. Миллатимиз учун иймонни мустаҳкамловчи бугунги кундаги энг асосий омил – мустабидларга қаршилик қилиш туйғусини шакллантириш. Ҳозирги вазиятда золимлар халқнинг эркак жинс қисмини маънавий ахта қилишга минг уринишмасин, миллатимизда бу туйғу томир отмас экан; намозхон биродарларнинг бутун ибодат-у илтижолари мутлақо қабул бўлмаётган бўлиш хавфи борлигини чуқур ҳис этмоқ. Зулм ва золимлик дину-диёнатимизга ашадий душман эканини буткул англаш. Қўрқоқлигимизни ўзи динимизга душманлик эканини, мунофиқликдан ҳазар қилмаётганимизни англаш. Қўрқоқлиги учун ўзидан ҳазар қила билиш лаёқатини тиклаш ва бундан қутулиш учун чора ўйлаш (ҳеч бўлмаса,”Озодлик”,”Америка овози” ва шу каби радиостанцияларга интервью беришга руҳимиз етмаса-да, жуда бўлмаганда шуларни эшитиб туриш учун ўзда куч топа билиш) Кундалик тирикчилик юмушларини бажариш қанчалар зарур бўлса, қўрқоқлигимизга қарши курашиш шунчалар зарур эканини англаш. Ўз қўрқоқлигига қарши курашиш бу переспектив тирикчиликнинг (дориломон кунларда) энг афзал йўли ва ҳақиқатгўйлик қоидаси эканини билиш. Бу миллат учун фақат қўрқоқлигига қарши кураша олгангагина Аллоҳ розилигига эришиш мумкинлигини англаш.

Учинчи тоифадагилар учун: Бу тоифадагилар аввало турмуш ўртоқларига, фарзандларига, ака-укаларига анча кексайиб қолган бўлса набираларига, жиянларига мазкур режимга асосланган давлатда истиқомат қилиш фақат хўрлик ва фақат қуллик келтиришини тушунтириш. Кейинроқ эса буни синовдан ўтган ишончли қўшниларига, дўстларига, яқин танишлари, қудаларига (Йўқ… Қудалар тўғри келмайди.Ўзиники ҳам қўштирноқ ичидагиси ҳам) айтиш. ”Қирқ кун қирғин бўлса, ажали етган ўлади” нақлига амал қилишни ўрганиш. Қадар ва қазога шубха билан қарамаслик. Чин мусулмон ва ўзини адолатни севувчи деб билган киши асл иймон ҳаловатини, мутлоқ қалб хотиржамлигига эришишнинг ҳозирги вазиятда ягона йўли зулмга қарши курашиш учун уюшмоқликни чуқур англаб етиш. Очиқ курашиш мумкин эмас экан, маккор давлатимизга ўхшаб, унинг ўзига яраша йўл тутишимиз зарурлигини билиш. Шунчаки эмас шиддат билан жахд билан маънавий маънода буюк саҳобалар Хазрати Умар, Хазрати Али, Жаъфар, Зубайр, Талҳа каби бўлишга интилишни ўйлаб кўрмоқ. Тушкунликка берилмай, “ИАК кетса эшак келади” демай, “Аллоҳнинг айтгани бўлади, адолат қачондир, албатта тантана қилади“ деган кайфиятни шакллантириш.

Хулоса қиладиган бўлсак: Айнан шуларга амал қила билсаккина, Аллоҳ қўлларимизга “зулфиқор”ни тутқизади. Мард жасур эркаклик туйғуси албатта рухимизга қайтади. Башарият кўз ўнгида, муҳими келажак авлод олдида иштонига сузма халта қилган гудакка ўхшаб мўлтайиб эмас, ўзимизни Алп эркакдек тутишга ҳақли бўламиз. Асл эркаклик нашъасини ҳис эта оладиган бўламиз.

Сурхондарёлик Ғайрат.