МУНОСАБАТ. Нимадан бошламоқ керак?

Ўзбекистонда ноқонуний президент ва унинг ноқонуний амалдорлари бошқарувидан четлаштилганидан кейин, Муваққат ҳукумат хокимият тепасига келиши керак. Муваққат ҳукумат маълум муддат давлатни бошқаради. Президент сайловлари учун шароит яратади.

МУНОСАБАТ. Нимадан бошламоқ керак?
63 views
22 March 2012 - 7:29

 

ЯРАТИЛИШ

Ҳақ Субҳонаҳу ва Таоло, ўз иродаси билан, бир нуқтанинг қудратли портлатиши натижасида моддий массани, фазони ва вақтни яратди. Коинот ўз ўлчами билан ҳосил бўлди. Катта портлашнинг биринчи секундидаёқ, Оламдаги барча самовий жисмлар, одамзод ва барча махлуқотлар вужудининг асоси бўлмиш атомлар пайдо бўлди…
Нисбийлик назарияси яна шуни таъкидлайдики, катта портлашнинг биринчи секундидан то бугунги кунгача, яъни оламнинг яратилганлигидан буён 13 миллиард 700 миллион йил ўтибди. Инсоният тафаккури маҳсулига асосан, коинот бунёд бўлгандан кейин фазодаги материя вақт ўтиши билан кинетик энергиясини йўқотиб, потенциал энергияси ҳисобига яна бир нуқтада жамланиши керак эди. Коинот Аллоҳнинг яратган бошқа бир қонунига биноан, яна катта тезланиш билан кенгайяпти. Бора-бора, бетиним кенгайиш натижасида коинот сўнади ва яна йўқ бўлади. Бу куч, яъни кенгайиш кучи инсоният тафаккури чегарасидан ташқарида бўлиб, буни аниқлашга биз ожизмиз…
Муқаддас китобимиз Қуръони Каримнинг “Бақара” сурасининг “Оятул-Курсий” оятида шундай сўзлар келтирилган. Яъни: Одамлар, Унинг илмидан фақат У истаганча ўзлаштирадилар…” Демак, Аллоҳнинг буюргани тафаккурга сиғади. Аллоҳ яратувчидир. У Олий ва Буюкдир. Оллоҳ яратган махлуқотлари ичида одамни энг азиз ва мукаррам қилиб яратган. Аллоҳ яратган еру осмондаги барча нарсалар инсон учун яратилгандир …

ОДАМЗОД ТАШВИШИ

Икки одамнинг ўзаро яхши муносабати, бир-бирига бўлган ишончидан келиб чиқади. Ўзаро ишонч йўқ экан, муносабатлар ёмон томонга ўзгараверади. Одамзод жамоа бўлиб яшашга мослашган мавжудотдир. Ер юзида одамзод яратилганидан буён не-не жамоалар, эллатлар ва миллатлар хамда мамлакатлар ўтмади дейсиз. Исломгача бўлган барча давлатларда жаҳолат хукм сураверган эди. Биз тарихдан ҳайратланиб ўқиган ва Европаликларнинг ифтихори бўлган Рим давлати, қуллар мехнати эвазига гуллаб-яшнаганди. Одамлар бозорларда худди жониворлардек сотиларди. Янада фожиалироғи, қул, қулларнинг мавжудлиги эмас, балки уларни бир-бирларига ўлдиртириш ўйинларини ташкил қилишиб, ундан завқланиб ҳордиқ чиқарганлари эди.
Жоҳилият даврларида инсон ҳаёти қадрланмаган. Шунинг учун ҳам инсон бутун тарихи давомида, жамиятда адолат излавчи бўлиб қолаверган.
Яратувчи – Аллоҳ Ўзи билан инсонлар орасида воситачини, яъни пайғамбарларни юбориб турган. Одамларга пайғамбарлар орқали Ҳақни танишга имкон берилган.
Бундан 2000 минг йилча аввал Ийсо(а.с) таваллуд топдилар. Ийсо(а.с) исмига боғланган бир уйдурма дин миллоднинг 400-чи йилларида Европада давлат дини сифатида қарор топди. Шунга қарамасдан, фақат 17-18 асрларда Европада тикланиш жараёни бошланди. Фан равнақ топди. Шу даврларда Англия, Германияда машина даври бошланди. Англияда ихтиро қилинган буғ машинаси инсонларнинг оғирини енгил қилди, уларнинг фикрлашини ўзгартирди. Кўплаб истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқарила бошланди. Лекин …жамиятда адолат муаммоси ўз долзарблигича қолаверди. Носроний қавмларини биз мусулмонлар адашганлар деймиз. Ичкиликбозлик хамда фоҳишабозлик ғарбликларни маънавий-аҳлоқий тушкунлик гирдобига олиб келди ва шу йўлда кетаяптилар. Бу ҳодиса ўз навбатида ғарбни молиявий ва иқтисодий инқирозга ҳам дучор қилиб турибди. Бу инқирознинг битишга, ўнгланишга қараб кетишини эмас балки, унинг баттарлашаётгани, чуқурлашаётганини кўриб турибмиз. Европа демократиясининг чириётгани ҳам аниқ…
Осиё ҳалқларининг катта бир қисми худосизлар бўлиб, уларнинг бошқа қисмлари бутларга, санамларга сиғинадилар. Шунга қарамасдан, Хитой ва Ҳиндистонда фан ва технологиянинг замонавий ютуқларидан унумли фойдаланиб, катта иқтисодий ютуқларга эришаяптилар. Бу ютуқлар ҳам жамиятдаги мавжуд ташвишлар муаммосини тубдан еча олмаяпти. Мазкур мамлакатларнинг бир муддат иқтисодий гуллаб-яшнашига мен шахсан ишонаман. Лекин… БИР КУН келиб, бутпарастлар мамлакатида ҳам худди ғарбдагидек, маънавий ва иқтисодий инқироз рўй бериши муқаррар. Уларнинг бу иқтисодий ютуқлари тагидан дарз кетган кемага ўхшайди ва у аста-секин чўка бошлайди…

ҲАҚ ЙЎЛ!

Бундан 15 аср муқаддам, оламнинг энг Улуғ инсони, одоб ва эътиқодида мислсиз, комил иймон соҳиби Сарвари коинот, ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) таваллуд топдилар. Шу санадан бошлаб, жаҳолат зулматидаги бу дунёни Ислом нури ёрита бошлади. Ислом Таълимоти юзага келиб, у одамнинг азиз ва мукаррам этиб яратилганлигига гувоҳлик берди. Ҳар бир инсоннинг мукаррамлик мақомига эришиши учун аниқ йўл кўрсатилди. Исломий руҳда тарбияланган ҳар бир одамнинг яхшилик сари интилиши исбот талаб қилинмайдиган бир ҳолдир. Ислом тарқала бошлаган мамлакатларда ижтимоий қиёфа тубдан ўзгара бошлади. Исломгача араб қабилалари жаҳолият даврини бошдан кечираётган халқлардан ташкил топган бўлиб, жуда тарқоқ ҳолда яшашардилар.
Қуръони Карим суралари бирин-кетин нозил бўлди. Унда ифодаланган Худонинг гўзал сифатлари ва уларнинг ифодаланиш тарзи-усули ўша даврдаги шеърият аҳлини ҳам ҳайратга солган эди. Исломиятнинг тарқалиши давомида ҳақиқий маърифат юзага келди. Исломда, яҳудийлар ва насронийлар томонидан динда йўл қўйилган хато-камчиликларга барҳам берилди.
Исломий илм омма онгида жуда тез ва чуқур из қолдирди. Оқибатида атиги бир 50-60 йиллар ичида, жаҳолатда яшаган қолоқ араб қавмларидан етук сиёсатчилар, илм аҳли ва зиёлилар вужудга келди. Аввало Араб ярим оролидан чиқишган мусулмонлар Ислом ғоясини дунёга тарқатган бўлсалар, кейинчалик эса турклардан иймонга келганлар ҳам Исломнинг дунёга тарқалишида хизмат кўрсатдилар. Бу борада бизнинг аждодларимизнинг ҳизматлари ҳам бениҳоядир. Ислом маданияти Испаниядан тортиб то буюк Хитой деворигача, Волга бўйларидан тортиб, то Африка шимолигача бўлган ҳудудда барқарорлик касб этди. Ислом ёйилган юртларда маданият ва маданий савдо-сотиқ ривожланди. Давлат ва уни бошқариш инфраструктураси пайдо бўлди. Маърифат системаси, жамият онги даражасининг кўтарилишига сабаб бўлди.
Кўплаб китоблар ёзилди. Китобга бўлган эҳтиёж кўпайди. Китоблардан нусхалар кўчиришга эҳтиёж туғилди. Хаттотлик касби пайдо бўлди ва ривожланди. Бу касб айниқса ҳотин-қизлар орасида кенг тарқалди. Қоғоз ишлабчиқаришга эҳтиёж ортди. Айниқса, Ўрта Осиё қоғоз усталари (Варрақилар) кўплаб қоғоз ишлаб чиқара бошладилар. Бу маҳсулотлар ва варрақилик касби мусулмонлар яшайдиган юртларга ёйилди. Мусулмонлар орасида иқтисод гуркираб ривожлана бошлади.
Жамиятда тартиб-интизом ва қозият, адлия тизимлари ва усуллари пайдо бўлди. Қозилар шариат қоидалари асосида иш кўрадиган бўлдилар.
Ҳунармандчилик ривож топди. Тўқимачилик ҳунарининг ривожланиши мусулмонлар яшайдиган мамлакатларда алоҳида аҳамиятга эга бўлгани тарихий фактдир. “Буюк Ипак Йўли”нинг аҳамияти янада кўтарилишида мусулмонларнинг ва шу жумладан, бизнинг мусумон аждодларимизнинг ҳиссалари жуда каттадир.
8-15 асрлар Ислом маданияти кенг тарқалиши билан баровар илм-фаннинг ривожида ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Бу даврда диний илмлар қаторида дунёвий фанлар ҳам анча ривожланди. Боғдодда ва Урганчда олимлар уйи (бизнинг замонимизнинг фанлар академиясига ўхшаш) ташкил бўлди. Бу илм уйларида, дунё олимлари биргаликда илмий-тадқиқот ишлари олиб боришган эдилар.
Бугунги ишлабчиқариш технологияси ривожланган замонда, кўпгина фундаментал фанларнинг асосчилари мусулмон алломалари эканлигини, дунё фахр билан тилга олаётгани ҳам бир фактдир.
Дунёнинг шу қадар тез юксалишида яна бир омил, сабаб ҳам бор. Бу никоҳ ва умуман ҳаромдан ҳалолни ажратиш масаласидир. Қуръони карим олам тузилишини ва унинг мазмунини ўрганишда буюк қўлланма бўлса, Шариат эса, ҳаромдан ҳалолни ажратишдаги фундаментал қўлланмадир. Ҳеч бир мамлакатнинг аҳлоқий ва ҳуқуқий кодекси, шариатда кўрсатилган ахлоқий хусусиятларга тенглаша олмайди. Дунё аҳли учун Ислом, ҳақ йўл эканини тарихнинг ўзи кўрсатиб турибди….
Одамий эрсанг демагил одамий,
Онинг ким йўқ, ҳалқ ва дин ғамидан ғамий, дейди улуғ донишманд шоир ва давлат арбоби ҳазрати Мир Алишер Навоий…
Қадимда ҳам, ҳозир ҳам тахт тепасига ҳалқ ва дин ғамидин ғами бўлмайдиган ҳукмдорлар келгани боис мамлакатлар тинмай кетма-кет иқтисодий ва сиёсий инқирозларга учраб турди. Чунки Ислом таълимоти, жамиятнинг асосий яшаш қонуниятига айлантирилмаган эди. Бизнинг улуғ диёримизда ҳам кўпгина подшоҳликлар, коммунист(динсиз)лар даври ҳукмрон бўлиб, Ислом ва Шариатга мос ҳаёт тарзи ўрнатилмаган ёки шариатга чала, пала-партиш амал қилиниб келган даврлар анчагина бўлди. Бугун Каримовнинг зулми оқибатида Ислом таълимоти жамиятимиз ҳаёт тарзига айлана олмай турибди …

НИМАДАН БОШЛАМОҚ КЕРАК?!

Ўзбекистонда ноқонуний президент ва унинг ноқонуний амалдорлари ҳокимиятдан четлаштилганидан кейин Муваққат ҳукумат тузилиб, у маълум муддат давлатни бошқариб туриши керак бўлади. Бу муваққат ҳукуматнинг асосий вазифаларидан бири, Президент сайловларини ўткказиш учун шарту шароитлар тайёрлашдан иборат бўлиши лозим. Кейин эса, ҳаққоний демократик сайловлар ўтқазилишини ташкил қилиши керак. Бизнинг фикримизча, аввал мамлакатнинг Преизиденти сайланиб, иккинчи навбатда Паламент(хозир бизда Олий Мажлис)га сайловлар ўтказилса маъқул бўлади.
Менинг ўйлашимча мамлакатимиз Президенти иймонли, эътиқодли, бирор дунёвий фанларнинг бирор соҳасида мутахассис, етарли даражада сиёсий тажрибаси бор, фазилатли инсон бўлиши лозимдир. (Масалан, мен, Ўзбекистонда келажакда ўтказиладиган президент сайловларида Муҳаммад Солиҳ номзодини қўллаб овоз берган бўлардим .)
Ҳалқ ишончини оқлаш жуда қийин иш. Ҳалқ бугунги кунни кечагидан яхшироқ кечиришни истайди. Амалда ҳам шундай бўлиши лозим. Шу сабабли мамлакат иқтисодини тиклаш фавқулодда программаси ишлаб чиқарилиши керак. Мамлакатда фавқулодда амалга оширилиши зарур бўлган амалларнинг айримлари менимча қуйидагилар бўлиши зарур:
– Кадрларни танлаш ва уларни таёрлашни йўлга қўйишга эътибор қаратиш. – Четда ишлаб уйига валюта жўнатаётган ватандошлар, ҳалқимизнинг бугунги ночор иқтисодий аҳволига оро кирмоқдалар. Улардан келиб тушган валютанинг бир қисми, бозорларда сотилиши натижасида айланма капитал ҳосил бўлмоқда. Бозоримизни тўлдириб турган Хитой истеъмол моллари айнан шу айланма капитал эвазигадир. Шунинг учун, Ўзбекистоннинг янги хукумати чет элларда ишлаб юрган ватандошларимиз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида,
– Юртдошларимиз ишлайдиган ҳар бир мамлакат билан алоҳида-алоҳида махсус шартномалар тузилиши керак. Жумладан, шартномаларда ватандошларимизнинг ўша мамлакатларда олиши мумкин бўлган минимал иш ҳақи миқдори белгилаб қўйилиши шарт. Чет элларда ишлашни хоҳлаётган фуқароларимизнинг ишга жойлашадиган мамлакатга етиб олиши ва ишга жойлашишгача бўлган бошқа сарф-ҳаражатларини Ўзбекистон хукумати ўз зиммасига олиши лозим.
– Мамлакатда эса зудлик билан замонавий иш ўринларини барпо қилиш учун барча имкониятларни ишга солиш керак. Замонавий иш ўринлари кўпайган сари, ишчи кучининг четга оқими камаяди …

КИЧИК БИЗНЕС ВА ТАДБИРКОРЛИККА БЎЛГАН ТЎСИҚЛАРНИ ТУГАТИШ

– Ҳалқнинг истеъмол молларга бўлган талабини тўла қондириш мақсадида реал иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш, жумладан, кичик бизнес ва тадбиркорликка бўлган бюрократик тўсиқларни тугатиш лозимдир.
– Вилоят Марказларида ва Тошкент шаҳрида кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи Бизнес Марказлар (БМ) ташкил қилиниши керак,- Бизнес Марказлар дунё тажрибасидан келиб чиқиб, ҳалқимиз талабларига мувофиқ ҳар ҳил истеъмол моллари ишлабчиқарувчи корхоналар лойиҳаларига эга бўлишлари лозим,
– Кичик корхоналарда иш юритишни ҳоҳловчилар, конкурс асосида танланиши керак. Танланган шаҳс, ишлабчиқариладиган маҳсулот соҳасида тажриба ва билимга эга бўлиши шарт. Шу билан бирга, иймон-эътиқодига ҳам қаралиши керак деб ҳисоблайман.
– Иш юритувчи (Директор) шаҳс ва мутаҳассисларнинг малака оширишлари, иш юритишнинг бошланғич босқичида Бизнес Марказ ҳисобидан ташкил қилиниши лозим.
– Лойиҳага конкурс ғолиби Директор қилиб тайинланади. Лойиҳанинг амалга оширилиши Бизнес Марказ томонидан молиялаштирилиши мақадга мувофиқ кўрилади. Кичик корхоналарнинг хўжалик фаолияти тегишли идоралар томонидан тасдиқланади ва назорат қилиниши лозим бўлади.
– Бизнес Марказ иш фаолияти давлат жамғарма ва ривожланиш фонди ҳисобидан амалга оширилиши керак. Маълум муддатдан кейин, Бизнес Марказ ўзининг иш фаолиятини ҳўжалик ҳисобига ўтқазиши мумкин.
(Давоми бор..)

Нуриддин Жуманиёзов,
Ўзбекистон “ЭРК” Демократик партиясининг аъзоси