АЁЛ ЎЙНАТИШ МАДАНИЯТМИ?

АЁЛ ЎЙНАТИШ МАДАНИЯТМИ?
74 views
22 March 2012 - 11:06

Ассалому алайкум ҳурматли таҳририят!

Ўйлаб-ўйлаб бу мактубни сизга ёзишга қарор қилдим. Тўғрисини айтсам бу қарорга дарров кела олмадим. Кимга юборай бу мактубни? Сиздан бошқа яна кимга юборай? Демократларнинг сайтларига юборсам ҳам бўлаверарди. Аммо улар бу мавзуни тушунмайдилар. Улар ўзлари аёл ўйнатиб маза қиладиган тоифалар. Улардан бирининг саҳифасига кириб кўнглим айниди. Ўзи ўртада ўтирибди, атрофида қизлари ярим –яланғоч…Исломий саҳифаларга берсаммикин, дедим. Аммо улар ҳам кундалик ҳаётдан узоқ панд-насиҳатлар билан машғуллар. Бундай мавзуни уларга узатсам ноқулай бўлармикин…Ким билади қандай тушунишади? Сизларга жўнатишга ҳам юрагим безиллаб турибди. Биламан, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ўрта йўлни танлаган. Сизларнинг қизу аёлларни ўйнатиб, “ором” олишларингизга ишонмасамда, аммо сизлар халқнинг овозига муҳтожсизлар. Халқнинг кўпчилиги эса қизу аёлларни ўйнатиб, ором олишни яхши кўради. Сизлар бу мактубни оммага маълум қилсангизлар бу жоҳил инсонлар сиздан юз ўгиришлари мумкин. Сизлар эса ўлиб-тирилиб халқни ўз орқаларингиздан эргаштирмоқчисизлар…

Хуллас, мавзу қизлар ва аёлларнини ўйнатиб, маза қилиш мавзуси. Ҳатто эркаклар ва аёлларнинг елкама елка бўлиб, рақсга тушишлари. Бу қандай маданият, бунинг нимаси маданият?! Бу манзарани Ўзбекистонда ҳар куни кўришингиз мумкин. Шундай телевизорнинг қулоғини бурасангиз, туппа тузук кийинган ёш ёки ўрта ёшдаги ва ҳатто ёши олтмишларга бориб қолган эркак кишининг ҳиргойи қилаётганини, саҳнада эса бир нозаниннинг рақсга тушаётганини кўрасиз…Айниқса бугун халқнинг наврўз байрами! Инсонлар майдонларда тўпланиб, юзларча, мингларча киши келиб, куй-қўшиқ қилиб, ўнларча қизу аёлни ўртага солиб ўйнатади. Шу маданиятми, шу тараққиётми? Мен шахсан тупурдим бундай маданиятга ҳам,тараққиётга ҳам!

Элнинг тўйини қизитадиган отарчиларни ва уларнинг раққосаларидан нафрат қиламан. Қарасанг, дуппа дуруст одам, аммо ўртага чиқдими бошланади тамошо…Қўшиқ деб айтиладиган бақир-чақир, ўртада дикиллаётган нозанин.. Бироздан кейин-эркак аёл ўрнидан туриб, елкама елка бўлиб, рақсга туша бошлайдилар. Бу нима деган гап? Бу “маданият”, бу “ тараққиёт” қачон кириб келган бизга?. Ҳар ҳолда советлар даврида бўлса керак? Мен ҳали ўттизга кирмадим. Советларнинг даврида кўп яшамаганман, у пайтлар бола бўлганман. Лаънат бўлсин шу советларга агар халқимизга мана шу маданиятни улар армуғон қилган бўлса!!!

Нима эмиш, “Лазги” эмиш! Халқнинг энг севган қўшиғи, энг севган рақси эмиш! Лазги эмас, “мазги” бу! Яъни, ақлсизлик ва жинниликдан бошқа нарса эмас бу иш! Ҳой тўхтатинглар шуни, дея бақиргим келади. Аммо машҳур ёзувчимиз айгандай қабристонда ёрдам чақириб, қилинган дод-войни ким ҳам эшитар эди…

Нима халқ ўйнаб-кулмасинми, дейдиганлар албатта топилади. Ҳа, дунё энди мотамхона эмаску, элнинг ҳам шоду хуррам бўлгиси келади-да! Майли, қувонайлик, ўйнаб-кулайлик. Туйларда кураш, кўпкари, югуриш, дорбозлик ва шунга ўхшаш мусобақалар бўлсин. Аёллар ҳам узоқроқ, баландроқ жойдан томоша қилсин бу курашчиларни. Айтишларича, пайғамбаримиз (сав) байрам кунлари аёлларга доира чалиб, хиргойи қилишга рухсат берган эканлар. Агар шу гап ҳақиқат бўлса, майли улар ҳам уйнинг тўрида тўпланиб, доира чалиб, кўнгил очишсин…Аммо эркакларнинг улар орасига кириб, “Лаълихон ҳайда қўйингни боқаман”, дея бақиришига албатта ҳожат бўлмаса керак…

Бугун бозор иқтисодими, мозор иқтисодими, деган ажойиб даврлар бошланди. Пул бўлса, ҳамма нарсани қилса бўлади бугун. Мен эса шу инсонларга ҳайронман: ҳамма пулни яхши кўради, ҳеч ким пулини бировга бергиси келмайди. Пул масаласида хасислик қиладиган шу инсонлар, нега ор масаласида шунчалик ҳассосият кўрсатмайдилар? Эй инсон пулингни қизғанасану, қизу аёлингни нега қизғанмайсан? Нега уларнинг бегоналарнинг кўз ўнгида дикиллаб ўйнашига рози бўласан?

Ҳамма бало биз эркакларда, деб ўйлайман. Ахир, шу “нозанинларни” ўйнатиб, ҳатто уларнинг ёнида улардан ўтиб, тошкентчасига айтганда “қичуқ” билан рақсга тушаётганлар ҳам эркак шаклидаги даюслар эмасми? Аммо шу гапим ботиб кетди, шекилли. Нима қилай, игнани ботирмасанг, баъзиларга гап тушунтириш қийин бу замонларда…

Хуллас, шу қизу аёл ўйнатиш “маданиятига” мен қаршиман. Истасаган демократия, сўз эркинлиги десин, истаган Ислом фундаменталисти, радикал, ана боринг террорист, десин. Мен ҳеч кимнинг бурнини қонатганим йўқ. Ҳеч кимнинг исмини айтиб ҳақорат ҳам қилаётганим йўқ. Мен қаршиман шу ишга. Инсонлар нима деса деяверсинлар….

Ҳурмат билан фарғоналик Ҳошимжон