Эл бўлинг, ўзбеклар! (аудио)

Эл бўлинг, ўзбеклар! (аудио)
62 views
24 March 2012 - 11:38

[soundcloud id=’40788936′]

 

Ўзбекистонда нима ўзгаришлар бўлади ва мамлакат тараққиётнинг қайси йўлини танлайди? Сиёсий ўзгаришларчи. Улар содир бўлармикан? Жумбоқлик Ўзбекистонимизнинг жумбоқ президенти Ислом Каримов яна бир янги найрангни бошлаган кўринади. У жуда талтайиб кетган ва уни бунчалар талтайтириб юборган аслида Ўзбекистон халқидир. Ҳар қачон бўлсин, “катталар билади” дея ўз фикрини айтишдан ҳам қўрқадиган, ана ўша катталарга хуш ёқишни кўзлаб лаганбардорликдай жирканч бир туйғуни ўзига ошно қиладиган қора халқимиз бугунги муаммолар учун замин яратиб берган эди. 2007 йилда Ислом Каримов етти йиллик муддатга президент этиб сайланди. Аниқроғи, у ўз ўзини тайинлади. Буни қарангки, у кишининг бу қарорини ҳам мақтаб мамлакат келажагини кўзлаб қилинаётган олий мақом иш дея итялоғини ялаганлар, тағин ҳам худди шундай йўл тутиб у кишининг бу қарорини ҳам қўллаб чиқишди. Ҳа, бизнинг оқил ва доно деб аталадиган раҳбаримиз, аслида нодон эканлигини ўзи ҳам билади. Бошқалар ҳам, лекин бу нодоннинг нодонлигини айтиш ўзбеклар учун гуноҳи азимдир.

Тўғри, бир пайтлар кимлардир айтишганди ҳам, уларнинг қай бирилари раҳматлик бўлиб кетишди, яна қайсиларидир чет элга қочиб жон сақлади ва тағин айримлари қамоқхоналарда ўлимларини кутиб яшашмоқда. Чунки улар учун озодлик йўқ! Чунки улар шундай “марҳаматлик”, “узоқни кўзлаб оқил ва доно” сиёсат олиб борувчи юртбошимизни ҳурмат қилмаганлар! Тамом, вассалом! Ўзбекистон – бу демократик мамлакат дегани эмас, гарчи конституциясида унинг демократик эканлиги қайд этилган бўлса ҳам. Лекин юртбошига ҳам қийин бўлди. Бир мисқол бўлсин обрўси қолмади! Энди эса бемалол, оёқни чўзиб ўлишни ва ўлганидан сўнг ҳам обрў-эътиборлик бўлишни орзу қилиб қолган бўлса ҳам керак. Йўқ! Унинг номи Ўзбекистон таърихига киради албатта, лекин кирганида ҳам унда Пиночет, Полпот, Гитлер сингари қаттоллардек из қолдирадиган шахс бўлди.

Таърихда ўз номини қолдиришни истаганлар кўп бўлишган албатта, яхши ном қолдирганлар ҳам бўлгани каби, ёмон отлиқ бўлганлар ҳам талайгина. Масалан, қадимги Юнонистонда номини таърихда қолдиришни истаган Герострат ибодатхонага ўт қўйган экан. Ислом Абдуғаниевич эса халқнинг уйини куйдириш, давлатни ҳам, миллатни ҳам хонавайрон қилиш билан таърихга кирадиган шахс бўлди. Дунёда биттагина бўлсин, ўзбек яшаркан, у Ислом Каримов номини лаънат билан ёдга оладиган бўлади.

Яна бир қизиқарлик ҳолат, қайсидир бир оилада учта эгизак ўғил туғилиб қолса уларга Ислом, Абдуғани ва Карим деб исм бериш одатга айланганди. У болакайлардаку айб йўқ, айб уларнинг лаганбардор оталарида. Хўш, булар нима қилишаяпти экан энди? Балки болаларининг исмларни ўзгаритиришар, фақат ҳозир эмас, янги ҳукмдор келганидан сўнг.

“Оқил” ва “доно” президентимиз куни кеча яна бир янги қарорга келибти. Аслида мамлакат парламентининг қарори деб расмийлаштирилган бу қарорга мувофиқ Ўзбекистон президенти сайловлари санаси 2014 йил декабридан 2015 йилнинг биринчи ярмига кўчирилибти. Парламентдаги қонунчиларнинг иддао қилишларича, ушбу қарор президент сайловларининг парламент сайловлари билан тўқнаш келмаслиги учун ва сиёсий партияларга сайловларга тайёргарлик кўриш учун кўпроқ вақт беришдек олийжаноб бир мақсадни кўзлаб қилинган эмиш. Ола, йигирма йилдан бери ҳар икки сайловнинг тўқнаш келгани бировни безовта қилмаганди, энди ўзгартириш қилиш керак бўлиб қолдимикин?
Президент Каримов 2010 йил ноябрь ойида Конституцияга парламентга кўпроқ ваколатлар беришни назарда тутувчи ўзгартиришларни таклиф этганди ва унинг таклифи парламент томонидан маъқулланганди ҳам. Гарчи, Франс-пресс ахборот агентлигига маълумот берган Ўзбекистон парламенти Сенатининг Қонунчилик палатаси раиси Светлана Ортиқова “сиёсий партиялар президентликка номзодларни илгари суришади, шунинг учун президентлик сайловларини парламент сайловларидан кейин ўтказиш мақсадга мувофиқдир”, деган бўлсада, аслида мақсад Каримовга ўринбосар бўлган меросхўрни эл орасида меҳрибон зотга айлантириш учун мўлжалланган тадбирдир. Шу йил давомида диктаторнинг катта қизи мингта никоҳ тўйлари ва мингта суннат тўйларини ўтказиб бериши ҳақида хабарлар тарқалди. Демак, Ислом Карим жаноблари ҳокимиятдан кетса, ўрнига қизи келиши аниқ ва аён. Агар шунда ҳам қандайдир бир инқилобий ўзгариш бўлиб қолмаса.
Ҳукмдоримиз Андижон хунрезлигидан сўнг бирор марта бўлсин хорижий журналистларга кўриниш бермади. Унинг ёлғончилиги азал-азалдан аён бўлсада, умрида бир бор бўлсин рост гапирганини кўрганлар бормикин? Ислом Каримовнинг бошлаётган янги авантюраси қизини ҳокимиятга келтириш учундир. Энди уни ҳокимиятга келишига йўл бериш, ёки бу жиноятчи режимни улоқтириб ташлаш ўзбеклармизга ҳавола. Яна ҳам аниқроғи, ўзбекистондаги ўзбекларимизга ҳавола. Агар миллат мана шу алфозда пашша қўриб ўтираверса, бошини бириктириб диктатор найрангларига қарши курашга отланмаса, келгусида Гулнора Каримованинг ҳукронлиги остида яшашга мажбур бўлади. Бриллиант ва бошқа қимматбаҳо тақинчоқларга ўч Гулнорадан Ўзбекистон халқига нима етишини эса келажак кўрсатади.
Ўзбеклар, аммамнинг бузоғига ўхшамай эркин инсондек фикр қилинг ва режимга қарши курашга чиқганлар сафига киринг! Сизга бошқа йўл йўқ. Агар қўрқоқлик қилиб, тағин ҳам ўзи бўлар йўлни танласангиз, токи қиёматгача бошингиз мардикорликдан чиқмай қолади. Эл бўлинг ўзбеклар! Эл бўлинг!

Тўлқин Қораев
Швеция